Қабри Мадина шаҳрида бўлган Бухоро хонлари

Қабри Мадина шаҳрида бўлган Бухоро хонлари
61 views
01 November 2018 - 11:00

Ўрта Осиё давлатчилиги тарихидан маълумки, давлат ҳукмдорлари кўп ҳолларда тахтдан воз кечса ёхуд туширилса, охират амалларини бажариш, шариат арконларидан бирини адо этиш учун Макка ва Мадинага йўл оладилар.

Улар ўша ерда вафот этиш орзусида Макка ва Мадинада умрларининг охирларига қадар фақирликда, тоат-ибодатда ҳаёт кечирадилар.

Тахтдан туширилган ҳукмдорларга Ҳаж зиёратига бориш таклифи кўп ҳолларда фитна ниятида ҳам билдирилганлиги тарихдан маълум (1449 йил Мирзо Улуғбекка қарши шундай фитна уюштирилган эди. – А.З.).

Ўрта Осиё давлатларидан ўнлаб ҳукмдорлар маълум муддат Макка ёки Мадинада яшаб, шу ерда вафот этиб, дафн этилганлар. Масалан, 1555 йил Бобурийларнинг Афғонистон ҳудудидаги ҳукмдори, Бобурнинг иккинчи ўғли Комрон мирзо суюрғоллардан маҳрум этилиб, кўзлари кўр қилиниб, Ҳаж зиёратига юборилган. 1557 йилда Маккада вафот этган шаҳзода, шу ерда дафн этилган эди. Шу ва шунга ўхшаш мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Бухоро хонлигида ҳукмронлик қилган 10 та аштархоний ҳукмдорлар (Боқи Муҳаммад, Вали Муҳаммад, Имомқулихон, Надр Муҳаммадхон, Абдулазизхон, Субҳонқулихон, Убайдуллахон, Абулфайзхон, Абдулмўминхон, Абулғозихон. Абдулмўминхон ва Абулғозихонлар реал ҳокимиятга эга эмас эди. – А.З.) нинг икки нафари Мадинада вафот этган ва шу ерда дафн этилган.

Дин Муҳаммадхон ибн Жонибекхоннинг ўғли, Бухоро хони Имомқулихон (1611-1642) 1642 йил укаси Надр Муҳаммадхон фойдасига тахтдан воз кечиб, Ҳаж зиёрати учун Макка ва Мадинага йўл олади. Мадинада икки-уч йил яшаб, шу шаҳарда Мовароуннаҳрдан борган зиёратчилар дам олиб кетишлари учун Чорбоғ, Маккадаги Каъбага киравериш дарвозаларидан бирига олтин ва кумуш тутқичли ёғоч зина қурдиради. Вафот этгач эса, Мадинадаги Бақиа қабристонида дафн этилади.

Аштархонийларнинг бешинчи хони Абдулазизхон (1613-1682; 1645-1681) 1681 йил ўз укаси Субҳонқулихонни Бухоро тахтига чиқариб, ўзи Умра зиёрати учун Макка ва Мадина шаҳарларига йўл олган. У 1682 йил Мадинада 70 ёшида вафот этган ва амаки бобоси (отаси Надр Муҳаммаднинг акаси. – А.З.) Имомқулихон мақбараси ёнида, Бақиа қабристонига дафн этилган. Субҳонқулихон акасининг ўлимидан қайғуриб, унга бағишлаб “азман грифт” (мендан олди) ва “доштим” радифли марсиялар ёзган экан.

А.Т.Замонов

facebook.com