Бебод кўринар

Бебод кўринар
37 views
28 October 2018 - 6:00

 

МАХДУМҚУЛИ

     

БЕБОД КЎРИНАР

Ёронлар, фоний дунёнинг
Охири бебод кўринар!
Жон қушига тузоқ қурган,
Шум фалак сайёд кўринар.

Риёсига бўлсанг, ўтин,
Бошинг кесар бўғин-бўғин,
Кўр, лўли дунё дўстлигин,
Кундан-кунга ёт кўринар.

Етдим, деган ҳар васлатинг,
Охирида, дардисаринг,
Ўғил-қизсиз бандаларнинг,
Юрти йўқ, барбод кўринар.

Кулса ҳар йигит иқболи,
Кун-кундан ортар камоли,
Мард йигитнинг паст аёли,
Жонина жаллод кўринар.

Яхши ёрнинг феъли ҳикмат,
Кирганда қўйнина жаннат,
Дидсизга йўқдир, марҳамат,
Ҳар қиз паризод кўринар.

Лабинда шакари-қанди,
Гўёки ҳаммалар банди,
Қора қарғанинг фарзанди,
Кўзига суврат кўринар.

Ҳар нарсада бор хатари,
Хатар йигитнинг мадори,
Бир гадонинг чўлоқ хари (эшак),
Миниб, чопса, от кўринар.

Устознинг ҳар сўзи бир дарс,
Устоз кўрган камлик туймас,
Таълим олмаган ботил кас,
Чув тушар, ғурбат кўринар.

Маҳдумқули, дер, ҳар дамда,
Бутун умидим Карамда,
Нуқсон кечган ҳар имонда,
Олдинда, мурод кўринар.

*****

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди