Истанбулда ҳибсга олинган Малик Мансур озод этилди

Истанбулда ҳибсга олинган Малик Мансур озод этилди
30 views
30 October 2018 - 9:11

«Америка овози» радиосининг Истанбул шаҳрида ҳибсга олиниб судланган, Малик Мансур тахаллуси остида ишлайдиган 49 ёшли мухбири Абдумалик Бобоев 29 октябрь куни кечқурун соат 17.00 атрофида озод этилди

Малик Мансурнинг «Элтуз» манбасига қолдирган хабарига кўра, у айрим тақиқ жазо чоралари билан ҳибсдан озод этилган.  Бироқ жазо чоралари тафсилоти ҳозирча «Элтуз»га маълум эмас. Ўзбек журналистининг ҳибсдан озод қилинганини» Америка овози» радиоси ўзбек хизмати раҳбари Жавдат Сайхон ҳам тасдиқлади.

Малик Мансур Туркияда истиқомат қилаётган 300 мингдан зиёд Ўзбекистон ватандоши ҳаётидан репортажлар тайёрлаётган эди.

Журналист яқинларининг «Элтуз»га айтишича, у Саудия Арабистонининг Истанбулдаги консулхонаси олдида ўтаëтган намойишни видеотасвирга олаëтган пайтда 28 октябрь куни ушланган.

«Туркиядаги “Ўзбеклар” ташкилоти раҳбари Одам Чевик Саудия консулхонаси биносида «Вашингтон пост» журналисти Жамол Қошиқчи ўлдирилганини қоралаб нутқ сўзлаганида полиция келди.

Одам Чевикни ҳам, уни видоега олган Малик Мансурни ҳам қўлига кишан солиб олиб кетишди», дейди журналистнинг Истанбулдаги яқинларидан бири.

«Элтуз»нинг ўрганишича, Малик Мансур “изн берилмаган митинг иштирокчиси сифатида ҳибсга олиниб, Леванд тергов бўлимида (Levent karakolu) сўроқ қилиниб, айни бўлим ҳибсхонасига қамаб қўйилган.

Бундан сал илгари «Элтуз» ҳуқуқбузар сифатида айбланаётган журналистнинг суд иши 29 октябрнинг биринчи ярмида Истанбул шаҳри Чоғлоëн (Çağlayan adliyasi) адлия биносида бўлиши режалангани ҳақидаги хабарни олган эди.

“Америка овози” радиосининг ўзбек хизматида 2002 йилдан буён жамоатчи мухбир бўлиб ишлаб келган Малик Мансур 2011 йилнинг февралида «ўзбек халқига туҳмат қилганлик»да айбланиб, устидан жиноят иши иш қўзғатилгани ортидан Ўзбекистонни тарк этиб, Германиядан сиёсий бошпана олишга мажбур бўлган эди.

Манба: Eltuz.com