Муҳаммад ал-Хоразмийнинг фанга қўшган ҳиссаси ҳақида жаҳон олимларининг фикрлари

Муҳаммад ал-Хоразмийнинг фанга қўшган ҳиссаси ҳақида жаҳон олимларининг фикрлари
157 views
01 November 2018 - 8:00

Муҳаммад ал-Хоразмийнинг фанга қўшган ҳиссаси ҳақида жаҳон олимларининг фикрлари:

Р.Рашед: «Ал-Хоразмий ҳаёт вақтидаёқ ва вафотидан кейиноқ унинг кашфиётларини шарҳлай бошлашди. Улар: Ибн Турк, Собит ибн қурра, ас-Сидноний, Синон ибн ал-Фартх, Абу Комил, Абул Вафо ал-Бузжоний» (11. 105-б).

А.П.Юшкевич: «Ал-Хоразмий ижоди ҳақида жуда кўп асарлар ёзилган. Лекин, янада мукаммалроқ асарлар ёзилиши талаб қилинмоқда» (12.3-б.).

С.Гандц: «Ал-Хоразмий асарлари — Оврўпа фанининг бошланиши», «Оврўпаликлар алгебрани ал-Хоразмийдан ўрганганлар» (3.264-б.).

Э.Видеман: «Ал-Хоразмий — гениал шахсдир» (5.912-б.).

Д.Смит: «Ал-Хоразмий ал-Маъмун «Байт ал-ҳикмат»ида энг йирик математик бўлган» (13.170-б.).

О.Ю.Шмидт ва А.Г.Курош: «ўрта асрлар Оврўпасида халқаро тил лотин тили бўлганидек, Шарқда араб тили бўлган. Шунинг учун математика тарихида бу давр арабларники дейилади. Аслида у даврда йирик илмий марказ Ўрта Осиё эди. Унда ўзбек математиги ва астрономи Муҳаммад ал-Хоразмий муҳим ўринни эгаллайди. Ал-Хоразмийдан бошлаб алгебра математиканинг маҳсус соҳаси ҳисобланади» (6.55-б.).

Ж.Сартон: «Муҳаммад ал-Хоразмий — ўз замонининг буюк математиги, агар бошқалар билан таққосласак, ҳамма замонлар буюк математикларидан биридир» (4.545-б.).

М.Симон: Оврўпо математикасини ривожлантиришда ал-Хоразмий асарларининг XII аср бошларида лотин тилига қилинган таржималари муҳим аҳамиятга эга бўлди» (14.410.-б.).

А.И.Володарский: «ҳиндлар математикасида ал-Хоразмий яратган ўнли позицион ҳисоблаш усули йўқ» (15.70-б.).

М.М. Рожанская: «Ал-Хоразмийнинг «Зиж»и Оврўпада уйғониш даври астрономиясининг замини бўлди, шу асосда Коперник астрономияси ривожланди» (16.210-б.).

П.Г.Булгаков: «Ал-Маъмун ўзининг «Байт ал-ҳикма» академиясига Ўрта Осиёлик олимларни Боғдоднинг ўзида эмас, балки у шу ерларда бўлганида жамлаган» (17.22-б.).

А.А.Дородницин: «ЭВМдан фойдаланиш учун одамларни ал-Хоразмий ёзган тилга, яъни алгоритмик тилда ёзишга ўргатиш керак» (18.18-б.).

В.Каунцнер: «Ал-Хоразмийнинг таъсири айниқса Германияда зўр бўлган, бунга хайрон қолмаса ҳам бўлади, чунки математик ренессанс асосан шу ерда бўлган» (19.111-б.).

А.Н.Боголюбов ва В.А.Гукович: «ўрта асрларда кўпгина шифокорлар математика билан ҳам шуғулланганлар ва бир вақтнинг ўзида ҳам математикадан, ҳам тиббиётдан дарс берганлар. Шу туфайли қадимги испан тилида математикни ҳам, шифокорни ҳам «алхебрист» деб аташган, бу сўзни эса ал-Хоразмийнинг ўзи киритган» (20.53-б.).

Дилмурод Бозаров

facebook.com