Турклар

Турклар
45 views
16 November 2018 - 8:00

Турк — жаҳондаги энг қадимги ва йирик этнослардан бирининг номи. Сўнгги даврда жаҳон олимлари, жумладан, ўзбек олимлари томонидан амалга оширилган тадқиқотлар натижасида ва қадимги Хитой манбаларидаги маълумотларга кўра, ушбу атама бундан 3,5—4 минг йил муқаддам раемсимон иероглифлар билан ёзилган битикларда “тиек” ва “тиаук” шаклида учрайди. Турк сўзи бақувват, баркамол, одиллик каби маъноларни англатади, деган фикрлар мавжуд. Қадимги Хитой манбаларида турклар қиёфаси чуқур кўзли, қирра бурунли, басавлат ва серсоч деб кўрсатилади.

Бир неча минг йилликлар давомида турк қабилалар кўп марта бирлашган ва парчаланганлиги туфайли уларнинг қабилавий таркиби ўзгариб турган.

Мил. ав 2-а.дан — мил. 3-а.гача бўлган даврда турклар Ҳун хоқонлиги таркибида бўлганлиги сабабли Хитой манбаларида шюнну, ҳунну деб ҳам аталган. Мазкур хоқонлик емирилгандан кейинги 300 йилга яқин давр давомида хитойлар туркларни тиекле (замонавий тилда теле) деб аташган.

6-а.да туркларда бўлган Ашина авлоди кучайиб, Турк хоқонлиги барпо этган. Хитой манбаларига кўра, 9-а.да тилга олинадиган турк қабилалари 58 та ном билан ажратилган. Шулардан 22 таси уйғур (иттифоқчилар) деб номланган.

Туркия олимлари асарларида турк қабиласи кўктурк деб хам аталади. Тадқиқотларга кўра, кўктурк сўзи тангрига, яъни осмонга ишонган турклар, баландлик турклари, кўк бўри тотеми бўлган турклар каби маъноларни англатган. Марказий Осиёда турк топоним, этноним, гидроним сифатида кўплаб учрайди.

facebook.com