Мен ёлғон гапира олмасам нима қилай?!

Мен ёлғон гапира олмасам нима қилай?!
30 views
24 October 2018 - 9:39

Илтимос, рўёкорликдан дарс беринг менга, лаганбардорликни ургатинг, рўёлар оламида кўзи кўр, қулоғи кар бўлиб яшашдан сабоқ беринг, муаллимлик қилинг менга…

(интернет ижтимоий тармоғидаги ёзишмалар туркумидан)

Телеграмда биз – бир груҳ инсон ҳуқуқлари фаоллари – фуқаролик жамияти вакиллари, Халқаро Меҳнат ташклиоти, Меҳнат вазирлиги – шу уч қутибнинг ҳамкорлиги рамзи сифатида бир груҳ очилган.

Мазкур груҳимизда асосан мажбурий меҳнатга оид мониторинг натижалари ёритилади, соҳага оид хабар ва маълумотлар бериб борилади.

Шу бугун Халқаро Меҳнат ташклиоти ходимларидан бири “Сизларга ҳукумат томонидан босим бўлмаяптими? Мабодо бўлаётган бўлса, хабарингизни кутиб қоламиз” деган мурожаатини ўқиб қолгандим.

Груҳдошлардан бири “Ҳа, босим бор эди, ўтиб кетди” деган бўлса, яна бирлари мажбурий меҳнат жараёнидаги босимларга қисман тўхталиб ўтган.

Мен бу ҳол сўрашни ўқирканман, кузги япроқ каби титраб турган кўнглим “тўкилиб кетди”… Ва бор гапни шу тариқа тўкиб солдим: (Мобил телефоннинг телеграмида жуда имло хатолар билан расво қилиб ёзган эканман, ўқиб, ўзими ҳам тушунмай қолаёздим. Ўша хатоларимни тузатиб, ёзганларимни қайта эълон қилиш ниятидаман)

…, биздан ҳол сўраганингиз учун катта раҳмат.

Босимлар ҳақида гапирадиган бўлсак, мажбурий меҳнатга оид мониторинг олиб бораётганлигим учун менга ва қизимга ҳамиша шафқатсизларча босим бўлган ва айни кунда ҳам давоми этмоқда. Мен бу босимлар кўлами ҳақида сизга, МОТга айтишим мумкин, бироқ, менга МОТ ҳам, Меҳнат вазирлиги хам бу масалада кўмак бера олмайди деб қўрқаман.

Негаки бу босим юкори идоираларга, Вазирлар Маҳкамасига, янаям аникроғи Бош вазир жанобларининг шахсан ўзига бориб тақалади.

Мажбурий меҳнат борасидаги таъқиблар кўлами ҳақида яқинда асослантирган мақолам чиқиши кутилмоқда. Мажбурий меҳнат борасида мониторинг ўтказишим оқибатида Ўзбекистондан доимий пропискадан чиқариб юборилганман. Бундан ўзим бехабар. Ноқонуний суд қарорига асосан паспорт столи мени доимий пропискадан 2016 йил август ойида чиқариб ташлаган ва бу ҳақда компьютер базасига киритиб қўйилганмуш. Бу борада октябр ойи бошларида паспорт столига борганимда хабар топиб қолдим.

“Кечирасизу, менинг доимий пропискам амалда, мен шу пропискам асосида банкдан пул ўтказмаларини оламан, шу пропискам асосида Грузияга, Кирғизистонга учдим, ҳатто паспортим орқасига пропискадан чиқарилганлигим ўғрисида муҳр урилмаган-ку” дедим.

Паспорт столи идорасининг 1-хонасида ўтирган ходим жарима тўлашим лозимлигини айтди ва карасам, паспортимнинг оркасига 2016 йил август ойи билан пропискадан чиққан деб муҳр уриб, ёзиб, қайд қилиб қўймоқчи. Паспорт столи ходими қўлидан паспортимни зўрға юлқиб олдим.

Биринчидан, ноқонуний суд қарорига асосан менинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқим бекор қилинган. 2016 йил август ойида эмас, суд 2017 йилнинг августида ноқонуний қарор чиқарган. Қолаверса, мен бир йилдирки суднинг юкори инстанцияларида менга бўлаётган ноҳақликлар, босимлар борасида курашмоқдаман. Ҳали суд охирги тўҳтамга келган эмас. Қандай қилиб паспорт столи мени ўзбошимчалик билан доимий пропискамдан маҳрум қилиши мумкин? Суд қарорини ижро қилишнинг ўз қонун-қоидаси бор: Ижрочилар, паспорт столи ходимлари мени чақиришлари ва мени огоҳлантириб суд қарорини ижро қилишлари лозим эди. Паспортим ортига пропискадан чиққанлигим тўғрисида қайд қилишлари ва менга “уч кун ичида доимий пропискага қўймасангиз, қонунга мувофиқ жаримага тортиласиз” дейишлари керак эди. Аммо улар бундай қилишмаган. Мен бу ҳақда порталга ёзсам, ижрочилар “Бу ишга бизнинг алоқамиз йўқ” дейишмоқда.

Қолаверса, суд мени уйдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум қилиш борасида ноқонуний қорор чиқарган, мени доимий пропискадан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқармаган.

Балки сиз бу юқоридаги икки ҳолат бир нарса-ку дерсиз?

Гапнинг ростига кўчадиган бўлсак, аслида мени доимий пропискадан чиқаришганлари йўқ. Бу ҳақда компьютер базасига ҳам киритилмаган бўлиши керак.

Негаки, мабодо, менинг доимий пропискам 2 йил олдин бекор қилинганида ва бу ҳақда баъзага киритилганида эди, мен банкдан пул ўтказмалари орқали пул ололмасдим, банкдан валюта ҳисоб рақами очдира олмасдим.

Доимий поропискам булмаганида эди, менга самолётга билет сотишмаган бўларди, мен Грузияга, Қиргизистонга учиб бориб келмаган бўлардим.

У ҳолда бунақанги «ўйин”нинг паспорт столига нима кераги бор дерсиз?

Буларнинг ҳаммаси менга жарима солиш мақсадида қилинаётган муғомбирликлар.

Мақсадлари, мени жарималарга кўмиш, молиявий босимлар остида қолдириш ва менга жарима баҳона хорижга чиқиш визаси бердирмаслик.

Яқинда мени хорижга конференцияга таклиф қилишди. ОВИРим йўқ, бора олмадим. Борсам, Ўзбекистон ҳақида қалтис гапириб қўйишимдан қўрқишади. Мен ҳозир ҳам камчиликлар хусусида мамлакатдан чиқмай туриб ҳам танқидий мақолаларимни эълон қилиб ётибман. Бунинг учун хорижга боришим, конференцияда қатнашишим ҳам шарт эмас, аслида. Бироқ буни амалдорлар тушунишмайди.

Паспортимни доимий пропискадан қонунга зид чиқариб ташлашлари – бу – босим!

Мен доимий пропискамни суднинг ноқонуний қарорига асосан бекор қилинганлиги юзасидан Олий судга шикоят келтирганман. Паспортимнинг домий пропискасига оид шикоятим олий судда кўрилаётган айни бир пайтда суд қарорини ижросига шошилишгани нимаси? Ишни юқори инстанция кўраётганида ижро тўхтатиб турилмайдими, ижро қилинмайди-ку. Ҳукуматнинг мақсади, мени қишлоққа, Самарқандга депортация қилиш!

Буларнинг бари – паспортимнинг доимий пропискаси масаласи ва мендан ноконуний жарима ундиришга уринишлари – (Маъмурий жавобгарлик кодексида паспортингизни уч кундан ортиқ ҳисобга қўймай юрсангиз, тамом, кафангадо қилишади жаримага тортиб! Паспорт столидагилар эса менинг паспортимни қўлимдан олиб, “задний число” – 2016 йилнинг августи санаси билан “Доимий рўйхатдан чиқарилди” деган муҳр босиб беришмоқчи!) эркин ҳаракатланиш ҳуқуқимнинг топталиши ва молиявий босим эмасми сизнингча!

Бунингдек босим нафақат менга, ҳатто оила аъзоларимга ҳам бўлмоқда. 24 ёшли қизимга 5 йилдирки ҳорижга чиқиш рухсатномаси берилмайди. Бу уятсизлар сабабини “Қизингиз чет элда бўлиб, ҳорижий мамлакат қонунини бузган” деб кўрсатишган. Ваҳоланки, қизим ҳатто қўшни ҳамдўстлик мамлакатларига ҳам чиққан банда эмас. ОВИР ходимлари судда шу сабаб важларини исботлаб бера олмади. Шу йил ҳам қизимга чет элга чиқишга рухсатнома беришмади. Қизим хорижга чиқиш рухсатномаси борасида судга мурожат қилди, аммо судда ҳам адолат топа олмади.

Буларнинг бари босим эмасми, сизнингча! У ҳолда, қани, менинг оилали, 1 нафар гўдаги бор қизимга нима сабабдан хорижга чиқишга рухсатнома берилмаётганлиги ҚОНУНИЙ эканлигини фактлар, далиллар асосида асослаб беришларини талаб килиб кўрингчи?! Жавоб бера олишармикин?

ЙЎҚ, СИЗ ПАХТА ДАЛАСИДАГИ МАЙДА БОСИМЛАРНИ ГАПИРМАНГ, УЛАРНИ ТОКЧАГА ТАХЛАБ КЎЙИНГ,  УЛКАН БОСИЛМАРДАН ГАПИРИНГ!

Мен 35 йил бир узоқ қариндошимнинг уйида – бир жойда чорак асрдан зиёд доимий пропискада турганман. Мен Ўзбекистон ТВсида ишлаганимда, Каримов сиёсатини ТВ дан тарғиб қилганимда 35 йиллик доимий пропискам бирорта бир зоғга зиён етказмаганди.

Қачонки мажбурий меҳнат борасида мониториг қилишни бошладим, бошимга балолар ёғилди.

Эшигим олдида ҳар куни кузатувчилар.

Битта телеграмимга 4 та жойдан уланиб олишган. Телефоним”прослушка”да.

Эшигим олдида ҳар куни кузатувчилар – узр хато кетибди.
Телефонда ёзишга қийналмоқдаман.

(Дарвоқе, мен билан опамнинг қизи –жияним истимоқат қиларди. Кузатувчиларим эрта саҳар ишга кетаётган жиянимни ҳам ишхонасигача кузатиб борибди ва тушликка қадар ишхонасида кузатиб ўтирибди. Шўрлик қишлоқ қизи қўрқиб қолибди. Унинг бошлиқлари “хитланиб” қолибди… жияним шўрлик юраги қоқ ёрилиб кеча кечқурун уйига жўнаворди… Мен унга қайтмаслигини тайинладим. “Кузатувчи”лар бировнинг қизини бир балога гирифтор қилишса нима қиламан. У содда, ёшгина қишлоқ қизи бўлса! – Бу ҳақда телеграмда ёзишни унутган эканман.)

ЭЭЭ, нимасини сўрайсиз, 10 кун бўлди интернетим ишламайди!

Ваҳоланки, ойлик интернет трафигини зиёти билан тўлаб қўйибман.

Интернетим ишламаганлиги сабабли вай-файнинг интернет трафигидан ҳар ойда минглаб мегабайти увол бўлиб қолиб кетади, куйиб кетади.

Эл почтам битта ўзимга тегишли эмас, орган одамлари билан “бирга ишлатамиз”, бу аниқ!

Ҳатто компьютеримга қўл телефонимга ҳам уланиб олишган.

Ноутбукимни ўчираётганимда ҳар гал “сизга уланган объект ҳам ўчади, продолжат?” деб сўрайди рус тилида. Бу нима деган гап?! Франция суди орқали диктатор деб топилган Ислом Каримов даврида ҳам бу қадар босим бўлмаганди-ку?

СИЗ ҚАЙСИ ВА ҚАНАҚАНГИ БОСИМ ҲАҚИДА ГАПИРАЯПСИЗ?

Ҳақ талаблигинг ва ҳақ гапни гапирганинг учун ўз Ватанингда бир умр қўрқиб, таъқиблар остида яшаш нима эканлигини биласизми?

(Урушда жангчи мудом “Ўққа нишон бўлиб қолмасмикан?” деган ҳадикда яшайди, мен эса ҳар тонг ўз Ватанимда, ўз уйимда “Бугун озодлигимнинг охирги куни эмасмикин? Бугун “подстава” қилишмасмикин? Уйимга гиёҳвнад модда ва ё варақа ташлаб кетишмасмикин? “Пора билан қўлга олиш “саҳнасини” уюштиришмасмикин?!” деган гумонда уйғонаман. Негаки, мен уюштириш йўли билан гул умрини қамоқда ҳазон қилган айбсиз айбдорлар билан кў-ўўўп суҳбатлашганман! Ўз ватанингда эркинг, озодлигингни бутун умр омонат билиб яшаш даҳшатини ҳис қиласизми? )

Нега глобал босимлар ҳақида чурқ этмайсиз?

Ўктам 2 кишини машинасига ўтказса, “рухсатномасиз” такси ҳайдамоқда” деган баҳонада жаримага тортишади, Урлаева “чизиқдан чиқса, руҳий касалликлар шифохонаси!

Сизга, қолганларгачи? Босим йўқми?

Мободо, мен ҳам 50 га 50 ишлаш нималигини билганимда, ҳақиқатнинг юзига оёқ қўйиб, тилёғламалик, лаганбардорлик қилганимда, Сизга – айрим виждонини жиғилдонига урганларга ўхшаганимда эди, бугун мен ҳам оёғимда йиртиқ пойабзал билан ҳар куни 20 км яёв юрмаган, балки қандайдир қора “ласетти”нинг белини эгарлаб олиб, мазза қилиб миниб юрган бўлардим…

Сизга босим йукми?

Лекин барибир сизга ҳавас қилмайман….

Мен ёлғон гапира олмасам нима қилай?!

Иккиюзламачилик қилолмасам, лаганбардорлик қўлимдан келмаса, нима қилай?!

Менга оз бўлсаям рўёкорликлан дарс беринг!

Менга муаллимлик килинг, мен хам сизнингдек рўёлар салтанатида кўзимни кўр, қулоғимни кар қилиб яшашни ўрганай. Устозлик қилинг менга!

Имлосини, илтимос; туғрилаб ўқинг, қўл телефонда ёзиш, кўриш ҳам қийин кечмокда.

Мана, мен ўзимга ва менинг фаолиятим ортидан қизимга нисбатан бўлаётган босимлар борасида айтдим ва анча енгил тортдим.

…., мана, менга қаттиқ босимлар бўлмокда.

Менинг ва менинг фаолмятим ортидан ёшгина қизимнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқуларимиз топталмоқда. МОТ халқаро ташкилот сифатида бирор маротаба қизикиб кўрдими? “Нега мажбурий мехнат борасида мониторинг олиб бораётган, биз билан ҳамкорлик қилаётган фуқаролик жамияти вакилига кузатув, таъқиб қаттиқ бўлмокда, нега Малоҳат ва қизининг эркин ҳаракатланиш ҳуқулари оёқ ости қилинмоқда?”дея бирор маротаба қизиқиб кўрдими? Ҳукуматдан сўрадими? Сўровига жавоб хати олдими? Бизнинг, фуқаролик жамияти вакилларинг хавфсизлиги учун нималар қила олди ва қила олади МОТ?

( …, Сиз “Босим бўлса, кўнгилсизлик бўлса, хабар қилинг, Меҳнат вазирлигига маълум қиламиз” дебсиз. Оҳ, мажбурий меҳнатни бартараф қилишга қуввати етмаётган меҳнат вазирлигини менинг ва мен кабиларнинг дунёларга сиғмайдиган босимларини “бас” қилишга етармиди?…)

Шундай вазиятлар бўладики, Меҳнат вазирлиги ихтиёридан ташқарида….

Малоҳат Эшонқулова

facebook.com