ДХХ қамоқдаги маҳбусларни ҳокимиятни босиб олиш ва диний ташкилот тузишда айблади

ДХХ қамоқдаги маҳбусларни ҳокимиятни босиб олиш ва диний ташкилот тузишда айблади
68 views
05 November 2018 - 9:31

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, бир неча маҳбус ДХХ томонидан қамоқхонадан туриб ҳокимиятни босиб олиш ва диний экстремистик ташкилот тузишда айбланиб, иши судга оширилган. Давлат хавфсизлик хизматининг судга тақдим қилган айблов хулосаларидан Ўзбекистон қамоқхоналари мамлакатда тақиқланган “Ҳизбут таҳрир” ташкилоти фаолияти ғояларини кенг тарғиб қилиш учун платформага айланиб қолган деган хулоса чиқади.

Би-би-си қўлига келиб тушган ҳужжатларда ДХХ терговчилари гўёки, қамоқхонада туриб фаолият юритган бир неча маҳбусга нисбатан жиноий иш очганини билиш мумкин.

Қарши шаҳрида бир вақтлар “Ҳизбут Таҳрир”га аъзоликда айбланиб, жазо муддатини ўтаб бўлаётган икки кишига нисбатан конституцион тузумга тажовуз ва диний экстремистик ташкилот тузиш айби қўйилган.

ДХХ Қашқадарё вилояти бошқармаси тергов бўлинмаси катта терговчиси, адлия майори О. Ғ. Жалолов 19 йилдан бери қамоқда ўтирган 48 ёшли Абдусамад Тўхтаев ва 18 йилдан бери қамоқда ўтирган марғилонлик 48 яшар маҳбус Иброҳим Исабоевларни қамоқдан туриб диний экстремистик ташкилот тузишда айбламоқда.

Абдусамад Тўхтаевга қўйилган айблар орасида ҳокимиятни босиб олиш, конституцион тузумга тажовуз қилиш ҳам бор. Бу маҳбуслар аслида қамоқ муддатини ўтаб бўлган бўлса ҳам бир неча маротаба қамоқхона тартибини бузди, деган айб билан қамоқдан чиқарилмай келаётган бўлган.

Маҳбуслардан бири Абдусамад Тўхтаев унга қўйилаётган айбнинг туҳматлигини айтмоқда.

Би-би-сига етиб келган тушунтириш хатида ёзилишича, у касал бўлмаса ҳам шифокорнинг мажбурлови билан тиббиёт бўлимига ётқизилган.

Тиббиёт бўлимида гиёҳванд моддалари бўйича айбланиб қамалган Шакиров Даврон ундан нима учун қамалгани тўғрисида савол сўраган. Абдусамад Тўхтаев саволларга жавоб берганини уни ҳеч нарсага мажбур қилмаганини айтган.

Яқинларининг иддао қилишича, маҳбусларнинг бу суҳбати ДХХ томонидан олдиндан ташкиллаштирилган ва у махсус мосламалар билан ёзиб олинган.

Энди ундан айбланувчиларга қарши ашёвий далил сифатида фойдаланишмоқда.

ДХХ айблов хулосасида ёзилишича, Абдусамад Тўхтаев Иброҳим Исабоев билан бирга жиноий тил бириктириб, бир гуруҳга бирлашиб, ўзи жазони ўтаётган муассасада “Ҳизбут Таҳрир” диний экстремистик ташкилоти аъзолари фаолиятини мувофиқлаштиришга ҳаракат қилган.

Ўзи билан жазони ўтаётган маҳкум Даврон Шакировга халифаликни тиклаш ҳақида маълумотларни оғзаки тарзда тарқатган. Конституцияга хилоф равишда халифалик давлати барпо қилиш тўғрисида очиқдан очиқ даъват қилиб, ушбу тақиқланган ташкилот таркибида фаол иштирок этиб келган.

ДХХ хулосасига кўра, маҳбус қамоқхонада тақиқланган ташкилот тузиш билан бирга унда фаол иштирок этиб келган.

Шунга ўхшаш айб Навоийда жазони ўтаётган 62 ёшли Бахтиёр Туропов ва Нокид Сотиболдиевга нисбатан қўйилган. Улар диний экстремистик ташкилот тузишда айбланиб 7 ва 6 йилга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Адвокатларга кўра, уларнинг олдига фирибгарлик бўйича жазо ўтаётган Отабек Матғозиев диктофон билан кириб, суҳбатларини ёзиб олган. Терговни ДХХнинг Навоий вилоятидаги бўлими олиб борган.

Кармана туман «Қосим шайх» масжиди имом ноиби Истамжон Хамроев эксперт сифатида маҳбуслар ўртасидаги савол-жавобни “Ҳизбут таҳрир” ғояларини тарғиб қилиш дея баҳолаб берган.

Маҳбусларнинг қандай қилиб, ичкарида диктофон билан юриши мумкинлиги бир масала бўлса, ДХХ қўйган айбларнинг қанчалик жиддий ва ҳимоячилар тили билан айтганда абсурдлиги иккинчи масаладир.

Би-би-си Республика Бош прокуратурасига маҳбуслар ичкарида қандай қилиб давлатни ағдариши мумкин, бунга шароит яратиб берилганми деган саволларни бердик.

Бироқ ушбу саволларимизга бир неча кундан бери жавоб ололганимиз йўқ.

Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йил 16 феврал куни Бухорода қилган чиқишида МХХ ходимларини айёвсиз танқид қилган ва уларни Бухорода қутурган итга қиёслаганди.

Ўзбекистонда МХХ ДХХ га ўзгартирилди ва илк бор хизмат ҳақида қонун қабул қилинди.

Бироқ ушбу ташкилот Ўзбекистонда ҳали ҳам матбуот учун ёпиқлигини кузатиш мумкин.

Муддатини ўтаб бўлса ҳам турли сабаб билан 18-19 йилдан бери қамоқдан чиқарилмаётган ва энди давлатни тўнтаришда айбланаётганларнинг яқинлари ҳамон адолатдан умид қилмоқда.

Боласини 19 йил кутиб кўзлари ожиз бўлиб қолган 83 ёшли Озода Турсунбоева ўғли Абдусамад Тўхтаевнинг Қаршидаги қамоқхонадан туриб, кучли бир давлатни ағдариши мумкинлигига ишонмайди.

ЎХҲ ахборот бўлими