Фолбинларнинг нафақат динга тажовузи, балки, дунёвий зарарларининг ҳам чек-чегараси йўқ

Фолбинларнинг нафақат динга тажовузи, балки, дунёвий зарарларининг ҳам чек-чегараси йўқ
43 views
12 November 2018 - 10:52

Жуда кўп долзарб мавзулар бор. Айримлари facebookда муҳокама бўлади. Айримлари эса эътиборимиздан четда қолади. Алифбо, тил масаласи, доллар ошгани, сойга фермерлар туширилгани, пахта ва ҳоказо…

Мени сиёсатга, иқтисодга унчалик ақлим етмайди. Бу борадаги таҳлилий хулосалар, хато ва камчиликлар муҳокамасини ўз эгаларига қолдираман ва улар ёзган фикрларни жимгина ўқийман. Ҳар бир ишни ўз эгалари қилгани маъқул, деб ҳисоблайман.

Аммо мен учун энг долзарб мавзу бор. Нафақат мен, балки, ўзини мусулмон санаган ҳар қандай инсон учун дини энг афзал масала ҳисобланади. Мусулмон инсон учун энг катта масала: тавхид масаласидир. Яъни инсон ўз роббисини таниши. Кимга ва нима учун ибодат қилаётганини билиши бирламчи масала ҳисобланади. Етмиш йиллик совет тузуми ва ундан кейинги йигирма беш йиллик мустақуллик халқимизни илмсизликка етаклади. Дини, урф-одати, қадриятларини унуттирди.

Аввало ушбуни ёзишимга сабабчи бўлган воқеани эслаб ўтсам.

Бир куни қариндошимникига меҳмонга бордим. Бир оз суҳбат қурдик. Сўнг мен билан дардини бўлишди. “Келин ойингни қасидаҳон домлага олиб бордим. Зарарланган экан. Ичидан бир нечта тугун чиқибди…“ гапларидан асабим бузилиб, юз ифодам ўзгараётганини билган қариндошим “шошмай, тур. Гапни қолганини эшит“, деб гапини давом эттирди. “Кейин “эрингизни чақиринг“, дебди. Мен бордим. Менга қараб туриб “сиз болаларни яхши кўрар экансиз. Чўнтагингизда қанд бўлса дарров болаларга берар экансиз, тўғрими?“ – деди, мен маъқулладим. Яна давом этди “Қовун олиб келсангиз ярмини есаларинг, “ярмини дарров қўшнига беринг“, деб айтар экансиз. Аммо хотинингиз беришни истамай, “эртага ермиз“, деб айтар экан. Келин сиз ундай қилманг“, деди. Мен қотиб қолдим. “Баъзида бошингиз оғриб турар экан“, деган эди тамом бўлдим“, деди.

Чидаб тура олмай “қанча пулингизни олди?“, дедим. Бошини экканча “юз минг“, деди. “Болаларингизни ризқини бир фолбинга бериб келдингизми?“, дедим. Озгина тавхид ва “мошенник“ фолбинлар ҳақида гапирдим. Фойдаси бўлмади. Сабрим етмай чиқиб кетдим.

Фолбинни психолог эканлигига тан бердим. Ҳар қандай инсон ўзини болаларга меҳрибон деб билади. Болани кўрган инсонлар бир нима билан сийлаши, эркалаши табиий ҳол.

Ўзбекчиликда қўшнига бир нима илиниш ҳам оддий ҳол. Ҳар қандай ўзбек одам умрида бир марта бўлса ҳам қўшнисига бирор нима чиқаради. Аёллар эса табиатан уйим жойим дейдиган бўлади (айниқса қишлоқ жойларда). Болаларимни ризқи, деб “эртага ермиз“, дейди. Фолбин шу гапни айтганда, ҳар қандай инсонни умрида бир марта бўлса ҳам содир бўлган ўша воқеа эсига тушиб кетади.

Бош оғриши эса энг “ключевой слова“ ҳисобланади. Бугунги кунда ҳар қандай одамни боши оғрийди. Ҳеч йўқ баъзи-баъзида оғриб туради.

Росулуллоҳ с.а.вдан ривоят қилинган ҳадисда “фолбин ёки мунажжимга борган ва у гапирган гапларни тасдиқлаган одам, Муҳаммадга (с.а.в) Аллоҳ нозил қилган нарсаларга кофир бўлибди“. (Имом Аҳмад 9171) деганлар.

Демак, фолбинни гапини тасдиқлаган одам диндан чиқади. Аллоҳ нозил қилган динда “қўлни киндикдан тепага қўйгани учун жаҳаннамга тушади. Фотиҳа сурасидан сўнг Амин деса кофир бўлади. Пайпоққа масх тортса диндан чиқади“, деган бирорта ҳадис йўқ.

Мен аксар (эътибор беринг: АКСАР, айрим эмас) одамлар ўзини қасидаҳон, эшонҳон, мулла деб номлаб олган фолбинлар балосига йўлиққанига кўп гувоҳи бўлганман. Ўзини фолбин, деб номласа одамлар келмаслигини билиб, ўзини дин ходими қилиб кўрсатадиган, Қуръондан ўзича оят ўқийдиган шу каби инсонлар бемалол фаолият олиб бораётганига гувоҳи бўлганман. Уларни ҳеч ким ваҳобий, ҳизбий, фалоний деб айбламайди. Улардан литсензия талаб қилмайди. Ҳар куни эшиги остида ўтирадиган юзлаб одамларга кўз юмилади.

Ваҳоланки, ўша фолбинни уйи қайсидир Имомга қўшни, қайсидир масжид рўпарасида бўлади. Тавҳид масаласи бирламчи масала экан, нима учун минглаб, юз минглаб одамларни диндан чиқараётган, алдаётган одамларга нисбатан бефарқ қаралади?

Майли, кимлар учундир тавҳид масаласи аҳамиятсиз масаладир. У фолбинларни нафақат динга тажовузи, балки, дунёвий зарарларини ҳам чек-чегараси йўқ. Ўша ифлос фолбинларни ёлғонларини деб қанчадан-қанча оилалар бузилиб кетяпти. Қанчадан-қанча инсонларни ҳаёти остин-устун бўлиб кетяпти. Гап қуруқ бўлмаслиги учун айтаман. Бундан анча йиллар илгари ёш бола эдим. Бир қариндошим уйимизга мени ўғри қилиб келган. Ўша куни уларни уйларига борган эдим. Отам “сизга ўғлим ўғирлаганини ким айтди?“, деб сўраганларида Қўқондаги машҳур бир фолчини номини айтиб, “ўша айтди“, деган. Отам “мени болам ўғри эмас“, деганлар. Отам ёнларида қаттиқ хижолатда қолганман. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай ўша пулни эрлари олгани маълум бўлди. Оиласига айтиш эсидан чиқиб қолган экан. Шу воқеа сабаб, қайтиб ўша ҳовлига бормадим. Икки оилага совуқчилик тушди.

Кўп йиллар давомида расмий Имомлар, аҳли илмлар Ваҳобийлар, Ҳизбийлар, фалонийлар билан курашгани каби курашганида, маҳаллаларда шарманда қилинганда, болалари таҳқирланганда, аёлига, синглисига зўрлаш билан таҳдид қилинганда худди ваҳобий ва фалонийларни қириб битирилгани каби уларни ҳам қириб битирилар эди.

Телевизорда бирор марта фолбинлар ифлосликлари ҳақида кўрсатув қилинмайди. Болаларга, аёлларга Қуръон ўқишни ўргатган муллаларни олиб чиқиб сазойи қилингани каби сазойи қилинмайди. Қўрқинчли мусиқа остида давлат, дин ва миллат хоинига чиқарилмайди.

Кўз ўнгимизда, атрофимизда минглаб одамлар исломдан бенасиб қолади, аммо бизга аҳамияти йўқ. Бизни энг катта душманимиз фалоний ва пистонийлардир. Асл ватан, миллат, дин хоинлари эса соққасини қилиб юраверади.

Саййид Ислом

facebook.com