Жаҳонгир Умаровга оид “жиноят иши” ҳамон “осилиб” ётибди

Жаҳонгир Умаровга оид “жиноят иши” ҳамон “осилиб” ётибди
99 views
30 October 2018 - 14:12

ТАДБИРКОР ЖАҲОНГИР УМАРОВГА НИСБАТАН УЮШТИРИЛГАН  “ЖИНОЯТ ИШИ” “ЎЙИНЛАРИ” ОРТИДА БОШ ПРОКУРАТУРАНИНГ ЎЗИ БОШ-ҚОШ БЎЛИБ ТУРИБДИ ЭКАН-ДА ДЕГАН ШУБҲАДАН ЮРАКЛАРЗАГА КЕЛАДИ!

ҚОНУН ИЖРОСИНИ НАЗОРАТ ЭТУВЧИ ЭНГ ЮҚОРИ ОРГАН-А?

НАҲОТКИ?!

БИЗ ҲАМ БУНИНГДЕК ШУБҲАГА БОРИШНИ ИСТАМАЙМИЗ!

БИРОҚ…

МИНГ АФСУСКИ, ЖАҲОНГИР УМАРОВГА ОИД “ЖИНОЯТ ИШИ” ЖАРАЁНЛАРИГА ОИД ТАҲЛИЛ НАТИЖАЛАРИ АЙНАН ШУНИ КЎРСАТМОҚДА, “ЖИНОЯТ ИШИ” ГА АСОС СОЛУВЧИ ИПЛАР БОШ ПРОКУРАТУРА САРИ ОЛИБ БОРМОҚДА, ТАҲЛИЛЛЛАР НАТИЖАСИ БОШ ПРОКУРАТУРАГА ИШОРАТ БЕРМОҚДА?

НЕГА ШУНДАЙ?

Ваколат адолат ва ҳақиқатдан устунми?

Жамиятимиз ҳаётида юз бераётган ижобий ўзгаришлар кун сайин тобаро яққол кўзга ташланмоқда. Ҳар бир инсон, ҳар бир фуқаронинг ҳаётга бўлган қарашлари, мақсад ва интилишларида бу ижобий ўзгаришлар нафасини ҳис қилиш мумкин.

Бироқ бу ўзгаришларнинг руёби фақат уни исташ билангина амалга ошиб қолмайди. Ўзгаришлар барчадан янгиланишларнинг моҳиятини ҳис қилиши, ўз ҳаракатлари ва қарашларини бир мақсадга қаратишни, мазкур жараённинг фаол иштирокчилари эса умумий механизмнинг ўзаро боғлиқ мурватлари бўлиб, ҳамоҳанг ҳаракатланиши лозимлигини тақозо қилади.

Агарда ушбу мурватлардан бирортаси ишламаса, ёки мақсадни англамаган ҳолда нотўғри ишласа, умумий тавсирни ниҳоят даражада хиралаштиради, манзил йўлини қийинлаштиради.

Президентимиз томонидан аввало, халқнинг адолат ва қонун устуворлигига бўлган ишончини мустаҳкамлаш борасида муҳим йўналишлар, аниқ мақсад ва вазифалар белгиланаётган, қонун ва қарорлар қабул қилинаётган вақтда, барча ишларга мутлақо тескари, гўё-ки, ўзгаришлар ҳамда талаблар умуман уларга тааллуқли эмасдек, деган фикр уйғотадиган айрим ишлар юз бераётганлиги албатта фожеалидир.

Электрон матбуотда кенг ёритилган тадбиркор Умаров Жахонгирга нисбатан уни гиёҳвандлик моддасини ноқонуний сақлаш билан айблаш ҳақидаги жиноят иши кенг омманинг эътиборини тортди.

Мазкур жиноят бўйича суд жараёнидаги қарама-қаршиликлар, тадбиркор Ж.Умаровни ушлашдан тортиб, уни ҳибсхонада сақлашгача бўлган жараёнгача шунчаки майда-чуйда эмас, айнан ички ишлар ходимларининг ўзлари гиёҳвандлик моддаларини ташлаганликлари, улар томонидан тадбиркор калтакланганлиги, оила аъзоларига йўқ қилиб юбориш билан таҳдид қилинганлиги ҳақидаги ўта оғир жиноятларда ифодаланувчи қонунбузилишларга қарамасдан, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман судининг 2018 йил 25 августдаги ҳукм билан тадбиркорни 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилганлиги кўпчиликнинг асосли ҳайратига сабаб бўлди.

Биринчидан, тадбиркор Ж.Умаровга гиёҳвандлик моддаси ташланганлиги ҳақидаги важлар шунчаки оғзки гап ёки ҳимоячиларнинг позицияси бўлмасдан, видео ва аудиоёзувлар, гувоҳларнинг кўрсатмалари, тадбирда иштирок этган экспертларнинг кўрсатмалари, тадбир юзасидан расмийлаштирилган процессуал ҳужжатлардаги қарама-қаршиликлар, тадбирни видео ва аудиотасвирга олиш билан боғлиқ мажбурий талабнинг “шубҳали” сабабларга кўра бажарилмаганлиги, тадбирда иштирок этган холисларнинг ҳақиқатда манфаатдор шахслар – “ёлланма” холислар эканлиги каби далиллар билан;

Иккинчидан, тадбиркор ушланганидан кейин унинг тергов ҳибсхонасида аёвсиз калтакланганлигини тасдиқловчи экспертиза хулосаси билан;

Учинчидан, тадбирнинг ҳамда тергов ишларининг қонун талаблари қўпол бузилган ҳолда нотўғри ўтказилганлигини тасдиқловчи Ички ишлар вазирлишининг хизмат текшируви хулосаси билан исботланди.

Юқорида келтирилганлар ҳуқуқшунос бўлмаган ўқувчи ҳам англаб оладиган оддий ҳолатлар бўлиб, иш материалларида бундан ташқари, аслида айбловни истисно этиш учун етарли бўлган шу қадар процессуал қонун бузилишлари ва хатоликлар кўп-ки, шунга қарамасдан тадбиркорнинг айбдор деб топилганлиги замирида аслида қандай сабаб ётганлиги ҳар қандай одамни ўйлантиради.

Бироқ тадбиркор Ж.Умаровга қаратилган ҳар қандай қонунларни назар-писанд қилмасдан, бундай ғайритабиий ва мантиққа зид тайзиқларнинг ва тақибларнинг давом этиб келаётганлиги эътиборни ўзига янада жиддийроқ тортади. Ушбу қонун бузилишлари ва адолатсизликлар шу қадар узвийки, битта умумий мухенизм сифатида ҳаракат қилаётгандек кишида асосли тасаввур уйғотади.

Тадбиркор Ж.Умаровга нисбатан суд ҳукми чиқарилганидан кейинги жараён унга нисбатан бўлган жиноят ишидан келиб чиқадиган, бироқ алоҳида икки хил муносабатларга оид бўлиб, ҳар иккисининг таҳлили гўё-ки уларни айнан тадбиркорнинг шахсига, унинг тақдирига қарши бўлган бир умумий куч бошқармоқда, деган асосли фикрни шакллантиради.

Ушбу иккита ҳолатнинг биринчиси, бу тадбиркор Ж.Умаровни ушлаш, уни тергов ҳисбхонасида сақлаш жараёнидаги қонун бузилишлари юзасидан Ички ишлар вазирлигининг хизмат текшируви хулосаси асосида Тошкент шаҳар Миробод туман прокуратураси томонидан ўтказилган текширув жараёни.

Миробод туман прокуратураси томонидан текширув ишлари бошланганига икки ойдан ортиқ муддат ўтган бўлса-да, ҳозирги кунга қадар жиноят иши қўзғатишга прокуратура томонидан жазм қилинмади.

Ҳаттоки, текширув натижалари юзасидан қабул қилинган қарор (у қандай бўлишидан қатъий назар) тадбиркорга ҳам, унинг адвокатларига ҳам топширилгани йўқ. Фақат прокуратура ходимлари томонидан жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор қабул қилинганлиги ҳақида оғзаки равишда маълум қилинган бўлиб, номаълум сабабларга кўра бу қарор “яшириб қўйилган”, кўрсатилмаяпди. Қандай қилиб шахснинг жиноят иши қўзғатиш ҳақидаги аризаси бўйича қабул қилинган қарор унинг ўзига топширилмаслиги мумкин?

Тушунарли ҳолатки, бу билан прокуратура ушбу қарорнинг (жиноят иши қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги) шикоят қилинишининг олдини олмоқчи. Лекин наҳотки бу мантиқий метод бўлса? Бироқ шундай ҳолатлар бўлар эканки, бу каби ҳеч қандай қолипга тўғри келмайдиган методлар ҳам иш берар экан. Чунки, адвокатлар томонидан такрор ва такрор мурожаат қилинмасин ва шикоят қилинмасин, қарор берилмасдан, кўзланган натижага эришилмоқда.

Прокуратура текшируви бўлган масаланинг ўзига назар ташланадиган бўлса, қандай қилиб бу асосларга кўра жиноят иши қўзғатилмасдан келаётганлигининг ўзи ҳам бир мўжиза.

Чунки, тадбиркор Ж.Умаровга нисбатан гиёҳвандлик моддалари билан боғлиқ  ноқонуний айблов бўйича жиноят иши қўзғатишга асос бўлган ушбу ҳолатнинг айнан тадбирни ўтказган Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан буюртма асосида олдиндан режалаштирилиб, қасддан уюштирилганлиги, айбни тадбиркорнинг бўйнига қўйиш учун унга куч ишлатиб, тан жароҳати етказилганлиги, оила аъзоларини йўқ қилиш билан таҳдид қилинганлиги исботлаш учун етарлича далиллар мавжуд бўлиб, улар суд муҳокамаси жараёнида ҳам исботланган эди.

Тадбиркор Ж.Умаровга нисбатан уюштирилган айблов уни уриб, тан жароҳати етказиб, зўрлик билан қўйилганлиги иш бўйича ўтказилган суд-тиббиёт экспертизасининг хулосаси билан исботланди. Мазкур экспертиза хулосасида ушбу тан жароҳатлари қаттиқ тумтоқ жисм таъсирида у тезкор ходимлар билан ушланганидан кейин етказилганлиги ҳамда тан жароҳатларининг ўзига-ўзи етказиши эҳтимолдан йироқ эканлиги кўрсатилган.

Судга шунингдек айбловнинг айнан ички ишлар ходимлар томонидан уюштирилганлиги, гиёҳвандлик моддасининг тадбир вақтида унинг хонасига ташлаб қўйилганлигини тасдиқловчи қуйидаги далиллар тақдим этилди.

Судланувчи Ж.Ш.Умаровга нисбатан унга қўйилган айбловнинг  Тошкент шаҳар ИИББ ЖҚБ уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ўта муҳим ишлар бўйича катта тезкор вакили Нуритдинов Фатхиддин Саддритдинович томонидан қасддан “буюртма” асосида уюштирилганлиги ва гиёҳвандлик моддаси у томонидан “ташлаб қўйилганлиги” унинг ўз сўзлари билан айтган аудиоёзув ҳамда видеоёзув билан исботланди.

Ф.С.Нуритдинов аудиоёзувда қандай “усталик билан” ҳеч кимга сездирмасдан гиёҳвандлик моддасини ташлаб қўйганлигини, Ж.Умаров айбини бўйнига олмасдан, курашишга уринадиган ва бу ҳақида кимгадир айтадиган бўлса фарзандларини ҳам йўқ қилиб юбориши билан таҳдид қилиб айтган сўзларини қайд этган аудиоёзув суд мажлисида тингланди.

Шунингдек, мазкур суд мажлисида Ф.С.Нуритдиновнинг ўзи уюштирган жиноят очилиб қолган тақдирда айбни бўйнига олиш учун бошқа шахсни тайёрлаш бўйича репетиция қилиш жараёни унинг ўзи (Ф.С.Нуритдинов) томонидан видеога олингани ва қандай қилиб ташлаб қўйилганлиги бўйича видеотасвир ҳам суд мажлисида кўрилди.

Ушбу аудиоёзув ва видеоёзувда қайд этилган ҳолатлар юзасидан суд мажлисида гувоҳлар сўроқ қилинди. Гувоҳлар ўз кўрсатмаларида ҳақиқатдан ҳам айбловга асос бўлган гиёҳвандлик моддасининг тадбир иштирокчиси бўлган Ф.С.Нуритдинов томонидан ташлаб қўйилганлигини тасдиқлашди.

Ф.Нуритдиновнинг ўзи судда берган кўрсатмасида ҳақиқатдан ҳам қайд этилган аудио ва видеоёзувдаги овозлар унга тегишли эканлигини, ушбу сўзларни ўзи айтганлигини маълум қилиб, айтилган сўзларнинг ёлғонлигини тасдиқловчи ҳеч қандай далил ва важ келтира олмади.

Шунингек, Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари томонидан бу иш нима сабабга кўра ва кимнинг буюртмаси асосида содир этилганлиги судга маълум қилинди ҳамда суд томонидан ўтказилган текширишда бу ҳолатлар ўз исботини топди.

Ж.Умаров уни жиноят содир этишда айблаш ва унга туҳмат қилиш унинг собиқ бизнес ҳамкори бўлган Абдуллаев Абдушукурнинг буюртмаси асосида бажарилганлигини судда маълум қилди ҳамда унинг ушбу кўрсатмаси айни тадбир ўтказилган кун – 2018 йил 22 январда А.Абдуллаев ва Тошкент шаҳар ИИББ ходимларнинг ўзаро қўнғироқлари билан ҳам ўз исботини топди. Хусусан, тезкор ходим Ф.С.Нуритдинов буюртмаси А.Абдуллаев билан шу куни 17 марта қўнғироқлашганлиги буни яққол исботлади.

Бундан ташқари, ноқонуний равишда ўтказилганлиги иш ҳужжатлари билан тасдиқланган тадбирни ўтказишда ўзлари истаганларича ҳаракат қилишлари учун ИИББ тезкор ходимлари тадбирга ўзларига таниш бўлган шахсларни сохта холис сифатида жалб қилишган.

Холисларнинг тадбирни ўтказган ходимларнинг танишлари эканлиги ва уларнинг қўнғироғига асосан етиб келганликлари суд муҳокамасида сўроқлар ва телефон қўнғироқларининг пиллингига оид маълумотлар билан исботланди.

Шунингдек, ҳодиса жойини сохталаштириш ва ўзларига мос сценарийга келтириш, ўз қилмишларининг уюштирилганлигини исботловчи ҳолатларни йўқ қилиш учун воқеа жойига терговчи ва экспертларнинг иштирокисиз, бундай тадбирларни ўтказишда мажбурий бўлган фото ва видеокамераларсиз боришган.

Тадбирни ўтказишда қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги суд ажрими асосида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўтказилган хизмат текшируви хулосаси билан ҳам тасдиқланди ва ўз исботини топди.

Лекин негадир юқоридаги ҳолатларнинг барчаси Миробод туман прокуратурасига жиноят ишини қўзғатишга етарли бўлмади? Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги қарорнинг топширилмасдан келаётганлигидан эса, шунча асосга қарамасдан жиноят иш қўзғатмаганлигидан прокуратуранинг ўзи ҳам уялаётган бўлса керак, деб тахмин қилиш мумкин.

Юқорида келтирилганидек, тадбиркор Ж.Умаровга нисбатан бўлаётган адолатсизлик ва ҳақсизликлар фақат бу билан чекланиб қолгани йўқ. Бу жараён унга нисбатан тайинланган жазонинг қонун талабларида асосида ўзгартирилишида ҳам такрорланди.

Тадбиркорни айблаш ҳақида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Олмазор туман суди томонидан 2018 йил 25 августда асоссиз ва адолатсиз чиқарилган ҳукм билан у Жиноят кодекси 276-моддаси 2-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилиб, унга нисбатан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Аввало, 5 йил муддат ушбу модда санкцияси доирасида белгиланган энг юқори жазо бўлиб, Ж.Умаровнинг айбини оғирлаштирувчи ҳолатлар мавжуд бўлмасада, у муқаддам судланмаган, яшаш ва иш жойидан ижобий тавсифланган бўлсада, негадир суд қонун талабларига кўра ашаддий жиноятчиларгагина бериладиган энг максимал жазони тайинлади.

Тадбиркорнинг сўзларига кўра, у жазони ижро этиш муассасига борганида бошқа маҳкумлар у айбланган модда бўйича (Жиноят кодекси 276-моддаси 2-қисми “а” банди) озодликдан маҳрум қилинган биринчи маҳкум эканлигини, ўта ноёб жазо эканлигини айтиб ҳайратини яширмаганлар. Яъники, суд амалиётининг таҳлилига кўра ушбу модда бўйича нафақат санкция доирасида максимум жазо тайинланмайди, балки, 99.99 фоиз ҳолатларда шахс айбдор деб топилган тақдирда ҳам унга озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмайди.

Воқеаларнинг ривожи бу ҳайратнинг бежиз эмаслигини кўрсатади.

Чунки, суд ҳукми билан тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосидан айни шу жиноят иши бўйича дастлаб жарима жазоси тўлиқ тўланганлиги инобатга олиниб, 1 йил 1 ой 5 кун ҳамда Ж.Умаров эҳтиёт чораси сифатида қамоқда бўлган давр ҳам чегирилди. Яъни, суд ҳукми тайинланган вақтида Ж.Ш.Умаров тайинланган 5 йил жазонинг 1 йил 5 ой 26 кунини ўтаб бўлган эди.

Жиноят кодекси қонунчилигига кўра, ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки унча оғир бўлмаган жинояти учун суд тайинлаган жазо муддатининг камида тўртдан бир қисмини ўтаган маҳкумга тайинланган жазо енгилроғи билан алмаштирилиши мумкин.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят Оҳангарон туман судининг 2018 йил 12 сентябрдаги ажрими билан Ж.Умаров тайинланган жазонинг тўртдан бир қисмини ўтаганлиги учун унга тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмаган 3 йил 5 ой ва 18 куни аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси билан алмаштирилди.

Зеро, Олий суд Пленумининг “Жазони ўташдан муддатидан илгари озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги қарорига кўра, маҳкум муайян жазони ижро этиш муассасасида қисқа вақт мобайнида бўлганлиги жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш ёки жазони енгилроғи билан алмаштиришга тўсқинлик қилмайди.

Бироқ Оҳангарон туман судининг жазони алмаштириш ҳақидаги ушбу ажрими кучга киришга ҳам улгурмасдан, жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди кассация инстанциясининг 2018 йил 22 сентябрдаги ажрими билан бекор қилиниб, тадбиркорнинг озодликдан маҳрум қилиш муассасасига қайтарилиши белгиланди.

Вазифаси қонунийликни таъминлаш бўлган идораларнинг ўзлари қонунларни бузишса, назар-писанд қилишмаса, қандай қилиб адолатни таъминлаш мумкин?

Тошкент вилоят суди томонидан юқоридаги ажримнинг кўринишида қонун талаблари қўпол равишда бузилган, процессуал қонун талабларига риоя қилинмаганлигига кўз юмилган.

Қонунга кўра туман судининг ажрими устидан у чиқарилган кундан эътиборан ўн кунлик муддатда хусусий шикоят берилиши ёки хусусий протест билдирилиши мумкин. Ажрим устидан шикоят берилган ёхуд протест билдирилган тақдирда, шикоят бериш ёки протест билдириш учун белгиланган муддат тугагандан кейингина иш апелляция инстанцияси судига юборилади.

Лекин мазкур ажрим устидан шикоят келтириш учун қонунда белгиланган ўн кунлик муддат ўтмасдан туриб, ажримга нисбатан Тошкент вилоят прокурори томонидан келтирилган протест жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят судига юборилиб, 2018 йил 22 сентябрь – шанба куни кўриб чиқилган (судларда шанба иш куни эмас).

Қизиғи, иш Тошкент вилоят судида апелляция тартибида эмас, кассация тартибида кўрилган.

ЖПКнинг 498-моддасига кўра, суднинг қонуний кучга кирган ажримларига нисбатан кассация тартибида протест келтирилади. Бироқ юқорида қайд этилганидек, 2018 йил 12 сентябрда чиқарилган ажрим 24 сентябрга келибгина кучга кирсада, лекин суд ишни кассация тартибида кўриб чиққан.

Қандай қилиб ҳали кучга кирмаган ажримга нисбатан кассация протести келтирилганлиги ва иш кассация инстанциясида кўрилганлиги ҳеч қандай қонун билан ҳам, мантиқ билан ҳам тушунтириб бўлмас ҳолат.

Иккинчидан, протест келиб тушганлиги тадбиркор Ж.Умаровга маълум қилинмаган, унинг судда иштирок этиш ва ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳуқуқи таъминланмаган.

Гарчи суд ажримида гўё-ки Ж.Умаровнинг ҳимоячиси бўлган адвокат С.Матниязовнинг иштирок этганлиги кўрсатилган бўлсада, тадбиркор бундай адвокатни умуман танимаслигини, у билан ҳуқуқлари ҳимоясини амалга ошириш учун иш ҳолатлари бўйича умуман гаплашмаганлигини, уни кўрмаганлигини маълум қилган. Асосли савол туғилади, Ж.Умаровни ҳимоячи билан “таъминлаш” учун “қайғурган” суд нега бир оғиз унинг ўзини суд муҳокамаси ҳақида хабардор қилишни ҳам лозим топмади?!

Ҳуқуқ илмидан бутунлай узоқ бўлган инсонларни ҳам ҳайратда қолдирадиган қуйидаги ҳолатлар ҳаммасидан ошиб тушади.

Прокуратуранинг протести 2018 йил 22 сентябрь куни судга келиб тушган бўлиб, у шу куни иш вақтининг бошида, яъни соат 09-00 да Оҳангарон туман судига келиб тушган тақдирда ҳам уни рўйхатга олиш, манфаатдор шахсларга хабарномалар юбориш керак. Оҳангарон туман суди ва Тошкент вилоят суди ўртасидаги оралиқ масофанинг ўзи, яъни ишни туман судидан вилоят судига фақатгина етказиб боришдаги йўлнинг ўзи бир соатдан ортиқ вақт олади.

Оҳангарон туман судидан Тошкент вилоят судига келиб тушган иш девонхонадан, кейин кассация бўлимидан рўйхатдан ўтказилиши, суд раиси томонидан муайян маърузачига “устхат” орқали берилиши, ишни кўрадиган судлов ҳайъатининг таркиби белгиланиши керак.

Шундан кейин судлов ҳайъати иш билан танишиши, уни расмийлаштириш билан боғлиқ процессуал талабларга риоя қилинганлигини текшириши керак.

Бироқ ишни кўриш протест келиб тушган куннинг ўзида-ёқ, соат 11-00 да вилоят судида кўриш учун тайинланган.

Наҳотки, шунча ҳаракат учун 2 соат етарли бўлса?!

Бутун вилоят суди айнан Ж.Умаровнинг иши қачон келар экан ва қачон кўрарканмиз деб кўз тикиб турган бўлса ҳам бунга амалда улгуриш мумкин эмаслиги кундай равшан-ку!

Улгурди ҳам дейлик, лекин бу улгуришнинг қандай аҳамияти бор. Ахир судда ишларни кўриш рекорд ўрнатиш жараёни эмас-ку, ёки бу “рекорд” орқасидан қувишнинг ортида нималар бор?

Суд айбини ёпиш учун Ж.Умаровга протест кўрилиши ҳақида хабарнома юбориб ҳам қўйган, фақат бу хабарнома 2018 йил 24 сентябрь куни почта бўлимига топширилган. Қандай қилиб, ахир 2 кун муқаддам кўриб бўлинган ишда иштирок этинг, деб хабарнома юбориш мумкин?

Иш ҳужжатларидаги маълумотлар шу қадар зид-ки, келтирган сари ҳайрат ошиб бораверади.

Протест 2018 йил 22 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судига келиб тушгани ҳолда, Оҳангарон туман суди томонидан 2018 йил 21 сентябрь куни (яъни протест келиб тушишидан бир кун аввал), адвокатлик фирмасига протестни кассация инстанциясида кўришда адвокат иштирокини таъминлаш ҳақида хат юборилмоқда. Жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман судига бир кун аввал эртаси куни протест келиб тушиши тушида аён бўлган эканми?

Одил судловнинг асрлар давомидаги принциплари бўлган айбланаётган шахснинг ҳимояланиш, унга нисбатан келтирилган протестлар билан танишиш ва уларга фикр билдириш ҳуқуқи-чи, буларнинг ҳаммаси фақат чиройли гапларми?

Юқоридаги ҳолатлар суд ишининг содир этилган қилмишга эмас, айнан тадбиркорнинг шахсига қаратилган таъқиб ва унинг бизнесини шу йўл билан тортиб олиш йўлидаги режалаштирилган уюшган фаолият давом этаётганлигини кўрсатиб турибди-ку.

Энди хулоса қилиб айтадиган бўлсак, наҳотки тадбиркор Ж.Умаровнинг ишини кўраётган барчанинг бирдек хатога йўл қўйиши, ҳамманинг далилларга ва қонун талабларига кўз юмиши, қонун талабларини очиқ-ойдин бузиши, тадбиркорнинг ҳолатини енгиллаштирадиган муайян қарор қабул қилинса, бу қарорнинг рекорд тезлигида нафақат қонунлар, мантиқни ҳам истисно этган ҳолда ғайритабиий тезликда бекор бўлиши тасодиф бўлса?

Дастлаб тадбирни ўтказган ва тергов қилган Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси, суд, кейин тадбирдаги ноқонунийликлар бўйича текширув ўтказган Миробод туман прокуратураси ва ниҳоят Ж.Умаровни озодликдан маҳрум қилиш муассасасида бўлишини жуда хоҳлаётган Тошкент вилоят прокуратураси ва жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди, уларнинг барчаси биргаликда хато қилиши мумкин эмас-ку. Буни фақат битта ҳолат билан изоҳлаш мумкин, Президентимиз таъбири билан айтганда ниҳоятда кучли “идора кучи” уларнинг биргаликда хато қилишини истамоқда, афсуски, адолатни таъминлаши лозим бўлган механизм мурватлари шахсни ноқонуний айблашда бехато ишламоқда.

Бир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идора бурютма асосида “хато” қилса, қолганлари бу хатоларни ёпиш билан машғул бўлса, бунда кимдан адолат исташ мумкин?

Айнан адолатни таъминлаш ваколати берилган шахслар бу каби адолатсизликлар ва қонунбузарликларнинг ортида турса, додини кимга айтиш мумкин? Демак келиб чиқаяпдики, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўз айбини ёпишга ҳам имкон берадиган ваколати адолат ва ҳақиқатдан устунми?

Бу ҳолатга фақат шахсан Президентимиз барҳам бериши, бу қонунбузарликларга чек қўйиши, адолат ва ҳақиқатни тиклаши мумкин. Ушбу ҳолатнинг тафсилоти бевосита Президентимизга етиб боради, қонунийлик, адолат ва ҳақиқат ўрнатилади, деб умид қиламиз.

Ҳақиқатнинг эгилиши, букилиши мумкинлиги, лекин синмаслигига ва албатта қарор топишига ишониб қоламиз.

Малоҳат Эшонқулова
Мустақил журналист, ҳуқуқ фаоли