Саййид Махмуд Тарозий – Олтинхон тўра

Саййид Махмуд Тарозий – Олтинхон тўра
66 views
28 October 2018 - 9:00

Олтинхон тўранинг номи мусулмон Шарқида машҳур. Зеро, у асрлардан буён Мовароуннаҳрда ривож топган ислом дини илмий анъаналарини изчиллик билан хорижда давом эттирган улуғ инсондир. Ватандош олимларимиз хақида биз тўплаган маълумотлардан мукаммалроғи ушбу зот хақидадир.

Саййид Махмудхон Саййид Назирхон ўғли Тарозий 1895 йили Жанубий Қозоғистоннинг Ўзбекистонга туташ қадимий Тароз (ҳозирги Жамбул) шахрида таваллуд топган. Тароз ушбу минтақада қадимдан ривожланган машҳур шаҳарлардан хисобланиб, халкаро савдода ҳам ўз номига эга бўлган, шунингдек, Мовароуннаҳрдаги машҳур диний марказлардан бири ҳисобланган. Кейинчалик шаҳарнинг номи ўзгариб «Авлиё ота» деб аталган. Саййид Махмудхоннинг насаби Ўзганда ўтган Иликхонларга бориб тақалади. Бобурнинг ёзишича, «Фарғона вилоятида бу табақа муқтадо ва шайхулислом ва қози бўлиб келишган». Оталари Саййид Назирхон тўра қатағон йилларидан олдиноқ хибсга олиниб, бедарак кетган.

Саййид Махмудхон ёшлигиданоқ ноёб истеъдоди ва ўткир қобилиятига эга бўлган. Ҳофиз ва Саъдий асарларидан кўп нарсаларни ёд олган, шунингдек, Қуръон тиловатига ҳам моҳир бўлган. У киши Тошкентдаги Кўкалдош, кейинчалик Бухоро мадрасаларида ўқиди, араб ва форс тилларини пухта эгаллади.

У кишининг Маккадаги шогирдларидан Муҳаммад Қосим Аминнинг гувохлик беришича, Саййид Махмудхон 1917 йили юз берган сиёсий бесаранжомликлардан кейинги йиллари она шаҳри Авлиё отада мактабдорлик қилган. Сўнгра шаҳардаги мадрасада мударрислик вазифасига тайинланган. Олим сифатида шуҳрат топиб, номи атрофдаги Туркистон, Чимкент, Сайрам, Марки томонларда ҳам машҳур бўлиб кетган.

Сўнгра юртда бошланган сиёсий парокандалик туфайли кўп уламолар қатори, Саййид Махмудхон Тарозий ҳам таъқиб остига олинади. Бир муддат Фарғона водийси шаҳарларида яшириниб юради, бошпана излаб, Андижонга ҳам келади. Ўша йиллардаги ёшгина мулла йигит Абдулаҳад Азизов (шоир Анисий) у кишини кўрган ва суҳбатини олган. Унинг айтишича, 20-йиллари Саййид Махмуд Тарозий кундузлари қабристонда яшириниб ётар, тунда эса дўстларининг уйига келиб, суҳбат қурар эди.

Ниҳоят, Фарғона водийсида ҳам сиёсат танглашиб, Афғонистонга ўтиб кетишга мажбур бўлади. Бу – 1930 йилларнинг бошланиши эди. Саййид Махмудхон Афғонистондан муборак ҳаж сафарига бориб, ҳаж амалларини бажаргач, Хиндистонга келади ва Бомбайнинг мусулмонлар маҳалласида муқим туриб қолади. У шаҳардаги маҳаллий масжидлардан бирига имом-хатиб этиб тайинланади. Шу тарзда Бомбайда ўн йил истиқомат қилиб етук -тасаввуфшунос олим ва муҳаддис бўлиб танилади, катта обрў қозонади. Ушбу йиллар шеърий машқлар ҳам қила бошлайди.

Саййид Махмуд Тарозий Бомбайда Қуръони каримни туркийнинг «ўзбекча лаҳжаси»га ағдарган биринчи таржимондир. Қарочи, Лохур, Лакнав, Мултон каби мусулмонлар яшайдиган шаҳарларда «Тўра соҳиб», кейинчалик «Олтинхон тўра» тахаллуси билан машҳур бўлиб кетади. Ўша йиллардан бошлаб араб ва ўзбек тилларида ғазаллар, кўпроқ мусаддаслар ёзади. Қарочидаги «Таржимони афкор» уюшмасининг раҳбари Аъзам Хошимий ҳаракати билан унинг мусаддаслари ва шеърлар тўплами 1953 йили биринчи марта «Мусаддасоти Махмудия» номи билан нашр этилади. Ушбу тўпламнинг сўзбошисида айтилишича, «Саййид Махмуд Тарозий хазратлари учун таърифга ҳожат йўқдур. Илму одоб соҳасидаги мақомлари барчага аёндур».
Ҳиндистонда бошланган ва Покистон давлатининг ташкил топиши билан тугалланган ҳарбий-сиёсий нотинчликлар муҳожирлар, жумладан, Саййид Махмудхон Тарозий -Олтинхон тўранинг ҳам оромини бузади ва ниҳоят, у Саудия Арабистонига келиб ўрнашади.

Олтинхон тўранинг 40 йилдан ортиқ давом этган сўнгги илмий-исломий ва адабий-маърифий фаолияти муқаддас шаҳарлар — Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварада кечди. Асосий асарлари шу ерда яратилди ва улар туфайли катта обрў-эътибор қозонди.

Дастлаб Маккада хусусий мактаб очиб, ватандошларимиз болаларига, шунингдек, махаллийларга ҳам дарс бера бошлайди. Ўшанда унинг кенг қамровли олим экани Арабистонда ҳам маълум бўлиб, ҳукумат томонидан Ҳарами шарифда дарс беришга таклиф қилинади. У кишининг олимлик истеъдоди, классик араб тилини чуқур билиши, нотиқлиги ҳақидаги хабар Саудия Арабистони подшоҳигача етиб боради. У зотнинг олимлик фаолиятини эътиборга олиб, Харамга мударрисликка тайинлайди ва бир неча йил мана шу мартабали лавозимда хизмат қилади.

Саййид Махмудхон Тарозий, юртдошларимизнинг эътироф қилишларича, муҳожирларнинг ҳақиқий маънавий суянчиғи эди. Ҳамюртларининг мусофир юртда бирон ҳаётий муаммоси бўлса, у киши подшоҳ ёки шаҳар амири қабулигача бемалол кириб, арз ва илтимос қила оладиган даражада обрў қозонган эди.

Домла Тарозий арабчани билмайдиган туркийзабон халқларга исломга оид илмий ва одоб-аҳлоққа доир манбалар билан уларни ошно қилиш ва охир-оқибат бундай асарлар уларнинг севимли китоби бўлиб қолиши ҳақида кўпроқ ўйларди.

Шу мақсадда мусулмон оламида машҳур бўлган ва тарбиявий аҳамиятга молик баъзи асарларни ўзбек тилига таржима қилади, уларни Ватанга юбориш йўлларини қидиради. Айрим асарлари Ўзбекистонгача етиб келади. Бунинг натижасида олим биздаги дахрийлик тузуми оқибатида халқларимиз ҳаётида пайдо бўлган маънавий бўшлиқни бироз бўлсада, тўлғазишга ҳисса қўшади. Китобларни арабчадан таржима қилар экан, уларни муҳим изоҳлар ва зарур шарҳлар билан тўлдиради. Алишер Навоий, Абдураҳмон Жомийнинг 40 ҳадис ҳақидаги форсча рисоласини изоҳ ва шарҳлар билан рубоий шаклида ўзбекчага таржима қилиб, натижада «Арбаъин» номли мустақил асар яратгани каби, Олтинхон тўра ҳам тарбияга доир айрим арабий асарларни ўзбек тилига таржима қилиб ва муфассал шарҳлар билан нашр эттириб, мустакил асарлар яратади.

Чунончи, «Риёз ас-солиҳийн» китоби, гарчи шарҳлар билан қилинган таржима бўлса ҳам Олтинхон тўранинг муҳим асари ҳисобланади. У кишининг Қуръони каримнинг изоҳлар билан қилган таржимаси эса ўзбек тилига қилинган биринчи таржимадир. Тўра Соҳиб Ҳиндистонда эканидаёқ бу машаққатли ишни бошлаб, ўн йил меҳнат қилган. Ушбу таржима аввал Ҳиндистон, сўнгра Покистонда, 1980 йили Саудия Арабистонида учинчи марта нашр қилинди. Олимнинг «Нур ул-басар» (Пайғамбаримиз ҳақида) асари ҳам муҳим тадқиқот бўлиб, 1964 йили Қарочида, 1982 йили Мадинаи мунавварада нашр этилди ва ўша йиллариёқ хуфя тарзда бўлса ҳам Ўрта Осиё республикаларида ҳам тарқалди. Булардан ташқари, Расулуллоҳ ҳаёти, баъзи исломий қоидалар хақидаги асарлари ҳам мавжуд.

Ҳаммаси бўлиб, ҳозирда олимнинг 20 га яқин асари аниқланган. Улардан «Девони қасоиди Махмудия» асарида илм ва одоб, она ватан ҳақидаги қасида ва назмлар жамланган. Қарочида босилган «Мусаддасоти Махмудия» китобчасида Ватан ва унинг озодлиги хақида ёзилган жозибали мусаддаслари жам қилинган. Улардан айрим парчалар келтирамиз:

«Замзамаи озодий» мусаддасидан:

… Қани хорижга чиққан раҳнамолар, марду, майдонлар?
Мужоҳидлар, мудаббирзода туркистонлик ўғлонлар?
На бўлди ул Ватан йулида берган аҳду паймонлар?
Жўнар соатда кўздин оқизилган бебаҳо қонлар?
Қолур токай асири фирқаи илҳод Туркистон,
Илоҳи, қил карам, лутфингдин ўлсин шод Туркистон.

«Шамоили Муҳаммадия» асарининг таржимасига бағишланган мухаммас-қасидадан:

Муҳожирлар, ўқинглар, бир китоби мухтасардир бу,
Набий авсофидин сизларга тўпланган гуҳардир бу,
Асалдан ҳам асалдир бу, шакардин ҳам шакардир бу,
ўқилсин, ҳар даму кулфат учун даф асардир бу.
Мукаммал нахшан ул ҳазрати хайр ул-башардир бу.

«Риёз ус-солиҳийн»га бағишланган қасидадан:

Ассалом, эй аҳли миллат, марҳабо, эй аҳли дин.
Уммати маҳбуби Аҳмад, раҳмати руйи замин,
Пайрави Қуръон ва Суннат хайрул мурсалин,
Сизлара бўлсин муборак муждаи жон офарин.
Меҳрибон бўлди муҳожирларга раббил оламин,
Лутфидин бўлди мутаржим бу Риёз ус-солиҳийн.

Олмонияда чиққан «Миллий Туркистон», Мисрда чиққан арабча «Савт ат-Туркистон» ва туркча «Озод Туркистон», шунингдек, Покистонда чиққан «Таржимони афкор» ва Истамбулда чиққан «Туркистон» журналларида Олтинхон тўранинг Ватан мадҳига бағишланган мақолалари ва ғазаллари муттасил босилиб турган. Уларда муаллиф Ватан озодлиги, истиқлоли учун барча ватандошларни бирдамликка чақиради, она-юрт ишқида куйиб ёнади, унинг гўзалликларини куйлайди. Домла Тарозий бир мақоласида шундай деб ёзади:

«… Русия ила Чин ўртасида мустақил Туркистон давлати шартдир… Иншооллоҳ, бир кун келажак, Туркистонимиз миллий мустақиллигини олажак».

Бу гаплар 1975 йили ёзилган. Бизнинг кунларда унинг ушбу гаплари худди башоратга ўхшайди. Вақти келиб, устознинг барча мақолаларини тўплаб, мустабид тузумдан озод бўлган халқимизга ҳадя этадиган кунлар насиб қилади, деган умиддамиз.

Ватандошларнинг эътироф этишларича, Олтинхон тўра Саудия Арабистонида яшовчи туркистонликларнинг маънавий рахбари эди. Бу ёруғ кунларга етиб келгунча Олтинхон тўрага ўхшаш не-не мунаввар ватандошларимиз, юртдан ташқарида бўлса ҳам Ватан озодлиги йулида заҳмат чекдилар, она юрт фироқида куйиб ёндилар. Олтинхон тўра бир гуруҳ ҳаммаслаклари билан биргаликда Туркистондаги оғир меҳнат шароити, пахта яккаҳокимлиги туфайли унга сепилган заҳарли моддалардан турли касалликлар тарқалаётгани ҳақида, умуман юртимизнинг умумжаҳон тараққиётидан орқада қолаётгани ҳақида Саудия Арабистони ва бошқа чет эл матбуотида, турли радио тўлқинларда чиқишлар қилиб турган.

«Улуғ Октябр инқилоби» деб аталган 1917 йилдаги давлат тўнтаришининг 40 йиллиги муносабати билан 1956 йилдан СССРда бошланган кенг тарғибот-ташвиқот ишларига жавобан, бу найрангларни фош қилувчи чиқишларга Олтинхон тўра бошчилик қилган.

«Таржимони афкор» журналининг муҳаррири Аъзам Хошимий: «Бу зот муҳожирларимиз таржимонлиги соҳасида ўз вазифасини бажарган бир миллатпарвар ва ватанпарвардир», — деб ёзган эди.

facebook.com