Ўзбекистон Муфтийси Мухторжон домла Абдуллаев ҳикояти

Ўзбекистон Муфтийси Мухторжон домла Абдуллаев ҳикояти
89 views
18 November 2018 - 8:00

(Суратда: Ал-Азҳар университети)

ЎЗБЕКИСТОН МУФТИЙСИ МУХТОРЖОН ДОМЛА АБДУЛЛАЕВ ҲИКОЯТИ

Ўзбекистон давлатининг янги ва энг янги тарихининг ёрқин сиймоларидан, чин қахрамонларидан бири Муфтий Мухторжон домла Абдуллаев таржимаи ҳоли ҳақида маълумотлар асосан “Ўзбекистон Уламолари” китобидан, Моварауннахр нашриёти 2015 йил ва “Зулматдаги зиёкорлар” китобидан олинди. Муаллифлар: бухоролик машҳур имом Азизхўжа ҳазрат Иноятов ва журналист Музаййама Солиева. Тошкент, Ҳилол нашр, 2016 йил.

Мухторжон Турдиали қори ўғли Абдуллаев 1928 йил 30 декабрда Қўқон шаҳрининг Азриқтепа мавзесида таваллуд топганлар. Падари бузрукворлари Турдиали қори Қўқон мадрасасида таҳсил олган тақводор ва илмли уламо бўлганлар. Турдиали қорининг оталари, Мухторжон муфтийнинг боболари Абдуллоҳжон домло Қўқон хони Худоёрхон даврида Шайхул – ислом даражасига етишганлар. Муфтийнинг сингиллари Шоҳида Абдуллаеванинг айтишларича, ўтган асрнинг машъум диндорларга нисбатан аёвсиз қатағон йиллари оталари оналаридан эрта жудо бўлган фарзандлари билан 1935-йилда нотинч Қўқондан жонлари омон қолсин деб Самарқандга кўчиб келадилар. Бир-икки йил шу ерда яшайдилар. Маҳалладошларидан бири вафот этганда, Турдиали қори имомлигида уй эгаси ва қўшнилари кичик жамоат бўлиб, марҳумга жаноза намозини ўқишади. Тирноқ остидан кир қидириб юрган динимиз душманлари – шўро амалдорларига шунинг ўзи ҳам етарли эди. Турдиали қорини дарҳол ҳибсга олишади. Бахтли ҳодиса махбусга ёрдамга келади. Махсус хизмат вакилларидан бири Қўқонда яшаган экан ва Турдиали аканинг диний ва дунёвий илми баландлигини ҳурмат қилар экан.  Шу инсон қорига раҳми келиб у кишини қамоқдан озод қилади. Шундан кейин диндорлар оиласи Самарқандан Бухорога кўчиб келадилар. Турдиали ака совун ишлаб чиқарувчи корхонага заҳматли ишга кириб фарзандларининг илмли, одобли бўлишига барча шарт-шароит ва имкониятларни яратиб берадилар. Ёш Мухторжон шаҳардаги 6-ўрта мактабда таҳсил олади. Юқори синфларда ўқиятганларида Мухторжон ўқитувчилардан бири дарсда қўполлик билан динни инкор этиб ҳақорат қилганига чидайолмаган. Ўқувчи Мухторжон чинни сиёҳдонни ўқитувчига қараб отади. Бу ҳаракат оқибатида уни мактабдан ҳайдайдилар.

Ўтган асрнинг 50 – йилларида мадрасада ўқиш муддати 9 йил эди. Мухторжон домла 4 йил Бухородаги Мир Араб мадрасасида ва беш йил Тошкентдаги Бароқхон мадрасаларида Зиёвуддин қори ибн Эшон Бобохон каби муҳтарам шайхлардан, Изомий домла, Абдулҳамид махсум, Сулаймон қори Ҳамидов, Муҳаммадамин Абдураҳмонов ва Фозилхўжа Содиқхўжаев каби устозлардан сабоқ ва тарбия оладилар. Мадрасани тугатгач, Тошкентда ишга қолдирилиб бир муддат Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасида хизмат қиладилар. Шундан кейин Мухторжон домла Бухорога қайтиб Мир Араб мадрасасига мудир этиб тайинланадилар. Бу ерда тажрибали Абдуллатиф домло билан ҳамкорликда ишлайдилар. Бироз муддатдан кейин Мухторжон домлани омади келиб у кишини хорижга таълим олишга жўнатиш имкони пайдо бўлади. Ўшанда диний идоранинг молиявий аҳволи ночор бўлган, муфтий Зиёвуддинхон жума намозларидан бирида чет элга ўқишга бораётган ватандошларимизни моддий қўллаб қувватлашларини жамоатдан илтимос қиладилар. Бу мурожаатга жавобан барча намозхонлар имкон даражасида ҳиммат кўрсатадилар. Тушган хайрия пуллар ҳисобидан толиби илмларга сифатли кийим-бошлар, пойафзаллар харид қилиб чет элга ўқишга юборилади. Мухторжон домло Суриядаги Дамашқ университетининг шариат факултетида уч йил таҳсил оладилар. Ўқишни муваффақиятли битириб келган ёш олим меҳнат фаолиятини қадрдон Мир Араб мадрасасида давом эттирадилар. Илми ва тажрибаси баланд ва педагагик маҳорати бой бўлган домла динимиз равнақи учун муносиб хизмат қиладилар.  Жумладан, Рамазон ойида Бухоро масжидларида тарових намозларида Қуръони каримни хатм қилиш, марҳумларнинг жанозасини ўқиш тақиқланган бир пайтда у киши имкон даражасида барча диний амалларни тўлиқ бажаришга интиладилар ва бунга эришадилар. Яширинча бўлсада ўз уйларида шогирдларига дину диёнатдан, тасавуфдан қўшимча дарслар ва машғулотлар ўтказадилар. Ушбу мардларча амаллари ҳақида Россиялик машҳур дин пешвоси муфтий Талъат Тожиддин, Бошқирдистонлик машҳур имом Аббос ҳазрат Бибарсов ва москвалик дин арбоби Маҳмуд ҳазрат Велитовларнинг ёрқин хотиралари бор.

Мухторжон домла 1991 йилгача Ислом оламида машҳур бўлган Мир Араб мадрасасида мударрис, бош мударрис ва мудир вазифаларида хизмат қиладилар. У киши сарф, наҳв ва араб тилининг етук билимдони, иқтидорли ўқитувчиси сифатида мадраса домлалари ва толиби илмлари орасида катта ҳурмат-эҳтиромга сазовор устозлардан эдилар. Айниқса, мураккаб ва нозик фан балоғатда ўша даврнинг етук мутахассиси сифатида танилган эдилар. Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, бугунги кундаги Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси муфтий Усмонхон ҳожи Алимов, муфтий ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур, россиялик муфтийлар Талъат Тожиддин, Равил Ғайнуддин, Озарбайжон шайхул исломи Аллоҳшукур Пошшозода, россиялик машҳур дин ва жамоат арбоби Умар ҳазрат Идрисов, марҳум Чеченистон муфтийси ва биринчи президенти Аҳмад ҳожи Қодиров ва ёш иқтидорли имомлардан Азизхўжа Иноятов, Жобиржон Эловлар ҳам  домланинг миннатдор ва иқтидорли шогирдларидирлар. Мухторжон домла араб ва ўзбек тилини мукаммал билишларидан ташқари форс-тожик, рус ва татар тилларини ҳам пухта эгаллаган олим ва ўқитувчи эдилар. У кишининг кўп тилларни ва маданиятларни билиши ўша даврда Ўзбекистонга хорижлардан ва иттифоқдош республикалардан ўқишга келган турли миллат вакиллари учун асқотган эди.

1991-1993 йиллар мобайнида домла Ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд жомъе масжидида имом-хатиб бўладилар. Ўша йилларда устознинг саъй-ҳаракатлари билан Нақшбандия тариқати ривож топиб, улуғ алломанинг 675 йиллик юбилейлари 1993 йил 17 сентябрда Бухорода ва Тошкентда халқаро миқёсда муносиб нишонланади.

Мухторжон домла Абдуллаев 1993-1997 йилларда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси – муфтий лавозимида фаолият юритадилар. Ўз аризаларига биноан муфтийлик лавозимини тарк этганларидан кейин эса умрларининг охиригача ҳазрати Баҳоуддин Нақшбанд масжидида имомлик вазифасини ўтайдилар. Оддий имом бўлиб ишлаётган собиқ муфтийнинг халқ ва шогирдлари, ҳамкасблари, уламолар ва махаллий рахбарлар орасида обрў-эътиборлари ниҳоятда баланд эди.  Қаҳрамонимиз 2002 йилнинг 25-май куни вафот этдилар. Қабрлари Бухоройи шарифнинг ҳазрати Имом қабристонида жойлашган.  Бу улуғ замондошимизни Аллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин, омин…

…1995 йилда Москвада бизнес билан шуғулланиб юрган давримда Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси раиси муфтий Мухторжон домладан расмий хат олдим.  Унда ҳурматли дин арбоби ўз идораларининг расмий қоғозида мен раҳбарлик қилаётган “Русти-Рости” молия–саноат корпорацияси номидан Ўзбекистонга хайрия қилиб юборилган икки фура шакар ва унни шариат тартиби бўйича мусулмонларга адолат билан тарқатганлари ҳақида ҳисобот берган ва Худо йўлига хайр-эҳсонлар қилганлар ҳақига дуолар қилган эдилар.  Хатни олиб жуда хурсанд бўлдим. Сабаби биз Москвадан юртимиздаги ўнлаб университетлар, вазирликлар ва ижтимоий муассасаларни ҳар бирига рус тилида чиққан 400-500 илмий -адабий, ижтимоий – иқтисодий мавзудаги китоб ва дарсликлар жумладан, ўша вақтда юқори талаб бўлган русча-инглизча ва инглизча-русча луғатлар жўнатган эдик. Афсуски, улардан бирортаси ҳам ҳадяларни қабул қилиб олгани ҳақида на ёзма, на оғзаки жавоб бермаган эди.

Мен муфтийга телефонда ўз миннатдорчилигимни билдирдим ва у кишини лутфан Москвага меҳмон бўлиб келишларини сўрадим. Кутилмаганда муфтий жаноблари: “Анвармирзо яқинда мен меҳнат таътилига чиқаман ва Худо ҳохласа таклифингиздан фойдаланиб Москвага сафар қиламан.  Зеро, Россиядаги кўп сонли ўз вақтида мен раҳбарлик қилган Бухоройи шарифдаги Мири Араб мадрасасида ва Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом маҳадида таълим ва тарбия олган севимли шогирдларимни соғиниб қолганман. Афсуски, уларни ҳаёти бу йилларда осон эмасга ўхшайди. Шу сабабдан улар охирги йилларда устозлари зиёратига келишаолмаяпти. Тоғлар пайғамбар Муҳаммад алайҳисаломни олдиларига келаолмаса, Муҳаммад уларни олдига боради, деган нақл бор. Шунга амал қилиб мен шогирдларимни дийдорига тўйиш, оғир кунларида уларга ҳорманглар, қийинчиликлардан қўрқманглар, деб далда бўладиган сўзларимни юзма – юз учрашувларда айтиш учун сафарга чиқишга жазм қилдим. Яна бир ниятим ҳорижларда мардикорлик қилиб юрган кўп сонли йигит-қизларимизга, эркак ва аёлларимизга ҳам дуоларимни етқазишдир”

Муфтий биз яшаётган замонлардаги сўзига амал қиладиган ноёб шахс эканлар. Бироз вақт ўтмай у кишини Москвада кутиб олдик. Ўша вақтлар Ўзбекистон ва Россия давлатлари орасидаги маданий, маърифий, илмий, техникавий ва таълим соҳасидаги бир вақтлар мустахкам ва қимматли алоқалар бирин – кетин аёвсиз узилаётган сиёсат амалга оширалаётган давр эди. Давлат хизматчилари ва жамоат, дин арбоблари, адабиёт аҳлининг Москвага сафар қилиши ва дўстлик алоқаларини тиклашга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлари ва ташаббуслари албатта тез жазога олиб келар эди.  Шундай вазиятда мамлакат муфтийсини Россияга норасмий ташрифини ҳақиқий жасорат деса, муболаға бўлмайди. Бунга фақат эътиқоди баланд Аллоҳга таваккал қилиб келажак йўлида ҳаракат қилувчи комил инсонгина  қодир эди.  Бахтимизга Мухторжон домла айни шундай жасоратли доно ва Худога таваккал қилиб дадил қадам ташлашга қодир шахс эканлар.

Сафарнинг дастлабки тўрт-беш куни давомида Мухторжон домла аввал Россия муфтийлар Кенгаши раиси Равил хазрат Гайнуддин, Москвадаги Историческая масжидининг имом хотиби Маҳмуд хазрат Велитов, кейин Қозон, Уфа, Нижний Новгород, Сибир, Шимолий Кавказ республикаларидан ва бошқа ўлкалардан у кишини кўриш учун махсус учиб келган шогирдлари билан дийдор кўришдилар. Жума куни эса, Москванинг Жоме масжидида Равил хазрат Гайнуддиннинг суюкли устозига хурматини изҳор этиб қилган  илтимосига биноан жума намозида имомлик қилдилар ва амру-маъруф ўтқаздилар. Пойтахт бош масжиди аҳли орасида анча кўпчиликни ташкил этган ўзбек, қирғиз, қозоқ ва тожик муҳожирлари Ўзбекистон муфтийсини ўзбек, татар, рус ва араб тилидаги ваъзлари, амру-маъруфларини кўзларида хурсандчилик, фахру ифтихор ёши билан тингладилар. Зеро, Муфтий жаноблари меҳнат муҳожирлиги ва ҳижрат қилиш Қуръон ва хадисларда фахрий, ҳалол меҳнат деб эътироф этилганини таъкидладилар. Чунки, меҳнат муҳожирлари хорижларда ҳалол хизматлари, оғир мардикорчилик билан топган пулларини муҳтож ота-оналари, аҳли оилаларига мунтазам юбориб турадилар. Шу орқали улар ватанлари иқтисодиётини ҳам қўллаб – қувватлайдилар. “Хориждаги ўғил-қизларим, сизларни Аллоҳ паноҳида асрасин яхши кунлар ва имкониятлар пайдо бўлганда ёруғ юз ва топган бойликларингиз билан Ватанга, оилаларингизга қайтиш насибу муяссар бўлсин” деб, Муфтий дуолар қилдилар. Кейинги жумада Ўзбекистон муфтийси Москванинг Историческая масжидида ҳам имомлик қилдилар, амру-маъруф ўтқаздилар ва меҳнат мухожирлари, Россиядаги тадбиркорлар ҳаққига ҳам Жоме масжидида айтган сўзлари ва дуоларини такрорладилар.  Тўғрисини айтганда ўша замонларда меҳнат муҳожирларини ўз ватанида мамлакат раҳбарлари юмшоқ қилиб айтганда “ялқовлар, қочқинлар, қўпол қилиб айтганда сотқинлар, ватанфурушлар, ватангадолар деб аташар эди”.  Муфтий Мухторжон домла Абдуллаев Ўзбекистон расмий арбоблари ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, дин уламолари орасида биринчи бўлиб уларга “болаларим, миллат қаҳрамонлари, ўз халқини боқувчилари”, деб ҳурмат билан мурожаат қилдилар ва ҳақларига Худо панохида асрасин деб дуолар қилдилар.

Қисқа вақт ичида Москва шаҳрини эркин демократик ҳаёти шароитида, сўз ва виждон эркинлиги муҳитидаги кайфияти баланд инсонлар билан фаол мулоқотлардан илҳомланган Муфтий жаноблари бизнинг уйимизда ўқилган хуфтон намозидан кейинги узоқ давом этган мароқли суҳбатимизда кўнгиллари қаърида оғир тош бўлиб ётган аччиқ ҳақиқатли бир ҳикоятни менга айтишга жазм қилдилар.  “Мен, Миср Араб республикасига президент расмий ташрифи ҳайъати аъзоси бўлганман. Бу воқеа 1994 йилда содир бўлган. Ўшанда, Қоҳира шаҳридаги президент Ҳусни Муборакнинг ҳашаматли саройида Ўзбекистон давлати раҳбари шарафига зиёфат берилди.  Тушдан кейин бошланган маросимда қизғин мулоқотлар, зиёфат дастурхони атрофидаги суҳбат кечқурун шом намози кирган вақтгача давом этди. Маросим тугагач, президентлар бир муддат саройнинг ҳовлисидаги гўзал боғда сайр қилишди, кейин президент ўзига ажратилган қароргоҳга кириб кетди. Унинг орқасидан бошқа ҳайъат аъзолари ҳам бир зумда тарқалиб кетишди. Мен эса боғнинг гўзаллигига маҳлиё бўлиб йўлакда турган эдим. Тўсатдан салобатли автомобил олдимда тўхтаб, орқа эшиги очилди ва унда ўтирган одам “Ҳурматли Муфтий жаноблари машинага марҳамат”, деди ва мен ўзимга келишга улгурмай қўлимдан ушлаб ичкарига тортиб олди. Не кўз билан кўрайки, машинани орқа ўриндиғида президент Ҳусни Муборак ўтирибди. У киши менга “тинч бўлинг, Сиз мени азиз меҳмонимсиз. Ҳозир мени уйимга борамиз, оила – аъзоларимга Худо хохласа, бугун Ўзбекистонни Бухоройи шарифлик муфтисини меҳмон сифатида уйга олиб келаман, деб ният қилган эдим.”  Ўша куннинг туни ва эртаги куннинг наҳори мен учун бир асрга чўзилган шодликлар ва сиру синоатлар куни бўлди. Аввал, президент Ҳусни Муборак Бухоройи шариф, Имом Бухорийга, бошқа Ўзбекистонлик алломаларимизга  юксак ҳурматини, эътирофларини гўзал, доно ва кучли эҳтирослар билан изҳор қилди. Кўп соатли мароқли суҳбатимиз, мулоқотимиз сўнггида у менга жуда ажойиб таклифини айтди. “Жаноби муфтий менда бир фикр – таклиф ва ният бор.  Худо хохласа мен президентингиз билан ҳамкорликда энг яқин вақт ичида Бухоройи шарифда Имом ал Бухорий номидаги халқаро Ислом университетига асос соламиз. Бу аввало, мени ва Миср халқининг муҳтарам шайх ул-раис Имом ал Бухорий шахсига, динимиз олдидаги бебаҳо хизматларига ва ватанига ҳурматимиз ва миннатдорчилигимиз ифодаси бўлади. Шу йўл билан биз ёш мустақил Ўзбекистон давлатини Ислом дунёсининг илму-ирфон марказларидан бири сифатида халқаро обрўсини ошишига ҳам хизмат қиламиз.  Медалнинг – фикримнинг бошқа томони эса теран маънога эга. Бухоройи шарифда Имом ал Бухорий улуғ номларига муносиб йирик 10-15 минг ва ундан ҳам зиёда студент илм ва тарбия оладиган, минглаб олимлар илмий-таъдиқот ишлари олиб борувчи Ислом университети очилиши бизнинг Қоҳирадаги Ал-Азҳар дорилфунунига кучли рақиб пайдо бўлишига олиб келади. Бугун бизнинг миллатимиз ва ислом дунёсининг фахри бўлган Ал-Азҳар университети ўқитувчи-профессорлари ва талабалари жамоаси биз дунёда ягона, тенгсиз ислом университетимиз деган зиёнли фикрларга тўлганлар. Бунга сабаб, узоқ вақтдан буён уларга хақиқатдан ҳам ислом дунёсида рақиб йўқлигидир. Кибр ва калондумоғлик эса, оғир касаллик, менинг фикримча. Бу касалликни енгишни ягона йўли эса уларга муносиб рақиб бўладиган университет яратиш. Фикримча, Бухоройи шариф ва Ўзбекистон замини доимо Оллоҳ мағфирати ила иқтидорли олимлар ва қимматли маданий, илмий ва диний анъаналарга бойлиги туфайли тез вақтда кучли университет яратиш учун етарли ақлий, илмий, маданий ва ташкилий салоҳиятга эгадир.”

Президент Ҳусни Муборак жаноблари билан мароқли суҳбат ва у кишидан чиққан улуғ ғояни амалга ошиши истиқболлари баландлигига фахмим етиши руҳимни шодликдан осмонларга кўтарди. Мен дуога қўл очиб, “Илоҳо, жаноб Миср президенти Ҳусни Муборакнинг Бухоройи шарифни, Ўзбекистонни улуғлайдиган, буюк нияти амалга ошсин. Сизнинг пок ниятли ҳамкорлик ва ҳомийлик таклифингизни Ўзбекистон президенти ва халқи қўллаб – қувватласин” деб, дуолар қилдим.

Эрта тонгда  хайрлашар эканмиз, Ҳусни Муборак жаноблари менга “Жаноби муфтий сиздан илтимосим шуки, бўлиб ўтган суҳбатимиз ва менинг Бухоройи шарифда Халқаро Ислом университети яратиш зарурлиги таклифимни ва бу ишни бажаришга киришилиши билан савобли амаллар учун йиғиб кўйганим шахсий жамғармамдан 45 млн. доллар моддий ёрдам беришга тайёр эканлигимни ҳамкасбимга етқазинг. Айтингки, ҳамкорлигимиз бугунги учрашувда жаноб президентинггизнинг Бухорода Халқаро Ислом университети очилишига бир оғиз “розиман” – деган, сўзидан бошланади. Марҳамат зудлик билан таклифимни президентингизга етказинг.”

Мисрдек, катта давлат раҳбарининг олийжаноб таклифидан хурсандчилигимдан ичимга сиғмас эдим, бошим осмонга етди. Шу хушнуд, кўтаринки кайфиятда ўтган бахтиёр соатларда дунёда мендан бахтли одам йўқ эди. Президентимиз қароргоҳига орзулар қанотида учдим. Омадим келди, у киши боғни айланиб юрган эканлар. Дадил қадамлар ила катта хушхабарни етқазиш ниятида олдиларига бордим. Салом-аликдан кейин раҳбаримизга Ҳусни Муборакнинг таклифини оқизмай-томизмай арз айладим.  Яна ўзимдан Бухорода Халқаро Ислом университети очилса, имом Бухорий, Термизий, Нақшбандия тариқати пиру устозларининг руҳи шод бўлади деб, қўшиб ҳам қўйдим. Таклифга жавоб ва мунособат дарҳол билдирилмади, анча вақт сукутда ўтди. Мен соддадиллик ва яхши гумонда бўлиб президент мени хушхабаримдан жуда хурсанд бўлиб, Миср президенти олийжаноблик билан қилган бебаҳо таклифига фикран чиройли жавоб тайёрламоқда деб ўйлабман. Афсус, адашган эканман. Кўз ўнгимда президентнинг кайфияти бир зумда кескин ўзгарди ва юзи-кўзида шундай бир совуқ, хунук важоҳат пайдо бўлдики, ундан ичимга қўрқув тушди”. “Менга қара муфтий ва гапларимни миянгга қўйиб ол. Овозингни ўчир, қайтиб бирор жойда Ҳусни Муборакнинг таклифини айтиб юрма, жонинг омон қолади. Энди йўқол кўзимдан” деб овози борича бақирди. Президент шу таҳдидли, қўрқинчли, ҳақоратли сўзларни менга – қари муфтийга сансираб бақириб айтди-ю, жаҳл билан мен томон қўлларини силтаб, кескин ўгирилиб қароргоҳи биносига қараб кетди. Мен эса, анча вақт қўрқув ва маънавий изтиробимдан қалт-қалт титраб очиқ ҳавода мунғайиб турдим. Ўшанда лабларимни чеккаларига қўрқувдан учуқлар тошиб кетди… Шу–шу президент таҳдидидан қўрқиб яшайман, муфтийликдан кўнглим совуб, мени ишдан бўшатинглар деб қайта-қайта Диний қўмитага ва президентга мурожаат қилдим. Худо хохласа, яқинда ниятим ижобат бўлади. Ўтган йиллар давомида ушбу аянчли воқеа ва қўрқув таъсирини доим сезиб турдим. Бора–бора ичимдаги тилга чиқмаган ҳадик  – қурқув оғир дардга айланди. Худога шукур, сизга ёрилдим ва анча енгил тортдим. Анвармирзо, яхши замонлар келганда мени ҳикоятимни, бошимга тушган синоатни халқимизга етқазинг. Энг муҳими президент Ҳусни Муборакни бизни юртимизга, халқимизга ва тарихимизга нисбатан холис мухаббати, олийжаноблиги, эзгу ниятини ва сахийлигини халқимиз билсин. Бу менинг сизга ва сиз орқали халқимизга васиятимдир. Мен, Бухоройи шарифда Имом Бухороий номида Халқаро Ислом университети тезроқ очилсин деб ҳар куни дуо қиламан. Сиз мени дуоларимни давом эттиринг.”

Фикримча, бугун, Ўзбекистон Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг янги диний сиёсати туфайли марҳум муфтий Мухторжон домла Абдуллаев орзу қилган ижобий ўзгаришлар жамиятда содир бўлмоқда, диний маърифий соҳаларда йирик халқаро лойиҳаларни, жумладан Ислом динининг ривожланишига улкан ҳисса қўшган Имом Бухорий ватани бўлган Бухоро шахрида Ҳусни Муборак ва Муфтий Мухторжон  Абдуллаевлар ният қилган Халқаро Ислом университети очилиши ғояси амалга ошишига мойиллик замони келди.

Яқинда пойтахтимизда бўлиб ўтган Халқаро Ислом ҳамкорлиги ташкилотининг 27 ислом давлатлари ташқи ишлар вазирлари саммити якуний ҳужжатлари билан танишганимда ўйладим, юксак анжуман қатнашчиларига собиқ Ўзбекистон муфтийси Мухторжон домла Абдуллаевнинг синоатлари хақида ҳикоятлари ва Миср Президенти Ҳусни Муборак билан қилган орзулари, васиятлари етқазилса, саммит иштирокчилари шодлик ила улуғ имомлар ва алломалар ватани бўлган Бухоройи шарифга ва Ўзбекистонга  нисбатан Ислом дунёсининг тарихий адолатли эътирофлари, мунособати тиклансин деб, Бухоройи шарифда имом Муҳаммад Исмоил Бухорий номидаги Халқаро Ислом университети очилсин, деб қарор қабул қилар эдилар. ИншаАллоҳ, бу эзгу лойиҳа Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан яқин вақтларда албатта амалга ошади деб умид қиламиз.

“Анвармирзо хикоятлари”

facebook.com