Марказий Осиё давлатлари интернетни чеклашда етакчи

Марказий Осиё давлатлари интернетни чеклашда етакчи
86 views
02 November 2018 - 9:35

“Америка овози” радиосининг хабар беришича, айрим ҳукуматлар интернет ва ижтимоий тармоқлар устидан назоратни кучайтирмоқда. Инсон ҳуқуқлари, демократия ва матбуот эркинлигини ўрганувчи “Озодлик уйи” (Фреедом Ҳоусе) ташкилотининг йиллик ҳисоботида шундай хулоса қилинади. Унга кўра, 2017-йилда қатор мамлакатларда диссидентларни сохта хабар тарқатиш айби билан жазолашган.

“Озодлик уйи”нинг билдиришича, сўнгги етти йилдан бери интернетдан фойдаланиш эркинлиги дунё бўйлаб чекланмоқда, хабарларни сохталаштириш бунга етакловчи сабаблардан бири сифатида кўрилмоқда.

Ташкилот ҳисоботида айтилишича, Хитой ҳукумати интернетнинг ашаддий душманлари рўйхатида сўнгги уч йилдан бери пешқадамликни қўлдан бой бермаяпти. Ва аксинча, Исландия ва Эстонияда фуқароларда интернетдан фойдаланишда чекловлар анча кам.

2016-йил ёзида Туркияда давлат тўнтаришига ҳаракат кетидан интернет эркинлиги чекланишда давом этмоқда.

“Туркия судларининг интернетдан баъзи материалларни олиб ташлаш қарорига итоатсизлик айрим сайтларнинг ёпилишига сабаб бўлди”, – дейди “Озодлик уйи”дан Адриан Шаҳбоз.

Ҳисоботда айтилишича, ўтган йили 18 мамлакатда ўтказилган сайловлар пайтида сохта маълумотлар тарқатиш ва шу билан ҳийла усулларини қўллаш қайд этилган. Қўшма Штатларда айниқса 2016-йил президент сайловидан олдин сохта хабарлар кўпайган.

“Интернет нафақат диктатура ҳукмрон мамлакатларда, балки демократик давлатларда ҳам беқарорликка сабаб бўлишини кўряпмиз”, – дейди Шаҳбоз.

“Озодлик уйи” ташкилоти ижтимоий саҳифаларнинг ҳақиқий журналистикага қарши қурол сифатида қўлланаётганини тергов қилишда ёрдам берувчи мустақил журналистларни қўллаб-қувватлашга чақирмоқда.

“АҚШ каби мамлакатларда журналистларни қоралаш ёки сайловга аралашиш мақсадида амалга оширилган сохта ахборот тарқатиш кампанияси ортида ким турганини ошкор этишга қаратилган ҳаракатларга гувоҳмиз”, – дейди ташкилот вакили.

Ўзбекистонда ўтган бир ярим йил ичида бироз силжиш кузатилган бироқ республика ҳамон “эркин эмас” деган категория остида, хусусан сиёсий эркинликлар ҳақида гап кетганда. Марказий Осиёнинг барча давлатлари шу тоифага киритилади.

Қирғизистон истисно: қисман эркин, чунки у ерда сиёсий мухолифат бор ва матбуот эркинлиги ҳам қўшни давлатларга қараганда нисбатан олдинда. Бироқ ўтган йиллар ичида бу давлатда ҳам вазият салбийлашган.

ЎХҲ ахборот бўлими