Муҳаммад Солиҳ: “Менинг қайтишим мухолифатнинг қайтиши бўлади”

Муҳаммад Солиҳ: “Менинг қайтишим мухолифатнинг қайтиши бўлади”
56 views
12 November 2018 - 18:48

Интерпол мухолифатдаги “Эрк” демократик партияси раҳбари Муҳаммад Солиҳни халқаро қидирувдан олиб ташлаган.

Бу ҳақда матбуотга унинг норвегиялик адвокати Тронд Улсен Насс маълум қилган.

68 ёшли шоир ва сиёсатчи ватанида 1999 йил февраль портлашларида айбланиб, 15,5 йилга сиртдан ҳукм этилган.

У аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёевга мурожаат қилиб, ўзи ва сиёсий мухолифатни реабилитация қилишни сўраганди.

Муҳаммад Солиҳ 1991 йил декабридаги илк президент сайловларида Ислом Каримовнинг рақиби бўлган ва расман 12 фоиз овоз олган.

Унинг ўзи сайлов жараёнини сохталаштирилганини айтган.

Оддий ҳақиқат

Сайлов ортидан бошланган мухолифларга қарши репрессиялар тўлқинида Ўзбекистонни тарк этган Муҳаммад Солиҳ 2000 йилда Норвегиядан сиёсий бошпана олган.

2001 йилда Чехия маҳкамаси Прагада ҳибсга олинган Муҳаммад Солиҳни Ўзбекистонга топшириш талабини рад этган.

2003 йил ноябрида Тошкент портлашлари гувоҳларидан Зайниддин Асқаров Тоштурмада Би-би-сига берган интервьюсида Муҳаммад Солиҳнинг портлашларга алоқаси йўқлигини айтганди.

Ўзбекистон ҳукумати шу йил бошида бир гуруҳ зиёлиларнинг Муҳаммад Солиҳнинг ватанга қайтишига изн бериш ҳақидаги петициясини жавобсиз қолдирган.

Ўтган ҳафта мухолифат арбобининг Тошкент портлашларига алоқаси йўқлиги ҳақида мақол чоп этган Тошкентдаги “Адабиёт газетаси”нинг бутун тиражи сотувдан олиб қўйилгани хабар қилинган.

Газета бош муҳаррири Бахтиёр Карим “Муҳаммад Солиҳ ҳақидаги энг оддий, ҳамма билган ҳақиқат”ни чоп этгани учун ДХХ тазйиқига учраганини айтган.

Халқаро ташкилотлар Муҳаммад Солиҳ устидан сиртдан Ўзбекистонда чиқарилган ҳукм сиёсий важларга асосланганини айтишган.

Очиққа чиқиш”

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан сўнг Муҳаммад Солиҳнинг яқинлари ва тарафдорларига нисбатан юмшаш кузатилган, жумладан, 17 йил қамоқда ўтирган укаси Муҳаммад Бекжон озодликка чиқарилган.

Аммо ҳукумат ҳозирга қадар Муҳаммад Солиҳ ва ташқаридаги бошқа сиёсий мухолифларнинг ватанга қайтиш эҳтимоли юзасидан ҳеч қандай баёнот бермаган.

Айни пайтда Муҳаммад Солиҳ ўзбек мухолифати учун “ер остидан” чиқиш фурсати етганини айтмоқда.

Унга кўра, Ўзбекистондаги биринчи сиёсий партиялардан бўлган “Эрк” демократик партияси келгуси парламент сайловларида қатнашишни режаламоқда.

Мухолифат раҳбарининг фикрича, Президент Мирзиёев Каримовдан мерос қолган тартибдан тезроқ қутулиши ва жиддий сиёсий ислоҳотларни бошлаши керак.

“Ҳеч қандай иқтисодий ислоҳотлар сиёсий ислоҳотларнинг ўрнини босмайди”,- дейди Муҳаммад Солиҳ.

Манба: Би-Би-Си Ўзбек