АЭС барпо этиладиган жой яна ўзгарди…

АЭС барпо этиладиган жой яна ўзгарди…
30 views
22 October 2018 - 8:00

Фақат кулманг, лекин АЭС барпо этиладиган жой яна ўзгарди:

Эслатиб ўтаман, олдин АЭСни Навоий вилоятининг ҳудудида қуришмоқчи эди, сўнг Айдаркўл деб аниқлик киритишди. Вақт ўтгач Ўзбекенерго идорасининг вакили, АЭС учун жой қидирилмоқда, балки Фарғона вилоятида, балки Қашқадарё вилоятида, балки Бухоро вилоятида, балки Навоий вилоятида, балки Тошкент вилоятида АЭС қурилади ва тўрт йил ичида қурилади деб расман баён қилди.

Вақт ўтди, жимлик, сўнг жимликни президентнинг ўзи бузди ва АЭС 8-10 йил қурилади деб, олдинги «энергетикнинг» гапига қўшимча қилди. Яна озгина вақтдан сўнг эса АЭС Навоий билан Бухоро ўртасида, Тудакўл ёнида қурилади деган хабар тарқалди.

Энди эса, шу кунларда, катта жанжал кўтарилган эмиш чунки Тудакўл ёнида бадавлат одамларга ва Навоий тоғ металлургия корхонасига қарашли дам олиш масканлар бор экан.

Эслатиб ўтай, Тудакўлни Россиянинг ўзи танлади. Фақат савол – бизни давлат Тудакўл ёнида дам олиш масканлар борлигини билмас эканми?? Нега Россия айнан Тўдакўлни танлади? Биринчидан бу шаҳарларга яқин жой, инфратузилмаси (электр тармоқ, иссиқлик ва бошқалар) тайёр ва бу дегани АЭСни барпо этиш учун Россия камроқ харажат қилади. Бу ерда Бухоро ва бошқа шаҳарлар яқинлиги Москвани ва бизни давлатни қизиқтирмади. Энди эса амалдорлар, ўз дачаларини сақлаб қолиш учун жанжал кўтаришди ва давлат яна Россияга Айдаркўлни тавсия қилди.

Айдаркўл эса Халқаро Рамсар Конвенцияси томонидан ҳимоя қилинадиган, бетакрор, сув-ботқоқ ҳудудлари Халқаро рўйхатига киритилган жой ва Ўзбекистон бу конвенцияга қўшилган. (Манба:http://sreda.uz/rubriki/bio/oxrana-vodno-bolotnyx-…​)

Айдаркўл бу бизни бугунги иккинчи Орол денгизимиз, балиқчилик учун асосий манба! Эко туризм учун халқаро маскан! Ва дунё ҳамжамияти томонидан ҳимоя қилинадиган табиат ёдгорлиги! Айдаркўл атрофида Халқаро қизил китобга киритилган қушлар турлари ин қуради ҳар баҳорда, бу ҳам халқаро аҳамиятга эга омил!

Айдаркўлни танлагани, Россия учун катта харажат ҳам: Айдаркўл атрофи соф ёввойи табиат, бу ерда энди нафақат АЭС, битта каттагина шаҳарни ҳам Москва қуриб бериши керак. Демак лойиҳанинг нархи ошади, оддий инфратузилма олдин тортилиши керак, АЭСни ишга тушиш вақти ҳам орқага ташланади ва барпо этиш вақти чўзилади. Тайёрми бунга бугунги Россия?

Умуман олганда АЭС мавзуси масхарабозликка айланди, ҳали жойи ҳатто аниқ бўлмаган, контракти тайёр бўлмаган лойиҳага бугун расман старт берилди.

Лекин биз учун Айдаркўлни танлашгани катта экологик фалокат! Айдаркўл бу бизнинг денгизимиз бугун, энг катта сув омбори, гўзал ва бетакрор табиати, бой миллий меросимиз! Халқаро статусга эга маскан! Бу масканни йўқ қилиниши нафақат миллий фалокат биз учун, бу катта халқаро жанжалга ҳам олиб келади.

Энди бизда, дунё ҳам жамиятига мурожаат этишга жиддий асос бор, бир мамлакатнинг Рамсар Конвенциясини бузиши бу жиддий, халқаро муаммо!

Суратларда эса меросимиз Айдаркўл, агар бугун ҳаракат қилмасак, эртага янаги авлодлар фақат шу суратлар орқали Айдаркўлни томоша қилишади холос.

Анвар Назир

facebook.com