Ўзбекистонда аэропортлар бошқаруви хорижликларга топширилиши мумкин

Ўзбекистонда аэропортлар бошқаруви хорижликларга топширилиши мумкин
74 views
06 November 2018 - 9:39

“Озодлик” радиосининг хабар беришича, Ўзбекистон аэропортларидаги хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун уларни танлов асосида ташқи бошқарув учун инвесторларга топшириш вариантларини кўриб чиқиш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Кун.уз сайти бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов сўзларига таянган ҳолда маълум қилди.

Абдуҳакимовга кўра, бу иш Ўзбекистон президентининг туризм ривожига янгича импульс беришга доир топшириғи асосида амалга оширилмоқда.

“Ҳаво йўлларига нисбатан жиддий режаларимиз бор. Миллий авиаташувчи авиацион паркидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш билан бирга, мунтазам ва чартер рейслар географиясини ошириш учун хорижий авиакомпанияларни жалб қилиш. Аэропортлардаги хизмат кўрсатиш даражасини ошириш учун уларни алоҳида тузилмага ажратиш, танлов асосида ташқи бошқарув учун инвесторларга топшириш вариантларини кўриб чиқиш кўзда тутилган”, – деди бош вазир ўринбосари.

Мулозимга кўра, йўловчи авиаташувчи бозорининг давлат бошқарув тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш, институционал асосларини такомиллаштириш ҳам режалаштирилмоқда. Бунда функцияларни давлат бошқаруви, авиаташувчи ва аэропортларни бошқарувчи операторга тақсимлаш кўзда тутилаяпти.

Бундан ташқари, авиация, темир йўл ва автомобиль инфратузилмаси ҳамда зарур коммуникациялар динамик ривожига оид дастурларни ҳам молиялаштириш учун халқаро молиявий институтларни жалб қилиш масаласи кўриб чиқилади.

ЎХҲ ахборот бўлими