Баҳорнинг сўнгги қўшиғи

Баҳорнинг сўнгги қўшиғи
24 views
27 October 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

БАҲОРНИНГ СЎНГГИ ҚЎШИҒИ

Ям-яшил ўйларга толиб кетаман,
Хазон бўлмай ҳар йил ғолиб кетаман.

Гарчи менга андуҳ буткул бегона,
Лоқайдлардан нолиб-нолиб кетаман.

Умидворман, бир кун мен уларни ҳам
Муҳаббат дардига чалиб кетаман.

Борлиқ бериб турсин, ҳар бир юракка
Минг-минглаб мўъжиза солиб кетаман.

Мени бир ўйлаб кўр зерикканингда,
Олис-олисларга олиб кетаман.

Ўтиб кетади деб ким айтди мени,
Сенинг юрагингда қолиб кетаман.