Ўзбекистон матбуот эркинлиги хавф остидами?

Ўзбекистон матбуот эркинлиги хавф остидами?
82 views
25 October 2018 - 12:22

Президент Шавкат Мирзиёев давлат тепасига келганига яқинда икки йил тўлади ва бу давр ичида мамлакат матбуотида мисли кўрилмаган ўзгаришлар юз берди, бу халқаро ташкилотлар ҳисоботларида ҳам эътироф этилди. Аммо…

Аммо, шунга қарамай, Ўзбекистон журналистлар фаолиятини кескин чеклайдиган давлатлар орасида қолмоқда. Чегара билмас мухбирлар ташкилотининг бу йилги ҳисоботида у 179 давлат ичидан 165 ўринни олган. Қўшнилар Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам аҳвол зўр деб бўлмайди, аммо улар Ўзбекистондан анча олдинда.

Би-би-си Ўзбек хизмати 24 октябр, чоршанба куни YouTube даги каналида жонли дастурини матбуот эркинлиги мавзусига бағишлади.

Унда Тошкентдан журналистлар Бобомурод Адбуллаев ва Али Қаҳҳоров иштирок этди.

Дастурни Ибрат Сафо олиб борди.

Таниқли журналист Бобомурод Абдуллаев ўтган йил хавфсизлик хизматлари томонидан ўғирлаб кетилиши, сўнгра ойлар давомида қийноқларга тутилгани ва очиқ ўтган суд иши кўпларга маълум.

У Усмон Ҳақназаров тахаллуси остида ҳукуматга қарши мақолалар ёзишда айбланиб конституцияга тажовуз қилишда айбдор деб топилсада суд залидан озод этилди. Аммо энди хабар қилишича, унинг орқасида яна кузатув бошланган.

Биз журналистга бўлаётган таъқиблар борасида Бош прокуратурадан изоҳ олдик.

Тошкентдан журналист Алексей Волосевич матбуот бир неча баробар эркинлашганини айтади. Бироқ сўнгги ойларда ортга қайтишлар кузатилмоқда.

Қуйида журналистнинг тўлиқ фикрини келтирамиз.

“Матбуот бир неча баравар эркинлашди. Хабар агентликлари авваллари умуман кўтариб бўлмайдиган мавзуларни ёрита бошлашди. Икки йил аввал улар ҳатто кичик даражали мулозимни танқид қилишга қўрқишарди. Ҳозир эса хабар агентликлари журналистлари анча қўрқмасдан ҳатто юқори даражали ҳукумат ходимларини танқид қилишяпти, ҳатто Бош вазир Абдулла Ариповнинг фаолияти ҳақида салбий фикрлар билдиришяпти. Аксари, албатта, ҳозирча президентга тегишмаяпти. Президент, аввалгидек, тегиб бўлмайдиган шахс.

Ўз кузатувларимга кўра, Ўзбекистонда ёз ойларидан бошлаб матбуот эркинлиги ривожланиши тўхтади. Ўз ҳамкасбларим, журналистлар билан суҳбатларда улар ҳам шундай фикрда эканликларига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистондаги матбуот эркинлиги журналист Бобомурод Абдуллаевнинг суд иши чоғида энг юқори чўққисига чиқди, у ишни ҳатто ҳукуматпараст сайтлар ҳам ёритишди. Бу иш май ойида ниҳоясига етди. Июл ойларидан эса матбуотнинг ортга кетиши бошланди. Бу ҳаммага сезилди. Хабар агентликларини ўқисангиз, танқидий мақолалар камайганини кўрасиз. 30 фоизларга камайди дейиш мумкин. Шахсан ўзим, орқамдан кузатув ўрнатилганини сездим. Кафеда бир ҳамкасбим билан суҳбатлашиб ўтирганимда, орқамизга келиб ўтирган кимнингдир зобити бизнинг суҳбатимизни диктофонга ёза бошлади. Бошқалар ҳам ўхшаш ҳикояларни менга айтишяпти: кимнингдир орқасидан тушишган, кимнингдир суҳбатларини ёзиб олишган. Бундай ҳол Президент Каримов вафоти ортидан бир ярим йил давомида кузатилмаганди.

Яна икки мисол. Биринчиси, Фейсбук, вКонтакте блокланди. Ютюбга кириш қийин бўлиб қолди. Иккинчи мисол эса, сайтларни суд қарорисиз блоклаш бўйича қонун қабул қилинди. Бу нима дегани? Вебсайт бу корхона очишдек гап, бир инсон уни ўз пули, ўз пешона тери билан очади. Ва энди уни номаълум сабабларсиз, қандайдир номаълум амалдор ёпиб қўйиши мумкин. Бу қарор устидан судга шикоят ҳам қила олмайсиз. Бу албатта, орқага кетиш. Сайтлар аввал ҳам блокланарди ва бу ноқонуний эканини барчамиз англардик, ҳозир эса унга қонуний асос ишлаб чиқишди”.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек