Мардикорни солиққа тортишнинг мавридими?

Мардикорни солиққа тортишнинг мавридими?
95 views
13 November 2018 - 9:00

Ўтган ҳафтада ОАВда Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидагилар шу вақтгача «соя»да бўлиб келган устачилик, мардикорчилик, киракашлик, уй хизматлари ва шунга ўхшаш фаолият турларига патент жорий этиш режалаштираётгани, патент нархи бир йилга энг кам иш ҳақининг 4,5 баробари (912 285 сўм) миқдорида бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Кўп ўтмай вазирлик ОАВларда хусусий киракашлик, кунбай ҳақ тўланадиган ишлар ва хусусий ёлланиб ишлайдиган таъмирлаш-қурилиш ишлари каби фаолият турлари учун патент киритилиши режалаштирилаётгани ҳақида пайдо бўлган хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди.

Вазирлик баёнотида «кўрсатиб ўтилган меҳнат фаолият турларига патент жорий этилиши бугунги кунда қонуний ташаббус ҳисобланмайди ва биронта расмий ҳужжатда мавжуд эмас», – деб айтилади. Аммо кейинги сатрлардаёқ «Айни пайтда ушбу масала муҳокама этилмоқда ва Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги доирасида ўрганиб чиқилмоқда», – деб ҳам ёзилган. Давомида «Қишлоқ жойларидаги норасмий бандлик одатга кўра, дунёнинг кўплаб мамлакатларида энг кенг тарқалган муаммолардан бири саналади», – дея қўшимча қилинади.

Бандлик муаммоми?

Шу ўринда биринчи савол туғилади – бандлик муаммоми?

Иқтисодий-ижтимоий воқелигимиз миллионлаб ҳамюртларимизни «ўз кунини ўзи кўриш»га, хусусан, вазирлик тилга олаётган тирикчилик турлари билан шуғулланишга ундаб келяпти. Бошқа бир неча миллион киши эса узоқ юртларда мардикор бўлишга мажбур. Бу эса қишлоқларимизда отасиз ўсаётган болалар, эрсиз кун кечираётган аёллар, оиласидан узоқда маънан эзилиб, «гастарбайтер» мақомини кўтариб юрган йигитлар ва бошқа чеки йўқ ижтимоий, маънавий, психологик муаммолар занжирининг онасидир. Мазкур оғриқли тафсилотлар мамлакатимизда, хусусан ўша — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги сўз очган қишлоқларимизда битта бўлса ҳам даромад манбаини қадрламоқни тақозо қилади. Ҳолат шунақа.

Вазирлик баёнотига яна қайтамиз: «Бу турдаги патентни олиш фақатгина ихтиёрий тарзда амалга оширилган бўлар эди», – дейилган.

Шу ўринда иккинчи савол…

Ихтиёрийми ё ихтиёрий-мажбурий?

Модомики, мазкур патентни олиш ихтиёрий экан, юқорида тилга олинган тирикчилик турлари билан машғул бўлиб юрган фуқароларнинг қанча фоизи ўз ихтиёри билан мазкур патентни олишга рағбат билдиради? Нима деб ўйлайсиз? Ҳолатни билганлар айтади — деярли ҳеч қанча. Маълум сабабларга кўра, солиқ ва бошқа давлат идоралари билан имкон бўлса алоқа қилмасликни афзал кўрадиган, ҳуқуқий билимлари ҳаминқадар одамларимиз, айниқса, қишлоқ одамлари ўз хоҳишлари билан бундай патентни расмийлаштирмайдиларку?

Унда бу ташаббуснинг маъноси не? Янги тартибни муҳокама қилиш, овоза қилиш, жорий қилишдан нима фойда? Бу ташаббус негизида кейинчалик ихтиёрийлик эмас, балки секин-аста мажбурийликни жорий қилиш кўзланмаганми?

Аммо унда, маъмурчилигимизнинг ўзига хослигини ҳисобга олиб айтиш мумкинки, бу нарса мардикорларни, кечирасиз-у, итдек у ёқдан бу ёққа қувиш «тадбир»ларига олиб келади. Яъни, яна қўшимча бефойда оворагарчилик ва яна дунёга шарманда бўлиш, бошқа нарсага эмас.

Пенсия масаласи

«Яъни, патентни ихтиёрий равишда олиб, йилига 912.285 сўм (ойига 76.023 сўм) тўлаган фуқаро тўлиқ бандлик учун бериладиган меҳнат стажига эга бўлиши мумкин. Бундай чора-тадбир яхлит пенсия тизими шаклланишига қўшимча фуқаролар сонини жалб этишга имкон берган ва келгусида ўша фуқароларнинг ёш бўйича пенсия олишларини таъминлаган бўлар эди», – дейилади маълумотномада.

Пенсия — бу яхши. Аммо, юқорида айтилганидек, ихтиёрий равишда мазкур патентни олишга иштиёқ билдирадиган кишилар саноқли бўлади ва вазирлик айтгандек «келгусида ўша фуқароларнинг ёш бўйича пенсия олишларини таъминлаган бўларди…» ибораси бу ерда ортиқча. Мажбурлаш эса ўша бизга таниш оқибатларга олиб келади.

Ва ниҳоят, умуман…

… мардикор – ким у?

Муқим касб-кор қилолмай кўчада иш излаб юрган ҳамюртларимизнинг ҳолатини объектив тавсифлайдиган бўлсак, бу тоифанинг ҳолати ижтимоий-психологик кенгликда илмий ўрганиладиган бўлса, қўшимчасига уларнинг аксари оилали инсонлар экани, уларнинг фарзандларининг руҳий ҳолатини ўйлайдиган бўлсак, бу кишиларни қўққисдан солиққа тортиш масаласини эмас, балки давлат ва жамиятнинг бор имконини ишга солиб уларга ёрдам бериш, кенг маънода кўнглини кўтариш кераклигини тушуниб олган бўлардик.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги аҳолининг мазкур қатламларининг мавжуд ҳолати устидан тадқиқотлар ўтказиб, давлат ва жамиятни бохабар қилса, уларнинг кенг қамровли реабилитацияси масалаларини ўша — давлат ва жамият олдига кўндаланг қўйса, мақсадга ва вазирликликнинг бевосита бурчига мувофиқ бўларди.

Шокир Шарипов

Манба: kun.uz