Ўзбекистонликлар Туркияда 3 ой визасиз юриши мумкин

Ўзбекистонликлар Туркияда 3 ой визасиз юриши мумкин
142 views
12 November 2018 - 1:01

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон фуқаролари Туркияда визасиз 90 кун қолиши мумкинлиги тўғрисидаги қарорга имзо чекган. Шу вақтгача ўзбекистонликлар Туркияда 30 кун визасиз юриши мумкин эди.

Қарорга кўра, ўзбекистонликлар 6 ой ичида 90 кундан ошмаган муддатда Туркияда визасиз юриши мумкин. Бу вақтгача ўзбекистонликлар Туркияда 30 кун визасиз юриши мумкин эди.

Россияда иқтисодий санкциялар киритилиши ва рубль қадрининг тушиб кетиши ортидан кўплаб ўзбекистонлик мигрантлар бир неча йил олдин Туркияга қараб отлангани айтилади.

Туркияда давлатни тўнтаришга бўлган ҳаракатлар ва унинг ортидан киритилган фавқулодда ҳолат режимининг жорий қилиниши ҳам мигрантлар оқимига катта таъсир қилмаган.

Бироқ Туркияга АҚШ томонидан санкциялар киритилиши ортидан турк лираси қийматининг тушиб кетиши бироз ўзбекистонликларнинг ортга қайтишига сабаб бўлган.

Туркияда қанча ўзбекистонлик мигрант борлиги расман ҳисоб-китоб қилинмаган.

Ўзбекистонликлар Туркияда уй хизматлари, фабрикаларда ишчи, ошпаз, официант, сартарош ва бошқа ишларда ишлайди.

Бундан ташқари Туркия олий ўқув юртларига бориб ўқишни истаётган ёшлар ҳам кўпаймоқда.

Туркияда ИШИДга алоқадор ўзбекистонликларнинг ушланиши ва 2016 йил 31 декабрда Истанбулда 39 кишини отиб ўлдиришда ўзбекистонлик Абдулқодир Машариповнинг айбланиши ўзбекларга бўлган илиқ муносабатга дарз кетгизгани айтилади.

Ўзбекистонликлар шу вақтгача бир ой визасиз юрган бўлса-да, Туркия ҳукумати ишлаш учун борган ўзбекистонликларга ишлаш ва яшаш ҳуқуқини берувчи “иқомат” бермаслиги айтилади.

Натижада минглаб ўзбекистонликлар Туркияда ноқонуний ишлаб юришига тўғри келади.

ЎХҲ ахборот бўлими