Тошкент ҳокими сохта компанияга контракт бердими?

Тошкент ҳокими сохта компанияга контракт бердими?
60 views
02 November 2018 - 20:53

Би-би-си ўтказган терговга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигидан йирик лойиҳани олган ўзбек-британ компанияси сохта бўлиши мумкин. Би-би-си бу компания ҳақида Британия ва Ўзбекистон реестрларидаги шубҳали ҳужжатларни қўлга киритди.

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 1143-сонли қарорига биноан, Миробод туманидаги Кичик Бешёғоч ва Мингўрик кўчалари оралиғидаги “Байналмилал” маҳалласи бузилиши кўзда тутилган. Ҳамда, Ортиқхўжаевнинг 1327-сонли қарорига биноан, шу ҳудудда “Hyper Finance Group” ўзбек-британ қўшма компаниясига кўп қаватли бинолар қуриш ишларини амалга ошириш рухсат берилган. Аммо, бу компания, унинг капитали ёки тажрибаси ҳақида маълумот йўқ.

Миробод тумани ҳокими Ўзбекистон телевидениеси орқали бу маҳаллани ташландиқ дея тасвирлаган бўлса-да, ундаги кўп уйлар асосан дабдабали ҳовлилардан ташкил топган. Аҳоли фаоллари ўтказган сўровга кўра, 520та уйдан 462таси маҳалла бузилишига қарши имзо чеккан.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 1 сентябрда имзонланган 5495-сонли қарорига кўра, “…ер участкаларини олиб қўйишда жисмоний ва юридик шахсларга тегишли бўлган турар жой ва ишлаб чиқариш бинолари, бошқа иморатлар ва иншоотларнинг бузилишига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва олиб қўйиш сабабли мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланганидан кейин рухсат берилади”.

Хўш, Тошкент ҳокими президент фармонига қарши амал қилмоқдами? Нега шубҳали компанияга Тошкентдаги 5 мингдан ошиқ одам яшайдиган маҳаллани бузишга ва миллионлаб долларлик лойиҳани амалга оширишга рухсат берилган? Бу компания ортида аслида ким турибди?

Манба: Би-Би-Си Ўзбек