Мураккаб тақдирлар

Мураккаб тақдирлар
61 views
13 November 2018 - 8:00

МУРАККАБ ТАҚДИРЛАР

(1-қисм)

Ҳижрий 903–йили темурийлар салтанати учун янада оғир келди. Амир Темур минг азобда бунёд этган улкан салатанат таназзулга учраган, темурийзодалар эса уни сақлаб қолиш ўрнига бир кун бўлса ҳам тахтга ўтириш илинжида тинимсиз жанг олиб боришарди. Ота-бола ва ака-укаларнинг бир-бирларига қарши қилич кўтариши оқибатида оддий халқ янада қийналган, хазина бўшаб борарди. Мовароуннаҳрда Султон Аҳмад Мирзо вафотидан сўнг бу хунрезлилар бошланган бўлса, мана учинчи йилки бу урушларнинг охири кўринмайди. Бухоро, Кеш, Ҳисор ва Фарғона улуси ҳокимлари Самарқанд тахтини эгаллаш пайида.

Хуросонда эса Султон Ҳусайн Мирзо давлатни идора қилолмай қолди. Бир йил аввал Ҳисордаги фитнани бостиришда фаол қатнашган тўнғич ўғли Бадиъуз -Замон Мирзони Астробод ҳокимлигидан озод этиб, Балхга ҳоким этиб тайинлаган эди. Мазкур юришдан аввал Астрободда ўғли Мўмин Мирзони ўрнига қолдириб келган Бадъуз-Замон Мирзо Навоий ҳокимлиги чоғида обод масканга айланган шаҳарни бошқа темурий эмас, балки ўз фарзанди бошқаришини истарди. Иккинчидан Мўмин Мирзонинг суннат тўйида подшоҳ Астрободни тўй бола шаҳзодага инъом қилган эди. Аммо Хуросон подшоҳи Асрободни суюкли фарзанди Музафафр Ҳусайн Мирзога инъом қилади. Бундан норози бўлган Бадиъуз-Замон Мирзо отасига қарши бош кўтаради. Бадахшон ҳокими Хусравшоҳ ва Қандаҳор ҳокими Зуннун арғун исёнга қўшилади. Улуғ шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг ота-болани яраштириш учун қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда кетади.

Султон Ҳусайн Мирзо Балхга қўшин тортади ва бу юришдан илгари Музаффар Ҳусайн Мирзо бошлиқ алоҳида қўшинни Астрободни эгаллаш учун сафарбар қилади. Рамазон ойининг иккинчи куни Балх яқинидаги масоф жангида Бадиъуз-Замон Мирзо мағлубиятга учраб қалъада қолган аҳли-аёлини ташлаб Қундуз томон қочади. “Бобурнома” да келтирилган маълумотларга кўра, Бадиъуз-Замон Мирзо мағлуб бўлган айнан ўша чоршанба куни Астробод ҳам қўлдан кетади ва Мўмин Мирзо асир олинади.

Айни шу кунларда Самарқанд ҳам қамал остида эди. Тарихнинг киноясини қарангки, Амир Темур учун муқаддас саналган иккала шаҳар ҳам бир вақтда қамалда қолади. Маълумки, 1370 йили айнан Балхда мустақил салтанат ҳукдори деб тан олинган ва у Самарқандни пойтахт қилиб уни дунёнинг энг гўзал ва обод шаҳрига айлантирган эди. Акаси вафотидан сўнг тахтга ўтирган Султон Маҳмуд Мирзо ҳам олти ойдан сўнг вафот этиб, унинг фарзандлари ўртасида кураш давом этарди. Бу курашга энди Фарғона улуси ҳокими Бобур Мирзо ҳам қўшилади. Танг аҳволда қолган Бойсунғур Мирзо Туркистонга элчи юбориб Шайбонийхондан мадад сўрайди (кейинчалик айнан Шайбонийхон деярли барча темурийларнинг бошига етади). Аммо бу мадад куч ҳам Бойсунғур Мирзога етарли бўлмайди. Етти ойлик қамалдан сўнг Самарқанд тахти ўн тўрт ёшли Бобур Мирзо қўлига ўтади.

Балх қамали Самарқанд қамалидан фарқли ўлароқ қирқ кун давом этади. Тинкаси қуриган балхликларнинг бахтига қалъада қолган Бадъуз-Замон Мирзонинг ҳомиладор хотинининг кўзи ёрийди. Балхликлар янги туғилган темурий шаҳзода суюнчиси баҳонасида Султон Ҳуйсайн Мирзога хушхабар жўнатиб қалъани топширадилар. Чақалоққа Муҳаммад Замон Мирзо деб исм қўядилар. Унинг тақдири ва Бобур Мирзо тақдири ниҳоятда мураккаб тақдир сифатида тарих зарварақларидан ўрин олган. Бир ҳафталик шодиёнадан сўнг Муҳаммад Замон Мирзо катта тантаналар билан Қундузга, отаси ҳузурига жўнатилади.

Бобур Мирзо атига юз кун Самарқанд тахтида ҳукм суради. Андижондаги исён сабаб у шаҳарни ташлаб чиқади. Кейинчалик маълум бўлишича, айнан ўша куни Андижон ҳам қўлдан кетган эди. Ватанда беватан қолган ёш ва тахтсиз тождор Бобур сарсон –саргардонликларга юз тутган бўлса, чақалоқ Муҳаммад Замон Мирзо ўгай акаси Мўмин Мирзонинг бобоси томонидан хиёнаткорона қатл этилиши сабаб янада авж олган уруш туфайли сарсон-саргардон юришга мажбур бўлади.

Темурийларнинг ички низоларидан унумли фойдаланган Шайбонийхон аста-секин бирин-кетин уларни маҳв эта бошлайди. Икки йил фатаратларда қолган Бобур аввалига Андижонни қайтариб олган ва сўнгра Самарқандни Шайбонийхондан тортиб олсада, уни сақлаб қололмайди ва 1504 йили Ҳисор орқали Хуросонга йўл олади. Бу пайтда Кобул тахтини Қандаҳордан келган Зуннун арғун эгаллаб олган хабарини эшитган Бобур отаси тахтига интилади. Бобурнинг отаси Умар Шайх Мирзо ёшлигида Кобул ҳокими этиб тайинланган, аммо ҳали у етиб бормай орқасидан чопар жўнатилиб, Фарғонга ҳоким этиб тайинлангани сабаб қайтариб келинган эди. Бобур осонлик билан Кобулни эгаллайди. Кўп ўтмай ҳаётдан кўз юмган Султон Ҳусайн Мирзо тахтига бир вақтнинг ўзида икки шаҳзода – Бадъуз-Замон Мирзо ва Музаффар Ҳусайн Мирзо ўтирадилар. Бобур тили билан айтганда, ширкатлик подшоҳлик ҳали эшитилмаган эди.

Шайбонийхон ўз навбатида Хуросонга юриш бошлайди. Бобурнинг биргалашиб душманга қарши курашиш таклифи ширкатлик подшоҳларга ёқмайди. Оқибатда Султон Ҳусайн Мирзонинг ўн битта ўғлининг ўнтаси ва бир неча ўн набираси Шайбонийхон томонидан қатл этилди. Бадъуз-Замон Мирзо қрчиб қутулсада, тўққиз йилдан сўнг Истанбулда вафот этади.

Ҳирот, Қандаҳор ва Асрободда сарсон юрган Муҳаммад Замон Мирзо Дамғонда Шайбонийхон қўлига тушади. Тузилган сулҳга кўра, у Озарбайжонг жўнатилади ва Эрон шоҳи паноҳида Райда истиқомат қила бошлайди. Ўн етти ёшида у атрофига қўшин тўплаб, Асрободни эгаллайди. 1516 йили Балхни эгаллашга уринади. Балх ҳокими Бобурдан ёрдам сўрайди. Кобулдан келган ёрдамчи куч билан балхликлар Муҳаммад Замон Мирзони тутиб Бобур ҳузурига жўнатади. Амир Темурнинг иккинчи ўғли Умар Шайх Мирзо (Бобурнинг отаси Умар Шайх Мирзо билан адаштирманг) авлодларидан фақат Муҳаммад Замон Мирзо тирик қолган бўлса, соҳибқироннинг учинчи ўғли Мироншоҳ Мирзо авлодларидан фақат Бобур Мирзо тирик қолган эди (Амир Темурнинг биринчи ўғли Муҳаммад Жаҳонгир Мирзо ва тўртинчи ўғил Шоҳрух Мирзо ўғиллари аллақачон тамом бўлган). Эндиликда теиурийлар сулоласини давом эттириш фақат Бобур Мирзо ва Муҳаммад Замон Мирзога боғлиқ эди. Ҳар иккаласининг ҳам кейинги тақдири Ҳиндистон билан боғланиб кетади.

Ботирали ЙЎЛДОШЕВ,
бобуршунос

facebook.com