Бунга анча бўлди…

Бунга анча бўлди…
47 views
28 October 2018 - 10:00

БУНГА АНЧА БЎЛДИ…

Бу воқеага анча бўлди. Йигирма бир йил!

Эсимдан чиқмайдиган из қолдириб кетган. Эндигина йигирмадан ўтгандим. Гўшт маҳсулотларини қайта ишлайдиган корхона очиб, ҳалол колбаса ишлаб чиқармоқчи бўлдим.

Жамғарган пулларимга ускуна сотиб олдим. Бу соҳа мутаҳассисини топиш қийин бўлмади. Вилоят гўшт комбинатига қарашли корхонада ёши қирқлар атрофидаги одам билан танишдим, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб беришини баҳолашиб олдик, ҳурсанд бўлиб, рози бўлди.

Ўша кундан бошлаб қорамол сотиб ола бошладим. Маҳсулотимиз сифатли бўлсин деб уч юз эллик, тўрт юз килоли молларни олдим. У одамнинг уйи биздан эллик беш чақиримча жойда эди, дадам раҳматли ҳар кун эрталаб бориб олиб келиб, кечқурун ташлаб қўярдилар. Баъзан иши чиқиб қолар, бориб, қуруқ қайтиб келардилар.

Биринчи маҳсулотимиз чиққан куни маҳсулотимизнинг аввалини ҳурсандчилик билан кутдим. Аммо, негадир колбасанинг ранги ҳунук, жигарранг сифат чиқди. Билдирмасликка ҳаракат қилсам ҳам, кайфият тушиб кетди.

Технолог (ўша одам) ҳам ҳайрон, айбни нимадан қидиришни билмади, сал кам тонна гўшт сифатини йўқотди. Кейин эртасига яна чиқардик, буниси ҳам айнан ўшандай чиқди. Ускунани ҳамма ёғини очиб, бошқаттан йиғдирдим, нега бундай қилганимизни мен ҳам билмасдим, у одам айтди, мен уста чақириб қилдирдим. Кейин яна ўша аҳвол…

Маҳсулотнинг таъми яхши, одамларга ёқаверади, аммо, ранги ҳунук, яна, қазигами, ҳасипгами ўхшаб қолаверди. Оз-оздан таниш дўконлар орқали сотиб турдим. Олганлар ҳам фақатгина мени ё дўкондорни танигани учунгина, “уларнинг маҳсулотлари ҳалол бўлади” деб ҳарид қилиб юрди.

Кейин, айбни топгандек бўлди, ҳаммасига мен Тошкентдан олиб келган, гўштни қайта ишлашда қўшиладиган қўшилмалар сабаб экан. Уни ташлаб юбориб, янгисини сотиб олдим, ҳудди янги корхона ишга тушадигандай кайфият билан кутдим. Яна биринчи маҳсулот аввалгисидан кам бўлмади…

Ҳар нарса қилиб кўрдим, ҳатто, баъзи ускуналарни алмаштирдим, иш ўзгармади. Бошқа савдодан топганларим, бор-будларим шу корхонага кириб кетаверди. Идиш-товоқ сотадиган дўконим ичидаги моллари билан сотилиб, у ҳам сингиб кетди. Орадан қанчадир муддат ўтиб, озиқ-овқат дўкон ҳам моллари билан кетди. Сарф қилишни тўхтатолмадим, чунки, таниш-билишларга “иншаАллоҳ ҳалол колбаса ишлаб чиқарамиз” деб қўйгандим.

Вақт ўтаверди, икки йил дадам ўша одамни олиб келиб, олиб боравердилар. У ҳам қийналиб кетди, бизни ярим йўлда ташлаб кетгиси келмади, “чиқарамиз, барибир чиқарамиз” дерди. Ўзи иш юритяпган корхонасига олиб борарди баъзан, у ерда жуда чиройли, ҳавас қилгудек чиқар, бизники эса, одамни ранжитарди.

Кейин технолог ака ўзидан кўра яхшироқ мутаҳассислардан сўраб, суриштириб келди, ҳамма айб, ускуналаримиз Россияникилигида экан.

Хориждан ускуна олиб келиб сотадиган бир одам билан гаплашиб келди. Айтишича, бирор ойлардан кейин Германия, Исроил, Италия, Польша ҳамкорлигида ишлаб чиқарилган дастгоҳ келиб қолишини айтди. Уни уч ойча кутдик. Келди, бориб кўрибоқ унинг ҳайбатидан ҳафсалам пир бўлди.

Кейин яна арзонроғи келишини айтди, яна кутдим, яна, яна кутавердим. Ора-орада ўша ускунамизда чиқариб ҳам турдик.

Бир кун келиб “бўлди, мен топдим гап нимада” деди. Тўртта катта-катта мол олдирди, гўштини нимталаттирдим, “бунга жигарни қиймалагичдан чиқариб, қўшиб юборамиз” деди, айтганини қилдик. Қийма кўринишининг ўзиёқ кўнглимни айнитиб юборди. Икки тоннага яқин гўшт бўтқага айланиб кетди. Колбаса қилиб чиқарилмади ҳам…

Дадам уни ташлагани кетиб, кечқурун ҳомуш келдилар. “Ўғлим, биз адашибмиз, у одамни ишга олишда хато қилибмиз” дедилар. “Нега, ахир ўзининг корхонасида жудаям сифатли маҳсулот чиқяпти-ку” дедим.

“Ҳа, чиқяпти. Ҳамма гап шунда экан. Бугун бир устозининг олдига кириб ўтишини айтди, олдига бордик, мен нарироқда тургандим, иш нима бўляпти деб сўради, тўрттасини тинчитдим, энди манавиларни ҳам бир ёқлик қилсам, бизга ҳеч ким рақобат қилолмайди, оз қолди, деди, мен уни эшитиб қолдим” дедилар…

Ўша кун йиғладим, овоз чиқариб эмас, қалбим йиғлади, ахир мен у одамга ишонгандим, икки йил ишондим, вақтим ўтгани майли, мен боримдан, дўконларимдан, савдоимдан, ҳатто тагимда миниб юрган мошинамдан ҳам айрилдим, агар эркак киши бўлмаганимда, овозим чиқариб ҳам, дод деб ҳам йиғлардим…

Қайтиб олиб келмадик, ўзи ҳам келмади, йўқ бўлиб кетди. Ускуналаримни сотувга қўйдим. Бутун оладиган одам чиқмади, бўлиб-бўлиб ҳаридорлар керагини олиб кетаверди. Кирган нархига сотдим, қутулсам бўлдийди.

Бир кун ҳаридор келди деб чақиришди. Бордим, кўришдим, ишхонамизга олиб кирдим, айланиб кўрди. Кейин ўйланиб туриб “Ҳалол колбаса чиқараман деган йигит сизмисиз?” деди. “Ҳа” дедим. “Ука, ҳалол деган гапингизни эшитиб, Намангандан келдим. Ҳеч нарсани сотманг, қайта тиклаймиз, мен сизга ёрдам бераман” деди.

“Йўқ, ҳафсалам пир бўлди, энди кўнглим чопмайди” дедим. “Юринг мен билан” деб, мошинасига ўтқазди. Наманганга бордик. Уйлари Оромгоҳда экан. Ҳовлининг ёнига ишхона қилибди. Ҳар бир хонасига олиб кириб кўрсатди. “Мен бу соҳада анчадан бери ишлайман, яхши иш, маҳсулотингиз сифатли бўлса, элнинг дуосини оласиз, сотманг, мен ёрдам берай, нима керак бўлса шу ердан олинг, менга бир сўмингиз керак эмас, савоб учун, ана, ҳоҳлаган нарсангизни олинг, фақат, ишни юритинг, иккаламиз бир одам бўлиб, елкама-елка турамиз, бир-биримизга ёрдам берамиз (ваҳоланки, мендан у одамга ҳеч қандай ёрдам керак эмасди), четдан водийга ҳеч ким кириб рақобат қилолмасин” деди…

Кўнглим совиб кетгани учун таклифни қабул қилолмадим, мен у одамнинг эсидан чиқиб кетгандирман, аммо бу Олимхон ҳожи ака деган одам менинг эсимда бир умрга қолиб кетди. Бугун Шайх Эшон масжидида узоқдан кўриб қолдим. Йигирма бир йилллик воқеалар хотирамдан тасмадек ўтди. Ҳаққига ғоибона дуо қилдим.

Бир юртнинг, бир даврнинг икки ҳил одами, икки хил хулқ эгаси. Бирни нафрат билан, бирини ғоибона бўлса ҳам ҳавас билан эслайман. Эҳтимол кимдир танир, эҳтимол яқиндан билар, дуоимни етказиб қўяр деб, битиб ўтдим…

Салим АЙЮБИЙ

facebook.com