Мирзиёевнинг кадрлар сиёсати ‘жар ёқасида’ми?

Мирзиёевнинг кадрлар сиёсати ‘жар ёқасида’ми?
70 views
10 November 2018 - 10:00

Би-би-си манбаларининг айтишича, собиқ бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаевнинг Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинланиши ҳам можаросиз бўлмаган.

Жиззахдаги манбаларга кўра, 4 ноябрь куни туманнинг эндиликда собиқ ҳокими, ўз вақтида Жиззах вилоятига ҳам раҳбарлик қилган Сайфиддин Исмоилов билан вилоят ҳокимининг пахта бўйича вакили Акмал Абдуллаев ўртасида ҳали туман марказидаги қовун бозорида пахтага сафарбарлик устидан жанжал келиб чиққан.

Гувоҳлар икки амалдор ўртасидаги даҳанаки жанг муштлашувга айланиб кетгани ва бир-бирига қовун-тарвуз улоқтиришгача бориб етганини айтишмоқда.

Ҳодиса Шароф Рашидов таваллуд топган кун арафасида юз бергани учун ҳам Тошкент тезда вазиятга аралашган ва ҳокимни ишдан олган.

Юзага келган вазиятда ҳукумат Зойир Мирзаев каби қатттиққўл ва тажрибали амалдорга яна бир марта эҳтиёж сезганми ёки собиқ бош вазир ўринбосарининг тақдири аввалдан ҳал қилинганми, номаълум.

Ҳукумат ўтган ой охирида ижтимоий тармоқлардаги норозиликлар ортидан ишдан олинган Зойир Мирзаевнинг янги лавозимга тайинлангани юзасидан изоҳ бермаган.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида маҳаллий мутасадди ва фермерлардан иборат олти кишининг тиззасигача сувда тургани акс этган сурат 27 октябрь куни Фэйсбук ижтимоий тармоғида тарқаган.

Орадан бир кун ўтиб, олтовлонни сувга туширган мулозимнинг бош вазир ўринбосари Зойир Мирзаев бўлгани ўртага чиққан.

Мирзаев ғаллани суғормаган маҳаллий фермер ва ҳокимият вакилларини шу тариқа жазолагани айтилади.

Зойир Мирзаев расман маҳаллий мутасаддилар ёки фермерларни сувга туширгани учун эмас, балки “ғалла экиш ва суғориш ишларини ташкил этиш жараёнида жиддий камчиликларга йўл қўйгани боис” лавозимдан олинган.

Жазоми, мукофот?

Афтидан, Ўзбекистоннинг янги тарихида юз берган энг зиддиятли ва шов-шувли истеъфо орадан бир ҳафта ўтиб, тинч якун топгандай.

Президент Шавкат Мирзиёев Зойир Мирзаевни ишдан оларкан, қонун олдида ҳамма баробар, жазо муқаррар, деб айтгани хабар қилинган, бош вазир Арипов эса, “Президент топшириғи билан 25 октябрда бўлган воқеалар Бош прокуратура томонидан қатъий ўрганилади”, дея баёнот берганди.

Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида маҳаллий мутасадди ва фермерлардан иборат олти кишининг тиззасигача сувда тургани акс этган сурат 27 октябрь куни Фэйсбук ижтимоий тармоғида тарқаган.

Аммо англашилгани, Зойир Мирзаев учун энг катта жазо – туман ҳокимлигига туширилиши бўлган.

Бош прокуратуранинг Мирзаев раҳбарлик қилган қишлоқ хўжалиги комплексида олиб борган ёки бораётган текширувлари натижаси ҳақида ҳеч нарса маълум эмас.

Зойир Мирзаевнинг Шароф Рашидов туманига ҳоким этиб тайинлангани ҳақидаги хабар ҳали расман тасдиқланмасидан туриб, мемга айланди.

Ижтимоий тармоқлар Мирзаевнинг жазосиз қолганидан ғазабга келган фойдаланувчиларнинг захархандалари билан тўлди.

Журналист Улуғбек Ашур Фэйсбукда “Жиззах ва унга ёндош вилоятларнинг бозорларида сув ўтказмайдиган резина этикларнинг нарҳи осмонга сапчибди!”, деб киноя қилса, сиёсатшунос Рафал Сатторов “жиззахликлар қандай ёмон гуноҳ қилишдики, шундай амалдор билан жазоланса”, қабилида пост қолдирди.

Блогер Санжар Саид “Жиззахда ҳокимлик мутасаддилари, фермерлар, маҳалла оқсоқоллари ёппасига сувда туришга мўлжалланган этикка буюртма бергани” ҳақида ёзди.

Аммо Кун.уз журналисти Алишер Рўзиохуновга кўра, Ўзбекистон ичкарисида Зойир Мирзаевнинг янги, кичикроқ лавозимга тайинланиши кўпчиликни ҳайратга солмаган.

“Бу аввал-бошдан кутилганди”, – дейди журналист.

Ўз вақтида Жиззахда маҳаллий ҳокимият вакилларининг иш услубини танқид қилувчи мақолалари ортидан ўзига кўплаб муаммолар орттирган ва Ўзбекистонни ташлаб чиқишга мажбур бўлган журналист Улуғбек Ашурга кўра, сўнгги ҳодисалар Президент Мирзиёевнинг кадрлар сиёсати “жар ёқасига келиб қолгани”ни кўрсатади.

Президентнинг ўзи икки йилда ҳукуматни буткул янгилашга ваъда берганди.

Мирзиёев ҳокимларни сайлаш тизими йўлга қўйилиши мумкинлигини ҳам айтган.

Бир вақтнинг ўзида у ҳокимларни ўзининг жойлардаги вакили деб эълон қилган ва куч тизимлари, хусусан, ДХХни уларнинг ишига аралашмаслик ҳақида огоҳлантирган.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек