Даврон топилмас

Даврон топилмас
58 views
19 November 2018 - 6:00

 

МАХДУМҚУЛИ

     

ДАВРОН ТОПИЛМАС

Дуомга дуч келган, кўкарар гулдек,
Гулнинг мавсумидек даврон топилмас,
Қаҳримнинг оташи куйдирар нордек,
Кул ўрнидан қайтиб бўстон топилмас.

Кўнгил мусофирдир, жисмим юртдадир,
Жоним жўшқиндадир, юрак дарддадир,
Ишқим комилдадир, кўзим марддадир,
Ёлғончидан ҳеч бир мардон топилмас.

Белинг боғла, Яратганнинг амрига,
Машғул бўлма ёлғончининг молига,
Одамзод меҳмондир дунё уйига,
Бир кун уй ичинда меҳмон топилмас.

Ғафлат ичра ғофил бўлма, ҳуш яхши,
Ҳар не берсанг, қўлинг бирлан бер яхши,
Тирикликда тадорикинг, кўр яхши,
Бир кун жасад ичра бу жон топилмас.

Кўнгилларни овла, бадфеъллик ёмон,
Уруш, жанжал билан жон топмас омон,
Айтилмас, насиҳат – ўқилмас, Қуръон,
Мол топилар, адаб-икром топилмас.

Даргоҳга дуом кўп, нолишим беҳад,
Толеим забундир, таним бақувват,
Қочганим кўпликдир, истагим хилват,
Менга ҳеч бир жойда хилват топилмас.

Маҳдумқули, жон тақдира тан берди,
Ҳар ким ўзин туто билса, наф кўрди,
Ҳай, не ёмон зотдир, англамас дардни,
Жоҳиллик дардина дармон топилмас.

*****

Туркманчадан Ислом Холбой ўзбекчалаштирди