Бахшининг ўйлари

Бахшининг ўйлари
71 views
22 November 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

БАХШИНИНГ ЎЙЛАРИ

Баъзан базмларга таклиф қилишар,
Келишмаса савлат тўккан ҳофизлар.
Мен қариб қолганман, яхши билишар
Билишмас — қалбимда навқирон ҳислар.

«Волга» юбормаслар ҳеч вақт мени деб,
Яшасам-да азим шаҳардан четда.
Одамлар қалбига бермоқ учун зеб
Аста йўл оламан велосипедда.

Дилда ловуллаган олов достонлар
Халқим кечмишини қилсин дейман шарҳ.
Менга, азиз куйга зор остоналар,
Лекин гоҳо совуқ қарши олишар.

Эъзозлай олмаса давралар, наҳот,
Қутлуғ бобо мерос эҳтиросимни.
Оғир янгратаман борганим заҳот
Фарзанддек бағримга босиб созимни.

Кўпларга хуш келмас залворли бу куй,
Қисталанг қилишар «Уни, буни чал».
Шўрликлар… шўрликлар билмайдиларки,
Буюртма қўшиқлар созимга ажал.

Гоҳ ногоҳ янгратсам тумтароқ куйлар,
Руҳим кузда гулдек қолади сўлиб.
Нодонлар олқиши шунда туюлар
Менга доноларнинг қарғиши бўлиб.

Майли, кимларгадир бўлмай мен манзур,
Қай бировга, майли, созим ёқмасин.
Достон айтсам фақат тийрак кўзда нур,
Зукко ақлларда қуёш чақнасин.

Шундагина менга кулиб боқиб бахт,
Дилдаги ҳасратни буткул аритар…
Йўқ! Мени ҳеч қачон кексайтирмас вақт,
Фаҳмсиз тингловчи мени қаритар.

* * *

Кетяпсиз ўкинч, зорларсиз,
Кетяпсиз фиғон, ноласиз.
Кетиб бормоқдасиз оҳистагина,
Кетяпсизу, лекин… қоласиз.

Йўқ, тўхтанг демайман. Демай ман: «Қайтинг!»
Ахир Сиз алвидо дедингиз.
Лекин юрагимдан бошқа, қани, айтинг,
Қаерга ҳам борар эдингиз?..