Хўжа Насриддиннинг ёдномаси

Хўжа Насриддиннинг ёдномаси
19 views
12 November 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

   ХЎЖА НАСРИДДИННИНГ ЁДНОМАСИ

Ёт элларда мусофир, саргардон кезиб,
Дуч келганда ҳамки неча қўққис қўним.
Сен билан шод эдик, кечир, келиб-келиб
Бунда хафа қилдим сени, эски тўним.

Бир келиб қолдик-да. Аразлама, қўй,
Сен содиқ дўстимсан. Сендан кечмайман.
Эски тўним, энди чида. Бу ер тўй.
Қўй, хавотир олма. Сенй ечмайман.

Тарк этмай сен билан пок туйғуларни,
Икков ҳаққа бирдек биз мубталомиз.
Ҳеч кутмаган жойда билдик буларни,
Энди бошларига битган баломиз.

Булар шундай қаллоб, булар шундай каж,
Отлари йўқ. Бари тилло эгарда.
Жилпанглаб келарди дарров сени кўргач
Янги бўлсанг эди агарда.

Ҳаммаси оп-ойдин. Ўрин йўқ баҳсга.
Сен буларга ачин. Буларга оғир.
Гўрга эди сиғинсалар ҳаттоки шахсга,
Булар сиғинади янги тўнга, ахир.

Холис хизматчи йўқ бунда босавоб
Булар ўсган, оёқларни ялай ва ялай.
Булар ким? Ортиқча савол ва жавоб.
Булар бир югурдак. Булар бир малай.

Минг тараддуд билан энса қашийдилар
Минг алфозга солиб қовоқларини.
Гоҳ қуюқ, гоҳ суюқ қилиб ташийдилар,
Тўнга қараб тўлган товоқларини.

Тўй бу. Ош эмас, йўқ дийдорга тўямиз,
Булар хушомадни қўйсин жойига.
Биз эса ғойибона гуллар қўямиз
Хўжа Насриддиннинг пойига.