Москвада Толибон ва афғон вакиллари учрашди

Москвада Толибон ва афғон вакиллари учрашди
42 views
10 November 2018 - 12:52

9-ноябр куни Москвада Толибон ҳаракати аъзолари ва Афғонистон ҳукуматига алоқадор вакиллар билан илк бор мулоқот бўлиб ўтди. Икки соат давом этган тадбирдан сўнг Толибон сўзловчиси Муҳаммад Суҳайл Шаҳин учрашув юзма-юз бўлмаганини айтди. Унга кўра, АҚШ қўшинлари Афғонистонни тарк эцагина, ҳукумат билан бевосита мулоқот бўлади.

“Биз музокара қилмадик бугун. Олий тинчлик кенгаши аъзолари ўз қарашларини билдиришди, биз ўз қарашларимизни”, – деди у.

“Президент-Отел” меҳмонхонасидаги мулоқотни очиб берган Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг айтишича, “Исломий давлат” жангари тўдаси Марказий Осиёга ўтиш учун Афғонистондан кўприк сифатида фойдаланмоқчи ва бунинг олдини олиш учун ҳукумат ва Толибон алоқани йўлга қўйиши лозим.

Хитой, Эрон, Покистон, Ҳиндистон, Ўзбекистон ва Туркманистон расмийлари кузатувчи сифатида иштирок этган. Ўзбекистон делегациясига Президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев раҳбарлик қилган.

2010-йилда Толибон билан мулоқот учун махсус тузилган Олий тинчлик кенгаши Афғонистон ҳукумати таркибига кирмаса-да, расмий Кобул фотиҳасини олган. Толиблар ҳукуматни АҚШ қўғирчоғи дея, у билан учрашишдан бош тортиб келмоқда.

Қўшма Штатлар ва Афғонистон ҳукумати Москвадаги мулоқотда қатнашишдан бош тортиб, Толибон ва ҳукумат ўртасида бевосита музокара тарафдори эканини айтиб келади. Учрашувни кузатиш учун АҚШдан Москвадаги элчихона биринчи котиби Жейкоб Чой борган.

Тарафлар бирор ҳужжат имзоламаган ёки бирор келишувга эришмаган бўлса-да, учрашувнинг ўтказилгани Москва учун катта дипломатик ютуқ дея кўрилмоқда.

Қўшма Штатлар Россияни Толибонни қурол билан таъминлаётганликда айблаб келади. Кремл бу айбловларни инкор этади. Толибон сўзловчиси Шаҳин ҳам ҳаракат Россиядан қурол олмаслигини тасдиқлади. Айрим кузатувчиларга кўра, Москва Толибон билан “Исломий давлат” жангари тўдасига қарши ҳамкорик қилаётган бўлиши мумкин.

Трамп маъмурияти Афғонистонда тинчликни ўрнатиш учун ўз режасини олға сурмоқда. Оқ уйнинг Афғонистон бўйича махсус вакили, АҚШнинг Ироқ ва Афғонистондаги собиқ элчиси Залмай Халилзод айни дамда минтақа бўйлаб сафар қилмоқда. Унга Толибонни афғон ҳукумати билан шарциз бевосита мулоқот қилилшга кўндириш вазифаси юкланган.

Москвадаги учрашувда қатнашган Олий тинчлик кенгаши аъзоси, Афғонистоннинг аёллар ҳуқуқлари бўйича собиқ вазираси Ҳабиба Саробий мулоқот бевосита музокарага етаклашига умид қилмоқда.

Ўзбекистон Толибон ва Афғонистон ҳукумати бевосита музокараларга келишса, учрашувни Тошкент ёки бошқа шаҳарда уюштиришга тайёр эканини билдирган.

Манба: amerikaovozi.com