“Олдиндан режаланган ва ваҳший қотиллик”

“Олдиндан режаланган ва ваҳший қотиллик”
51 views
25 October 2018 - 9:21

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, президент Трамп Саудия Арабистонининг диссидент журналист Жамол Хашоқжининг қотиллиги ортидан тутган йўлини “яширишга уринилган энг даҳшатли” амалиёт сифатида таърифлаган.

Аммо Саудия ҳукумати бу қотиллик ортида ўзбошимча жосуслар турибди, деб чиққанди.

Туркия президенти Эрдўғон журналистнинг ўлдирилишини “олдиндан режаланган ва ваҳший қотиллик” деб атади.

“Журналист Жамол Хашоқжини ўлдириш воқеадан бир неча кун аввал режалаштирилган” – деди Туркия президенти Эрдўғон 23 октябр куни ўз партиясидан бўлган депутатлар олдида чиқиш қила туриб.

У Туркия ихтиёрида Хашоқжининг 2 октябр куни Истанбулдаги Саудия консуллиги биносида олдиндан режаланган «ваҳшиёна» қотиллик қурбони бўлганига далиллар мавжудлигини айтган.

Жаноб Эрдўғон, шунингдек, гумондорлар устидан Истанбулда суд ўтказишга чақирган.

Туркия президенти Саудия Арабистонидан журналистнинг жасади қаерда эканлиги ва бу қотилликка ким кўрсатма бергани борасида жавоб беришни талаб қилган.

Туркия президенти Эрдўғон “яланғоч ҳақиқатни” ошкор этмоқчи

Шу вақтга қадар Саудия ҳукумати Хашоқжи билан юз берган воқеа юзасидан бир-бирига зид талқинлар бериб келмоқда.

Ҳафталар давомида журналистнинг тирик эканини иддао қилиб келган Саудия расмийлари, эндиликда, 59 яшар Хашоқжининг назоратдан чиқиб кетган махфий амалиёт қурбонига айланганини маълум қилмоқда.

Жаноб Эрдўғоннинг мазкур мурожаати Хашоқжи воқеаси кўланкасида қолиб кетган Саудия Арабистонидаги сармоя бўйича конференциянинг бошланишига тўғри келган. Ўнлаб давлат ва компаниялар раҳбарлари ушбу конференцияга бормасликка қарор қилганини эълон қилган. Шундай бўлсада, 23 октябр куни бошланган анжуманда валиаҳд шаҳзода Муҳаммад бин Салмоннинг шахсан ўзи кўриниш берган.

Аксарият давлатлар етакчилари Саудия ҳукуматининг таниқли танқидчиси ўлимини қоралаб чиқиб, бу борада тўлиқ текширув ўтказишни талаб қилишмоқда.

АҚШ президенти Доналд Трамп Саудия ҳукумати ёйинлаган изоҳдан қониқмаганини билдирган бўлса-да, қиролликнинг Вашингтон учун муҳим иттифоқчи эканини ҳам эътироф этиб ўтган.

Эрдўғон қотиллик ҳақида нима деди?

Жаноб Эрдоғўнга кўра, қотиллик юз берган санадан бир неча кун ва соатлар аввал уч гуруҳга бўлинган ўн беш нафар саудиялик фуқаро турли рейсларда Истанбулга етиб келган.

Қотилликдан бир кун олдин гуруҳнинг баъзи аъзолари консуллик яқинидаги Белград ўрмонини бориб кўрган. Туркия полицияси ўтган ҳафта айнан шу ўрмонда журналистнинг жасадини ахтариб кўрган эди.

Президент Эрдўғон Хашоқжининг консулликка ташриф буюришидан олдин гуруҳнинг қандай қилиб кузатув камералари тизимидан қаттиқ дискларни чиқариб олгани ҳақида ҳам гапирган.

Хашоқжининг кийимини кийиб, кўзойнагини тақиб олган ва сохта соқол ёпиштирган эркак қотиллик содир бўлган кунда консулликни тарк этган гуруҳ аъзоси бўлган, дея қўшимча қилган.

22 октябр куни CNN канали консулликдан чиқиб кетаётган саудиялик махфий жосуслар суратларини намойиш қилган эди.

Президент Эрдўғон Хашоқжи иши юзасидан Саудия Арабистонида 18 нафар шахс қўлга олинганини тасдиқлаган.

У мазкур шахслар «Истанбулда суд қилиниши» лозимлигини таъкидлаб, «қотилликка аралашган ҳар бир шахс» жазога тортилиши зарурлигини қўшимча қилган.

Жаноб Эрдўғон ўз чиқишида Саудиядаги энг қудратли шахс сифатида кўрилаётган валиаҳд шаҳзода исмини тилга олмаган.

Аксарият кузатувчилар қотиллик ортида шаҳзоданинг шахсан ўзи турганига ишонишини айтади, лекин саудиялик расмийлар бундай даъволарни рад этишмоқда.

Мазкур воқеа тўғрисида «яланғоч ҳақиқат»ни ошкор қилишга ваъда берган президент Эрдўғоннинг мурожаати кўпчилик одамларни қониқтирмаган, дейди Би-би-сининг хавфсизлик масалалари бўйича мухбири Френк Гарднер.

Бу ҳақида саудияликлар нима дейди?

Қирол Салмон 23 октябр куни ҳукумат мажлиси чақиргани хабар қилинмоқда. Мажлисдан сўнг эълон қилинган баёнотда таъкидланишича, Саудия Арабистони, ким бўлишидан қатъий-назар, қотилликка аралашганларнинг барчасини жавобгарликка тортади.

Бундан ташқари, Саудия давлат матбуоти қирол ва валиаҳд шаҳзода пойтахт ар-Риёдда Хашоқжининг оила аъзолари билан учрашган.

Президент Эрдўғон ҳам журналистнинг оиласи билан 23 октябр куни телефон орқали суҳбатлашган, уларга таъзия изҳор қилган ва қотилликнинг тагига етиш учун бор имконни ишга солишини айтган.

Шу кунга қадар Саудия Арабистони қотиллик юзасидан бир неча қарама-қарши изоҳлар берди.

Аввалига мамлакат ҳукумати Хашоқжининг консуллик биносини тирик ҳолда тарк этганини айтган бўлса, кейинроқ унинг консуллик ичида юзага келган «муштлашув» оқибатида жон таслим этганини иддао қилган.

Ниҳоят 21 октябрда Саудия ташқи ишлар вазири Хашоқжининг ўлдирилганини тан олган, аммо «назорат остидан чиқиб кетган амалиёт»дан мамлакат раҳбарияти бехабар бўлганини таъкидлаган.

Хашоқжини ўлдиришга буйруқ берганини рад этаётган Саудия раҳбарлари, журналистнинг ўғли Салаҳ билан ҳам учрашишди.

“Бу ишни амалга оширган шахслар ўз ваколатини суиистеъмол қилган,” маълум қилган Саудия ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубейр. «У ерда, шубҳасиз, кечириб бўлмас хато юз берган ва бу ишга қўл урганлар ўз хатосини яширишга уринган.»

Вазир Саудия Арабистони журналист жасадининг қаерда эканини билмаслигини ҳам қўшимча қилиб ўтган.

Исми ошкор этилмаган саудиялик расмий 21 октябр куни Reuters ахборот агентлигига Хашоқжининг Саудия Арабистонига қайтиш ҳақида даъватларни рад этганидан сўнг бўғиб ўлдирилгани ҳақида сўзлаган эди. Сўнг унинг танаси гиламга ўралиб, йўқ қилиш мақсадида бир маҳаллий «ҳамкор»га берилган.

Президент Эрдўғон ўзининг 23 октябр куни сўзлаган нутқида ушбу гумондорнинг шахси очиқланишини Саудия ҳукуматидан талаб қилди.

Саудияликлар тарқатган баёнотда валиаҳд шаҳзоданинг икки ёрдамчиси ишдан олингани ва қотиллик можароси ортиданунинг раҳнамолигида мамлакат махфий хизматида ислоҳотлар ўтказилиши айтилади.

Турк ва араб истихборот манбаларидан иқтибос келтирган Reuters агентлигига кўра, ишдан олинган ёрдамчилардан бири бўлмиш Сауд ал-Қаҳтони Хашоқжини Skype орқали сўроққа тутган. У журналистни тутиб турган шахсларга «Бу итнинг калласини менга олиб келинг,» дея кўрсатма берган.

Манбалар президент Эрдўғон қўлида мазкур видеоқўнғироқ нусхаси борлигини маълум қилган, аммо жаноб Эрдоғон уни АҚШга беришдан бош тортаётгани айтилади.

Саудиядаги конференцияга кимлар борди?

Хашоқжининг ғойиб бўлиши ҳақида хабарлар тарқагандан сўнг бир неча давлат ва йирик компания раҳбарлари Саудия Арабистонида ташкил қилинаётган сармоя ётқизиш масалалари бўйича конференцияга бормасликка қарор қилганини намойишкорона эълон қилган эди.

Аммо ҳозир пойтахт ар-Риёдда турган Би-би-си мухбири Себастиан Ашер 23 октябр куни бошланган конференцияда Хашоқжи можароси руҳи умуман сезилмаётгани ҳақида сўзламоқда. Унга кўра, конференция қатнашчилари Саудия Арабистони билан ҳамкорлик ортидан қўлга киритиладиган имкониятлардан воз кечишни истамаслигини тан олади.

Президент Эрдўғон журналист ўлими можароси юзасидан нутқ ирод қилар экан, Саудия Арабистонидаги конференцияда тинимсиз қарсаклар остида умумий қиймати $50 миллиардга тенг 12 та йирик келишув имзоланган.

ЎХҲ ахборот бўлими