Википедияларда ёритилган нохолис тарихларимиз ҳақида ўйлар…

Википедияларда ёритилган нохолис тарихларимиз ҳақида ўйлар…
35 views
26 October 2018 - 8:00

Ҳозир Ўзбекистон тарихи саҳифаларини ўрганаётиб “бу масала википедияда қандай ёритилган экан?” деган хаёл билан уларни ўргана бошладим.

Бу ерда Ўзбекистон тарихи Эроний қабилалар тарихи билан боғлаб қўйилганини кўрдик. Мантиқан ўйлаб кўрайлик: Аҳамонийлар давлати милоддан аввалги 6 асрда Ўрта Осиёни босиб олиб 2 аср давомида бошқарган бўлса улар тарихни яратган бўлиб чиқадими?!

Аслида уларнинг ўз қоидаларини ўрнатгани ва жой номларини ҳам ўзгартиргани боис кўп эски атамалар форсийдан келиб қолган бўлиши мумкин. Шунингдек, бу сулолалар ҳукмронлиги даврида анча-мунча форсийзабон кишилар ҳам турли ерларга жойлашган бўлиши мумкин.

Қолаверса қадимда форсийлар ва туркийлар Эрон ва Туркистон ҳудудларида миграция тўлқинларини ташкил этишган. Бу табиий жараён. Эроннинг ўзини юз йиллар давомида туркий сулолалар бошқарган. “Бу ер сеники, бу ер меники” дейишнинг ўзи ҳам хато масала.

Пиёладаги чойни суви ва чойини ажратиб бўлмагани каби бу халқларнинг тарихини ҳам ажратиб бўлмайди.

Тарихда не-не сулолалар, халқлар, замонлар, даврлар ўтмайди дейсиз?! АҚШ тарихи миллий динлар, конфессиялар тарихига яққол мисолдир. Ҳозир Эронда 30 млн. Озарбайжон турк халқи яшайди. Нимага википедияларда тарихий жараёнларга эътибор қаратилмасдан умумий тарихимизни бузиб кўрсатишга ўтиб кетилган?!

Аслида тарихий жараёнлар давр ракурсида умумий ҳолатда ўрганилади. Бир тарихни ўргансангиз унинг илдизлари бошқа давлатда ҳам кўкарган бўлади. Лекин мана шу омилларни инобатга олмасдан тарихни бузиб кўрсатишга уриниш кишини ташвишга солмасдан қўймайди.

Аслида ҳам аҳамонийларга қадар ҳам неча минг йилликлар даврида бу ерда маҳаллий аҳоли тамаддун мактабларини яратишган, туркий сулолалар умргузаронлик қилишган.

Керак бўлса бу ерда Европа маданияти излари бор. Александр Македонскийдан кейин салавкийлар, Юнон-Бақтрия давлатлари даврида антик маданият ҳам барқ уриб ривожланган ва айни пайтда Европа маданияти ривожига бизнинг маҳаллий маданият ҳам катта таъсир кўрсатган. Илмий тафаккур ривожида ҳам шундай ўзаро боғлиқлик ва уйғунликни кўриш мумкин.

Қадимги Хоразм, Бақтрия, Сўғд, Кушонлар, Эфталийлар, Турк ҳоқонлари, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар, мўғуллар, Темурийлар, хонликлар қайси сулолага мансуб эдилар?! Уларнинг барчаси туркий сулолалар эди.

Википедиядаги маълумотлар “эронийлар бу ерда узоқ муддат ҳукмрон бўлгану араблар уларни маҳв этган” деган тушунча уйғотади. Инглиз тили ва ўзбек тилларидаги саҳифаларда ҳам худди шундай фикрлар ёзилибди.

Бутун дунё инглиз тилидаги википедияларни ўқийдиган бўлса демак, уларнинг фикри қайсидир маънода ўзгарган бўлиши ҳам мумкин. Бежизга улар Ал-Хоразмий, Ибн Сино эроний деб ёзишмас экан-да?!

Биз маънавий-маърифий ишларга мутасаддиларимиздан бу қўпол хатоларни бартараф этишда ташаббус кўрсатишларини ва википедияларда холисона тарихий саҳифалар ёритилишини сўраб қоламиз.

Шоҳиста Ўлжаева

facebook.com