Тўрақулов қотилликларининг давоми

Тўрақулов қотилликларининг давоми
86 views
19 November 2018 - 5:00

Ўзбекистон ҳарбий судида иши кўрилаётган Миллий хавфсизлик хизмати подполковниги Нодир Тўрақуловнинг бошқа жиноятлари ҳам ошкор қилинди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Тошкентдаги манбалари.

Уларнинг айтишича, Термиз шаҳри яқинида яна учта қабр топилиб, уларнинг ҳар биридан икки-учтадан аёл кишининг жасади чиқган.

“Бу аёллар республиканинг турли вилоятларидан Н.Тўрақуловнинг оғзаки буюртмасига биноан Термизга келтирилган. Н.Тўрақулов уларни аввал зўрлаб қизлигини олган, кейин эса отиб ўлдирган. Сўнгра ҳайдовчиларига айтиб, Термиз атрофидаги турли жойларга кўмдирган”, – дейди Тошкентдаги манба.

Судда иштирок этган бошқа бир манбанинг хабар беришича, бу қизлар Н.Тўрақуловнинг топшириғига кўра турли вилоятлардаги Тўрақуловга яқин МХХчилар томонидан ўғирлаб олиб келинган.

“Тўрақулов ўзининг бошқа вилоятларидаги ҳамкасбларига чиройли ва бокира қизларни заказ қилиб турган. Қизлар Термизга ўғирлаб олиб келиниб зўрланган ва кейин отиб ўлдирилган. Ўлдирилганларнинг яқинлари қизларини изламасликлари учун Н.Тўрақулов шу қизларнинг номидан ҳар замонда уларнинг уйларига пул юбориб турган. Шундай бўлса ҳам кўпчилик қизларнинг ота-оналари уларни йўқолди деб, қидирувга берган”, дейди иккинчи манба.

ЎХҲ манбаларининг Тошкентдан хабар беришича, Н.Тўрақулов ва унинг ҳайдовчилари қилган жиноятларига иқрор бўлиб, оммавий қабрлар жойларини ўзлари бориб кўрсатишган.

Аммо, шунча даҳшатли жиноятларга қарамай Н.Тўрақулов иши бўйича прокурор унга 16 йил қамоқ жазоси сўрамоқда. Аслида бундай жиноятлар учун Н.Тўрақулов олий жазога лойиқдир.

Нодир Тўрақулов қамоққа олингунга қадар Сурхондарё вилояти МХХ тергов бошқармасида тергов бўлими раҳбари бўлиб ишлаган. У МХХ раисининг собиқ биринчи ўринбосари Шуҳрат Ғуломовнинг ўнг қўли бўлган. Шунингдек, Н. Тўрақулов Ўзбекистон республикаси Давлат Солиқ қўмитасининг собиқ раиси Ботир Парпиевнинг куёвидир.

ЎХҲ ахборот бўлими