Бу кетишда одамлар фермерликка ҳам мажбурланса ажаб эмас

Бу кетишда одамлар фермерликка ҳам мажбурланса ажаб эмас
65 views
13 November 2018 - 14:49

“Бу йил фермерларга ҳар йилгидан кўра оғир бўлди. Уларга нисбатан зуғум ва зўравонликлар кўлами ошса ошдики, асло камаймади”.

Бу қашқадарёлик фермернинг эътирофи. У жорий йилда ҳам ғалла, ҳам пахта режасини бажаритириш учун маҳаллий ҳокимият органлари томонидан кўплаб зўравонликлар қилинаётганини айтди.

Бу йил Ўзбекистонда деҳқончилик учун жуда оғир келди. Баҳорда узлуксиз ёғингарчилик сабаб ғаллага касаллик тегди – занг тушди. Деҳқон бир амаллаб ҳосил етиштиргач, давлат аввалги йиллардагидан кўра кўпроқ ғирромлик қила бошлади.

“Режани бажарганлардан ҳам ортиқча ғаллани тортиб олишди. Бажармаганларга янада қийин бўлди. Мажбурий меҳнат бюроси деган бир бало чиқди. Уларнинг мол-мулкини талай бошлашди”, дейди фермер.

Ёғингарчилик сабаб чигит экиш анча кечикди. Кейин эса қурғоқчилик деҳқоннинг силласини қуритди. Камида 4-5 марта сув ичиши керак бўлган ғўзани аранг 2-3 марта суғорганлар кўп бўлди.

“Натижада бу йил пахта яхши бўлмади. Фермерлар яна аввалгидек ярим тундан оғгунча ҳоким ўтказадиган мажлислардан бўшамади. Дўқ-пўписа, сўкишларнинг чеки йўқ”, дейди қашқадарёлик фермер.

“Пахта сиёсати ҳар йилгидан ҳам кучайиб кетди. Бу йил аввалги йиллардан баттар бўлса бўлдики, енгиллашмади! Мажбурлаш ва зуғумлар одамларни жонидан тўйдириб, уларнинг президентга бўлган ишончини йўқотмоқда. Ҳокимидан тортиб рокурор, ИИБ бошлиғи, солиқ идораси раҳбари ҳар куни фермернинг устида”, дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистонда режани бажармаган ёки бажаришга кечикаётган фермерларга ерини тортиб олиш билан дағдаға қилинади. Пахта терими ниҳоялаган сари бундай пўписалар жонидан ўтиб кетган фермерларнинг ўзи ерини топширишдан қўрқмай қўяди. Аммо баҳор келганидан сўнг барибир яна даласига қайтиб, дилда умид билан ерга уруғ қадашга киришиб кетади.

Ҳозир ҳокимлар фермердан ерини тортиб оламан деса, улар бажону дил бунга рози бўладиган даражага етиб келди.

Қашқадарёлик фермернинг айтишича, яқинда ҳоким фермерга ерини тортиб олиш билан дағдаға қилганида у ҳозироқ қайтариб беришга тайёрлигини айтган. Шундан кейин ҳоким: “Менинг фермерлик қиладиган қариндош-уруғим йўқ. Қандай қилиб бўлса ҳам пахта режасини бажариб қўй. Бўлмаса уйингга МИБни жўнатаман”, деган.

Ҳақиқатан ҳам Мажбурий ижро бюроси фермерларга тазйиқ ўтказишнинг навбатдаги воситасига айланди. Режани бажармаганларнинг мол-мулкини хатловга олиб, бўйнидаги қарзини узмаса, уларни мусодара қилиш амалиёти пайдо бўлди.

“Ҳозир бизда жуда кўп фермер ерини топшириш ҳаракатида юрибди. Агар шундай кетаверса, ерга ишлайдиган фермер қолмайди. Кейин булар фермерликка ҳам мажбурлайди шекилли одамларни”, дейди қашқадарёлик фермер.

Бош вазирнинг эндиликда собиқ ўринбосари Зойир Мирзаевнинг фермерлар ва қишлоқ хўжалигига масъул бир неча амалдорни қўлига кесак кўтартириб жазолагани, ариқ сувига тушириб қўйгани, машина олдига солиб югуртиргани воқеалари жорий йилда фермерларга бўлган ҳукумат даражасидаги зўравонликнинг бир рамзи ўлароқ кўрилмоқда.

Баҳодир Шариф

Манба: Eltuz.com