Ўзбекистонда ижтимоий жиннат давом этмоқда

Ўзбекистонда ижтимоий жиннат давом этмоқда
96 views
18 November 2018 - 23:10

(Фермерлар вилоят ҳокими олдида оммавий қасам ичди)

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Сирдарёлик фермерлар вилоят ҳокими Ғофуржон Мирзаев, вилоят прокуратураси ва ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг вакиллари қаршисида оммавий равишда қасам ичган. “Сирдарё ҳақиқати” газетаси расмий веб сайтининг хабар беришича, фермерлар нопок ишларга қўл урмаслик учун қасамёд келтирган.

16 ноябр куни сайтга жойлаштирилган хабарда айтилишича, оммавий қасам ичиш маросими Гулистон шаҳар ҳокимлиги қаршисидаги “юрт байроғи майдони”да ташкиллаштирилган. Бу ерда вилоят ҳокими қаршисида Боёвут ва Гулистон тумани фермерлари қасамёд қабул қилган.

Фермерларга қасам ичтириш тадбирлари вилоятнинг бошқа туманларида ҳам “ўзгача кўтаринки руҳда” ташкиллаштирилган.

Маълум бўлишича, ҳар бир фермерга нима етиштириш ва неча гектар ерига қарам алоҳида қасамёд матнлари тарқатилган.

Ижтимоий тармоқларга сиздирилган бир қасамёд матнида 30 гектарга буғдой экадиган фермернинг қасамёди акс эттирилган.

Фермер 30 гектар ердан камида 210 тонна ғалла етиштириб беришга қасам ичган. Бу гектарига 70 центнер дегани.

ЎзАга кўра Сирдарё вилояти бўйича 2018 йили 86 минг 500 гектарга ғалла экилган ва давлатга 191 минг 840 тонна дон сотиш режалаштирилган.

Ҳисоб-китоб қилинганда вилоят ҳар бир гектар ердан ўртача 22 центнердан ғалла сотиши керак. Фермерга гектаридан 70 центнер ғаллани сотиш топшириғи нимага асосланиб қўйилгани маълум эмас.

Қасамёд матнида фермер бунча ғаллани етиштириб бериши учун нималар қилиши кераклигини 3 бандда кўрсатилган.

Унда фермер ўқариқ олиши, ғалла майдонини ғўзапоядан тозалаши, минерал ўғитларга хиёнат қилмаслиги ва ғалла майдонини моллардан ҳимоя қилиш учун четан девор билан ўраши кераклиги кўрсатилган.

Матнда фермер кўрсатилган мажбуриятларни бажармаган ҳолатда қонун олдида жавоб беришини маълум қилади.

Ўзбекистон фермерлар кенгашидан масъул 2014 йили Би-би-сига мамлакатда фаолият юритаётган 73 минг фермер хўжалигининг барчаси давлатдан қарздор эканлигини билдирганди.

У Ўзбекистондаги фаолият юритаётган 73 минг ва тугатилиш арафасида турган яна 7 минг фермер хўжалиги қарзга ботганини айтганди.

Сирдарёлик фермерлар ҳокимият вакиллари ва ҳуқуқ тартибот идоралари масъуллари олдида қасамёд келтирган

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда фермерлар ҳуқуқи энг кўп топталадиган соҳалардан бири эканлигини айтишади.

Фермерлар ҳокимият уларга қонун бўйича талаб қўймаслигини айтади.

Фермерларни сўкиш, бевақт мажлисларда ушлаб туриш, гоҳида калтаклаш ва изза қилишнинг бир неча турлари авж олгани айтилади.

Октябр ойининг охирида Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида олти кишини мажбуран сувга туширишда шубҳаланган Ўзбекистон ҳукуматининг юқори даражали мулозими ишдан олинди.

Мирзаев Зойир Тоирович Ўзбекистон Бош вазирининг ўринбосари – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш масалалари комплексининг раҳбари лавозимидан озод этилди.

Кейинчалик у Жиззах вилоятидаги Шароф Рашидов (собиқ Жиззах) ьуманига ҳоким этиб тайинланди.

Ҳукумат кейинги йилларда мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича қатор ҳужжатлар қабул қилинди, зарур чора-тадбирлар кўрилганини айтади.

Бироқ ҳуқуқбонлар жойларда фуқароларнинг ҳуқуқи бузилишда давом этаётганини айтишмоқда.

ЎХҲ ахборот бўлими