Ойига 12 минг доллардан ошган жўнатмалар Ўзбекистонда шубҳали деб ҳисобланади

Ойига 12 минг доллардан ошган жўнатмалар Ўзбекистонда шубҳали деб ҳисобланади
26 views
31 October 2018 - 9:21

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Жисмоний шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан бир ой давомида энг кам иш ҳақининг 500 баробари ($12300) миқдорида юборилган пул жўнатмалари 2019 йилнинг 27 январидан бошлаб Ўзбекистонда шубҳали, деб тан олинади. Бунга, Norma.uz портали маълумотига кўра, Ўзбекистон Марказий Банки қарори асосида “Тижорат банкларида жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидалари”га киритилган тузатишлар асос бўлади.

Амалдаги тартибга кўра, мазкур сумма уч ой ичида Ўзбекистонга киритилган ёки мамлакатдан олиб чиқиб тақдирда шубҳали ҳисобланади.

Ҳужжатда қайд этилишича, кейинги йил 27 январидан юридик шахслар ёки якка тартибдаги тадбиркорлар ҳисобварақларидан 1000 ЭКИҲ ($24600) ёки ундан ортиқ миқдордаги пул маблағларининг молиявий ёрдам, қарз, дивиденд ёки даромад сифатида кўчирилиши гумонли деб ҳисобланади. Ҳозирда ўтказмани гумонли деб ҳисоблаш учун унинг 500 ЭКИҲга ($12300) тенг бўлиши кифоя.

Ҳозир мижоз ўз ҳисобварағига келиб тушган пул маблағларидан 3 банк куни ичида нақд кўринишда ечиш учун мурожаат қилганида унга 100 ЭКИҲ ($2400) миқдорида маблағ берилади. Кейинги йил 27 январидан эса бу каби мурожаат ортидан 500 ЭКИҲ ($12300) миқдорида пул ечиши мумкин бўлади.

Гумонли ёки шубҳали операция факти аниқланган тақдирда банк ходими мижоздан пул ўтказмаси тафсилотларига оид қўшимча маълумотларни сўраш ҳуқуқига эга. Агар гумон тасдиқланса, тижорат ташкилоти Ўзбекистон Бош прокуратураси қошида шу йил май ойида ташкил этилган Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментига мурожаат қилади.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида жисмоний шахслар хориждан республикага 2 миллиард 300 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказган.

ЎХҲ ахборот бўлими