Ким ўз тарихини қурбон қилса, навбатдаги қурбон унинг ўзи бўлади

Ким ўз тарихини қурбон қилса, навбатдаги қурбон унинг ўзи бўлади
60 views
01 November 2018 - 9:27

Ким ўз тарихини қурбон қилса, навбатдаги қурбон унинг ўзи бўлади. Ҳамма таълим тизими ва муассасларда миллий тарих ўргатилиши ва тарғиб этилиши керак!

Тарихчи сифатида айта оламанки, миллий тарих дин каби муқаддас тушунча. Биз неча йилдирки, ижтимоий тармоқлардаги кузатувларимиз буни исбот этмоқда. Тарихимизнинг нурли саҳифалари ҳақида гап кетганда фуқароларимиз фахрланадилар, ўзларининг ҳиссиётларини билдирадилар. Ўзлари билмаган ҳолда тарихий қаҳрамонларга тақлид қила бошлайдилар, изтиробли нуқталарида қайғурадилар, афсус-надомат билан уларни эслайдилар, ўзларининг нуқтаи назарларини билдириб ўтадилар. Энг муҳими кўпчилик ўз тарихига лоқайд эмас. Кундан-кунга гуруҳимиз аъзолари сони кўпаяётгани ҳам инсоннинг ана шу маънавий эҳтиёжлари сабаблидир. Тарих миллат эҳтиёжидир. Инсон тириклигининг асосий мазмунларидандир. Ҳар бир инсон ўзининг кимлиги, аждодлари қаердан келиб чиққани, нима ишлар қилганини билишни истайди. Бошқа юртларга борганда ҳам ўз тарихи ҳақида тўлқинланиб гапира олади. Халққа унинг тарихи орқали баҳо берилади.

Миллий тарихдан юз ўгирган юртда орадан 10-15 йил ўтиб рангли инқилоблар бошланган ва технократлар бу жараённи бошқара олмай қолган. Ким ўз тарихини ўрганмаса бошқалар тарихини ўрганишга мажбур бўлади. Натижада келажакда уларни бошқалар бошқара олиш хавфи туғилиши мумкин. Ким ўз тарихини қурбон қилса, навбатдагиси унинг ўзи бўлади. Ҳамма таълим тизими ва муассасларда миллий тарих ўргатилиши ва тарғиб этилиши керак. Тарихимизни қайта ўрганиш ёшларнинг билимларини, тарихий хотирасини мустаҳкамлайди. СССР идеологияга таянгани туфайли совет даври одамлари буюк келажакка ишондилар ва ўз мамлакатлари билан фахрланиб яшадилар. Ўз тарихидан сув ичмаган, илдизидан қувват олмаган инсонда ўзлигидан фахрланиш ва ишонч бўлмайди. “Миллий тарихий онгни шакллантирмасдан мамлакатда осойишталик ва ватанпарварлик, тараққиёт бўлади” деган инсон қаттиқ янглишади. Тарихни билиш мутахассис йўналишларидаги ёшларнинггина эмас барча соҳа вакилларининг, ёшу қарининг муқаддас бурчи бўлмоғи керак. Тарих бу миллий ғоя, миллий мафкурадир. Устқурма моддиюнликнинг устида туришини унутмайлик.

Миллий тарихини билмаган инсон аста-секин манқуртга айланади ва мана шу диёрга ота-боболари каби меҳр қўймайди, уни истаган маҳалда сотиб кетаверади. Ўзбекистон тарихини олиб ташлаган мутасаддиларга саволим: “Ўзбекистон тарихи” фанини олиб ташлаганингиздан кейин орадан 10-15 йил ўтиб биз прогноз қилаётган вазиятларни бошқара олишингизга кучингиз ва кўзингиз етадими? Олий таълим муассасаларидан нима учун “Ўзбекистон тарихи” фанини олиб ташламоқдасизлар? Бу миллатга ва давлат келажагига хиёнат эмасми?

Шохистахон Ульжаева

facebook.com