Василий Верешчагин. 1868 йилда Самарқанд (рассом хотиралари)

Василий Верешчагин. 1868 йилда Самарқанд (рассом хотиралари)
25 views
14 November 2018 - 8:00

I

Биз ҳаммамиз, яъни Самарқандни «забт этувчилар», генерал Кауфман[1] изидан бориб, амир саройига жойлашдик; ниҳоятда баланд ва кенг хоналардан иборат асосий бинони генерал, сарой атрофидаги уйларни[2] биз — қароргоҳ аъзолари эгалладик; менинг қадрдоним, генерал Головачевнинг[3] чекига эса амирнинг собиқ ҳарами тушдики, илгарилари ҳар қандай мард, жасур жангчининг ҳам бу ерга қадами етиши амри маҳол эди, табиийки, биз келгунча барча қушчалар қафаслардан бўшалиб, учиб кетишга улгуришганди.

Генерал Кауфман хоналари билан бизнинг уйларимиз Темурлангнинг[4] машҳур тахт залига туташиб кетганди. Муҳташам сарой айланаси ҳашаматли йўлакдан иборат бўлиб, тўрда чиройли бўртма нақшлар билан зеб берилган катта оқ мармар бўлаги — улуғвор тахт — Кўктошнинг айни ўзи турарди. Бу ерга — мана шу саройга бутун Осиё ва Оврупонинг кўпгина жойларидан ҳукмдорлар ҳамда элчилар таъзим бажо этгани ташриф буюришар, тобелик ва садоқат рамзи сифатида қимматбаҳо совға-саломлар келтиришарди. Темурланг (сўзма-сўз Оқсоқ Темур маъносида) бу тахтда виқор тўкиб ўтириб, кўп сонли вассалларини қабул қиларди. Мен кўпинча генерал Кауфман билан ҳозир биз забт этган жойларнинг тарихи, бу ерга келишга улгурган сайёҳлар, китоблар ва ҳоказолар ҳақида фикр алмашган ҳолда залда айланиб юрардим. Биз, айниқса, машҳур Вамбери асарида учрайдиган ноаниқликлардан ҳайратга тушдик, масалан, у Кўктош тахти ҳақиқатан ҳам яшил деб қайд этган, тахт устига ўрнатилган темир тахтачага битиклар ёзилган деб таъкидлаган эди, аслида тахт оқ, янаям тўғрироғи кулрангга мойил бўлиб, ёзувлар тошга ўйилганди ва ҳоказо. Генерал Кауфман бундай олди-қочдиларни кўргач. Вамбери умуман Самарқандда бўлмаган деган мулоҳазани билдирди.

Мен ҳар куни шаҳар ва унинг атрофларида кезиб, мачитлар, бозор, мактабларни, айниқса, ғалати тасодиф билан сақланиб қолган кўпдан-кўп эски мачит намуналарини кўздан кечирардим; ўрганиш ва расм чизиш учун шунчалик манба кўп эдики, ишни қайси биридан бошлашни билмай одам шошиб қоларди: табиат, иморатлар, қиёфалар, кийим-кечаклар, урф-одатларнинг ҳамма-ҳаммаси янги, асл ажойиб эди.

Бухоро амири шаҳарни қайтариб олиш учун 30—40 минг кишилик қўшин билан биз томонга келаяпти, деган миш-мишлар тарқаганди. Кауфман қарши ҳужумга тайёргарлик кўра бошлади, биринчи навбатда аҳолини тинчлантириш ва ҳавфсизликни таъминлаш учун янги забт этилган шаҳар атрофларига қўшин юборди. Шарқнинг эски ва янги шоирларй томонидан тинимсиз мадҳ этилган, дабдабали, тенги йўқ, илоҳий Самарқанд ҳақидаги турли сифатларни тўғридан-тўғри қабул қилмаслик керак, чунки Самарқанд ҳам барча Осиё шаҳарлари каби етарли даражада ифлос ва бадбўй эди.

Генерал Головачёв Каттақўрғон қалъасини қўлга олиш учун отланди, мен ҳам жанг манзараларини жилла қурса энди яқиндан кўрайин деган умидда бу кичик сафарга бирга бордим, аммо чангдан бошқа ҳеч нарсани кўра олмадим, чунки отряддаги зобитларни ҳаддан ташқари афсуслантирган ҳодиса юз берди — қалъа жангсиз таслим бўлди. Суворийлар бошлиғи Штрандман ишнинг бундай тинч якунланганидан ниҳоятда ғазабланди ва қалъанинг таслим бўлганини билдириб, садоқат изҳор этиб келган элчиларни менга топширинг, уларга довюракликни ўргатиб қўяман, деб генералдан талаб қилди. Отряд оташинлик билан кутган иш қўлдан кетди — мукофотлар, нишонлар, мартабалар бой берилди — алам қилмайдими?!

Бояги суворийлар бошлиғи ўз казакларини гўшт билан қандай таъминлаганини эшитиб, кулгидан ўзимизни тия олмадик. Аҳоли йўл атрофидаги ҳамма молни ҳайдаб кетганлигидан ҳеч нарса топиб бўлмасди, шунда полковник қатъий чораларни қўллашга қарор қилади ва вахмистрни чақиради.

— Нега бизнинг буқалар узоқда боқилаяпти? У ҳанг-манг бўлиб қолади.

— Қандай буқаларни айтяпсиз, жаноби олийлари?

— Бизнинг буқаларимиз деяпман-ку сенга, нима, кўрмаяпсанми?—У қўли билан қаршимизда ястаниб ётган бадавлат Зарафшон водийсида ўтлаб юрган молларни кўрсатади.

— Кўраётганим йўқ!..

— Гап қайтарилмасин! Ҳозироқ бу ёққа ҳайдаб келинсин!

Бир неча буқани отрядга ҳайдаб келишади ва уларни бир зумда шунчалик паққос туширишадики, эгалари генералга шикоят қилиб келишганда, уларнинг на суяги, на терисидан ном-нишон қолган эди. Генерал казакларнинг найрангини сезди ва товон тўлашга мажбур бўлди.

Кавказлик жасур зобит Пистолькорс жануби-шарқ томондан келаётган Шаҳрисабз ва китоблик ўзбек аскарлари тўдасини тиғга тортиш учун юборилган эди. У қўшинни енгишга енгди, ҳатто барча ғолиблар каби жанг майдонида тунаб ҳам қолди, аммо манзилга қараб юриши биланоқ, душман яна бирлашиб, шундай зарба бердики, таъбир жоиз бўлса, унинг нақ елкасига миниб олиб, Самарқандгача қувиб келди. Генерал Кауфман ва биз қайтиб келаётган отрядни кутиб олиш учун отландик, шаҳардан ташқарига чиқишимиз бйлан бизни ўққа тутишди, атрофдаги дарахтзорлар орасида шундай қизғин отишма бошландики, қўмондоннинг хавфсизлигини таъминлаш учун ёнимиздаги барча казакларни шу заҳотиёқ қарши ҳужумга ташлашга тўғри келди; биз ярадорларни олиб, қайтишга мажбур бўлдик. Оқибати чекиниш билан якунланган бояги ғалаба кўпчилик зобитлар орасида норозилик уйғотди, ботир зобит, учига чиққан маишатбоз полковник Назаров Самарқандга қараб қилинган бу кейинги ҳаракат жуфтакни ростлашдан бошқа нарса эмас, деб баралла гап тарқатгани учун Кауфман томонидан қамоққа олингани ва бўлажак ҳарбий ҳаракатларда қатнашишдан маҳрум қилингани ҳақида эшитдим.

Ерли аҳоли буни чинакам муваффақият деб ўйлаб, хурсандчилигини яшириб ўтирмади, аслида эса у бизни ёв ҳали батамом мажақлаб ташланмагани, бор-йўғи лат еганидан огоҳлантирди, шарқда бундай ҳодиса тез-тез учраб туради. Тезликда ўзини ўнглаб олган рақиб ҳали курашга қодирлигини билдириб қўйганди. Нима бўлганда ҳам шаҳарни душман қуршаб олди, деган хабар бир зумда тарқалиб кетди. Биз, ёшлар, парвойи-палак эдик, отрядга оз ёки кўп даражада бирон-бир ҳавф туғилиши ёки ўзимга қандайдир зиён-заҳмат етиши мумкинлигини хаёлимга ҳам келтирмаган эдим. Ҳар куни бир казак ҳамроҳлигида бозор ва шаҳардаги кўчалар ва йўлкалар бўйлаб айланардим, ҳаётим ҳар соат, ҳар дақиқа қил устида бўлганлигини кейингина англаб етдим. Қўшин қўмондони шаҳардан ташқарига чиқаётган пайтда айрим кўчаларда мулланинг ваъзини жон қулоғи билан тинглаётган аксари ўрта яшар одамлар тўдаси учраб турарди; Пистолькорс отряди қайтган куни эса бундай ваъз ўқиётганлар сони кўпайган, чамамда халқни кофирларга қарши жангга отланишга чорлашаётган эди. Қалъага тезроқ етақолай, деб бозорга борадиган катта кўчадан бурилиб, тор, қинғир-қийшиқ йўлкадан кетаётганимда, муюлишлардан биридаги мачитнинг катта дарвозаси очилиб кетди, ичкарида одам тўла эди, қизил кийимли киши — Бухоро амирининг айғоқчиларидан бўлса керак — нутқ сўзлаб турарди. Халойиқ тарқалаётган пайтда энг кейинда овози ва қўл ҳаракатлари билан халқни қўзғалишга даъват этиб менинг танишим — Шердор мачитининг катта мулласи борарди.

— Салом, мулла!— дедим мен; у жуда дарғазаб бўлса-да, ҳамманинг кўз ўнгида ўзига узатилган қўлни олиб кўришишга мажбур эди.

Генерал Кауфман шаҳардан чиқиши[5] биланоқ аҳоли қўзғолон кўтармоқчи, деган гап айланиб қолди. Аммо мен туну кун ерли аҳоли орасида кезиб юрар эканман, худди шундай бўлади деган фикрга аллақачон келган эдим, бошқа ҳаёл, ҳатто тасаввуримга ҳам сиғмасди. Шу кунларда мен шаҳар ташқарисидаги Шоҳи Зиндага — Темурлангнинг ёзлик саройи шундай аталарди — элтадиган йўлдан бориб, у ердаги мачитлардан бирида сақланиб қолган, бир вақтлар унга тенгсиз кўрк бағишлаб турган мўъжизакор нақшлар тасвирини чизаётган эдим. Уруш манзаралари ўрнига ҳаммаёқда нуқул қум, чангу ғуборни кўравериш меъдамга тегиб кетганидан биринчи оказия[6] биланоқ Самарқанддан қайтиб, Қўқонга саёҳатга жўнашга қарор қилганим учун ҳатто генерал Кауфман билан хайр-хўшлашиб ҳам қўйтандим. Бахтга қарши, эртаси куни, у кетгандан кейин шаҳарни қуршаб олган шаҳрисабзликларнинг таҳдиди туфайли ҳали-бери оказия бўлмаслигини маълум қилишди, бунинг устига шаҳар мададга муҳтож эди, 3 чақиримга чўзилган деворни қўриқлаш учун қалъамизда бори-йўғи 500 одам бор эди.

Яна бир кундан кейин, эрта тонгда сарой ҳовлисидаги мен истиқомат қилаётган хонага ерли-аҳолини бошқариш учун қолдирилган ураллик казак, майор Серов чопиб кириб келди. У қуролланган халойиқ бизга очиқдан-очиқ душманлик кайфиятида турганлиги важидан бундан кейин шаҳарга бормаслигимни тайинлади. Шаҳрисабзликлар шаҳар остонасига келиб, ичкарида исён кўтарилиши ва қалъага ҳужум бошланишини кутишаётган эмиш.

— Худо ҳаққи, қалъа деворидан ташқари чиқа кўрманг,— деб мени огоҳлантиради у, ўлдириб қўйишлари мумкин, изсиз гумдон қилишади, ким ўлдирганиниям аниқлаб бўлмай қолади.

Афғон отрядимиздаги бир форснинг суратини куни кечагина чиза бошлагандим. Агар шу қўлимни ушламаганда, тан оламанки, бу гал ҳам ҳеч қандай хавф-хатардан қўрқмасдан шаҳарга отланган бўлардим.

Душман Бухоро тарафидан бостириб келади, деган тахмин тўғри чиқди, эртаси куни, тонг саҳарда ҳужрамдан[7] чиққанимда қўлларига дурбин ва кузатув асбоблари ушлаган қалъа маъмурларини кўрдим.

— Нима гап?

— Мана бу ёққа қаранг!

Дурбинда ҳам, дурбинсиз ҳам шаҳар узра юксалган Чўпон-ота тепалиги қўшинга тўлиб кетгани аниқ-таниқ кўриниб турарди, милтиқ найзалари қуёш нурида ярқирарди. Аскарлар орасида отлиқ бошлиқлар айланиб юришар, чопарлар серҳаракат бўлиб қолишганди. Орамиздаги баъзи ёши катта зобитлар ҳозир қалъага ҳужум бошланади, деган қатъий фикрда эдилар, бошқалар эса бундай бўлишига мутлақо ишонишмасди, мен ҳам ана шу кейингилар қаторида эдим. Мунозара қилаётганлар ичида қалъа қутволи, майор Штемпель, бояги Серов ҳамда юқорида айтганимиздек, тили заҳарлиги учун жазога дучор бўлиб, Самарқандда қолдирилган полковник Назаров бор эди, мен у билан шу пайтгача таниш эмасдим.

Шу куни афғоннинг суратини деярли битираёзгандим, фақат оёқларини чизишим қолганди, аммо бугун буни уддалай олмаслигимга кўзим етди. Ёдимда бор, кечқурун сапёр Б.нинг таклифига мувофиқ душман шаҳар томондаги қалъа деворига туташ кўтармани қандай қўпораётганини кўргани бордим, Генерал Кауфман кетишидан олдин эски деворнинг бузилиб, бемалол ўтиш мумкин бўлиб қолган жойларини тузатишни мана шу зобитга топширган, аммо муҳандислар жиддий ҳужум бўлишига ишонишмаганлигидан бу ишни қўл учида бажаришаётганди, Чўпон-отага тўпланган ёв қўшинини қўргандан кейингина улар ғайратга кириб кетдилар. Шунисигаям шукур, шаҳарга ўтиш мумкин бўлган энг катта ўпирилган жойни жанг бошлангунча тузатиб улгуришди, агар ярим соат кечикишганда борми, бутун қалъа қўлдан кетган бўларди.

(давоми бор)

[1] Туркистоннинг биринчи генерал-губернатори, босқинчи рус армиясининг бош қўмондони.
[2] Рассом бундай муҳташам уйларни аввал кўрмагани учун ҳатто уларнинг номини ҳам билмайди ва Кавказдагидек «Сакла» деб атайди. Зобит бундай атама Туркистон шаҳарларида умуман ишлатилмагани ҳақида ўйлаб ўтирмайди ҳам. (Махсус кўрсатилмаганидан бошқа барча изоҳлар таржимонники — Таҳририят).
[3] Шафқатсизлиги билан ном чиқарган чор зобити. Айниқса, Хива урушида, Қўқон хонлигини забт этишда «ўзини кўрсатган». Ёвмут туркманларини қатли ом этган чор қўшинларига қўмондонлик қилган.
[4] Русия ва овруполиклар Амир Темурни камситиб, ана шу таҳқирловчи ном билан атаганлар.
[5] Гап бу ерда рус қўшинларининг Бухорога ҳужумга отлангани ҳақида кетаяпти.
[6] Озиқ-овқат, қурол-яроғ ва бошқа нарсаларни элтадиган ҳамда почта ташийдиган махсус қисм.
[7] Бу ерда ҳам «сакла» дейилган.

Манба: ziyouz.uz