Ўзбекистон Россия томон яна бир қадам ташлайдими?

Ўзбекистон Россия томон яна бир қадам ташлайдими?
83 views
24 October 2018 - 13:28

Россия Президенти Владимир Путиннинг пойтахт Тошкентда қилган яна бир баёноти худди шу каби баҳоларга сабаб бўлган.

Президент Путин Ўзбекистон ҳудудида ҳамкорликда қурол-яроғ ишлаб чиқаришга тайёр эканликларини билдирган.

Россия раҳбари бундан ортиқ тафсилотларга тўхталмаган, аммо яна бир гапни айтиб ўтган.

Владимир Путинга кўра, “ҳозир Ўзбекистонга Россиянинг ички нархларида қурол-яроғ етказиб берилмоқда”.

Унинг айни мазмундаги сўзларидан Россиянинг аксарият йирик ахборот агентликлари иқтибос келтиришган.

Ҳарбий экспертлар эса, шу ўринда “бу каби имтиёзнинг Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти аъзолари учунгина кўзда тутилгани”га диққат қаратишган.

Путиннинг “Ўзбекистон ҳудудида ҳамкорликда қурол-яроғ ишлаб чиқаришга тайёр эканликлари”га оид баёнотига ҳозирча расмий Тошкентнинг муносабати имконли эмас.

Россия Ўзбекистоннинг энг йирик ҳарбий-техник ҳамкорларидан бири бўлади.

Президент Шавкат Мирзиёев қудратга келишидан қисқа вақт ўтмай, томонлар ўртасида бу соҳада ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган шартнома ҳам имзоланган.

Шартноманинг асосий мақсади — ҳарбий-техник соҳада ҳамкорликни чуқурлаштириш, Ўзбекистон армиясини замонавий техника билан жиҳозлаш, томонларнинг мудофаа қобилиятини кучайтириш, мутахассислар тайёрлаш ва ўзаро маслаҳатлар ўтказиш экани билдирилган.

Владимир Путиннинг куни-кеча Тошкентга уюштирган давлат ташрифи чоғида эса, Россия ҳарбий авиациясининг Ўзбекистон ҳаво ҳудудида парвозига изн берувчи келишувга эришилган.

Ҳамкорликда Ўзбекистонда биринчиси бўлиши кутилаётган атом электр станцияси қурилиши лойиҳасига старт берилган.

Минтақавий экспертларга кўра, буларнинг барчаси биргаликда олиб қаралганда, хавотирга лойиқ тенденциянинг бўй кўрсатаётганига далолат қилади.

Томонларнинг стратегик жиҳатдан бу қадар яқинлашаётгани, “Ўзбекистон яна Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотига қайтадими, Ўзбекистон Россияга ўзининг жанубий йўналишдаги авантюраларига тортишига қанчалик қўйиб беради, расмий Тошкент ўз ташқи сиёсатини нечоғлиқ Кремлнинг таъсиридан холи олиб бора олади?”, – деган саволларни пайдо қилади.

Россия президенти шу йилнинг 18-19 октябрь кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлган.

Ташриф чоғида расмий Тошкент ва Москва ўртасида умумий қиймати “$27 АҚШ миллиард долларига тенг” шартномалар имзоланган.

Марказий Осиё эса, Россия дохил дунёнинг глобал қудратлари геосиёсий манфаатлари тўқнашган минтақаларидан бири сифатида кўрилади.

Минтақавий экспертлар айни воқеълик манзарасида сўнгги йилларда расмий Кремлнинг империалистик амбициялари қайта кучайиб бораётгани омилига алоҳида диққат қаратишади.

Ўзбекистон Армияси

Ўзбекистон яқинда Қуролли Кучлари энг қудратли учта МДҲ давлатидан биттаси, деб топилган.

Бунга globalfirepower.com веб-сайтининг янги рейтинги далолат қилган.

МДҲ давлатлари орасидан Ўзбекистондан олдинги ўринларни Россия ва Украина эгаллашган.

Рейтинг дунё давлатларининг жанговор қобилиятини кўрсатишни мақсад қилган.

Ўзбекистон янги рейтингда бир йил ичида 9 поғона юқорилаган.

Умумий рўйхатда 39-ўринга кўтарилиб олгани маълум бўлганди.

Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев расман қудратга келишидан қисқа вақт ўтмай, мамлакат Қуролли Кучлари мавзусига эътибор қаратган.

Ўтган йил январь ойида Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан Тошкент Олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида йиғин ўтказган.

“Замонавий, қудратли армия – тинч-осойишта ҳаётлари кафолати”, – дея баён қилган.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучларини замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминланганлик даражасини янада оширишга қаратилган аниқ вазифаларни белгилаб берган.

Худди шу манзарада берган аниқ топшириқларидан яна бири Ўзбекистон Қуролли Кучлари қудратини ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш борасида бўлган.

Ўзбекистон президенти, бундан ташқари, мамлакат Қуролли Кучлари ташкилий тизимини бундан-да такомиллаштириш ва унинг шахсий таркибини яхшилаш масаласида ҳам сўз юритган.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, бу хусусдаги расмий хабарда Ўзбекистон Қуролли Кучларини янада замонавийлаштириш ва қудратини оширишга қаратилган “аниқ вазифа” ва “аниқ топшириқлар” тафсилотлари очиқланмаган.

Аммо президент Шавкат Мирзиёев куни-кеча яна бу мавзуга қайтган, Ўзбекистон Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, янада яхшилаш ва такомиллаштириш истагини баён қилган.

Рақамларда

Global Firepower Index рейтингига кўра, Ўзбекистон армиясининг 420 танки, 715 зирҳли техникаси, 880 замбараги бор.

Ўзбекистон ҳаводан мудофаа тизимидаги жаъми самолётлар сони 179, вертолётларники эса, 73 донага етган.

Global Firepower Index рейтингига кўра, Ўзбекистон армиясининг мунтазам ҳарбийлари сони 76500 кишини, заҳирадаги ҳарбийлар сони 20 минг кишини ташкил этади.

Ўзбекистоннинг йиллик мудофаа харажатлари бу йил ҳам 70 миллион долларлигича қолган.

Аммо мамлакатнинг ташқи қарзи бироз ортиб, 16 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани кўрсатилган.

Ўзбекистон мамлакат мустақиллигидан кейин профессионал армия тузишга қарор қилган.

Мамлакат, йилларки, қуролли низолар ичида қолаётган Афғонистон билан бевосита чегарадош.

Афғонистон Покистон билан бирга Ўзбекистон Исломий Ҳаракати фаолият юритиб келган иккита минтақа давлатидан биттаси ҳам бўлади.

Имконият

Ялпи Ички Маҳсулот кўлами назарда тутилганда, аҳолиси энг катта сонда эканига қарамай, Ўзбекистон Қозоғистон билан бирга минтақадаги иккита иқтисодий қудратдан бири саналади.

Аммо, шунга қарамай, Ўзбекистон, йилларки, айнан мамлакатдаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазият сабаб, энг кўп сондаги фуқаролари муҳожиратга юз тутган ягона Марказий Осиё давлати бўлади.

Бошқа томондан, таҳлилчиларга кўра, дунё тажрибаси Ўзбекистонда яқин-яқингача амалда бўлганига ўхшаш тузумларда “ички ва ташқи душман” тушунчаси аксаран аҳолини қўрқувда тутиб туриш, вазиятни, одамларни назорат қилиш ва сиёсий мухолифатга зарба беришни мақсад қилганини кўрсатган.

Воқеаларнинг сўнгги ривожига Лондондан асли ўзбекистонлик эксперт Алишер Илҳомов ўз муносабатини билдиради.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек