Таржимаи ҳол

Таржимаи ҳол
20 views
26 November 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

   

ТАРЖИМАИ ҲОЛ

Кўринмасдим ҳар ким-ҳар кимга
Мен — саҳарлар уфурган нафас.
Гардсизлигим, тозалигимга
Чексизликлар қиларди ҳавас.

Бир тонг ногоҳ бўлдим мен шабнам,
Сўнг булутга, ёмғирга дўндим.
Майсаларга айландим кам-кам,
Тупроқ бўлиш дардига кўндим.

Минг йилликлар туркум ва туркум
Қорилдилар зулмат, зиёга.
Саодатли қандайдир бир кун
Дарахт бўлиб келдим дунёга.

Ҳаёт бир йўл — сўнгсиз, бетимсол
Минг тирилиб, минг ўлиб чопдим.
Насиб бўлди ноёб бир висол,
Жонзот ўлиб таваллуд топдим.

Қаноатлар, тоқат, сабрлар
Ғилдираги айланди гир-гир
Кечдир неча туман даврлар,
Инсон бўлиб туғилдим, ахир.

Эндигина ором топиб жон,
Етди десам толега хуш гал,
Ҳар тўкисда неча минг нуқсон,
Ҳар тўкисда — неча минг ишкал.

Зулмат тўйди, ютиб зиёни,
Зулматларга зиё ҳам тўйди.
Дийдорига тўйдим дунёнинг,
Дийдоримга дунё ҳам тўйди.

Қўйинг, сўйлаб бўлмай мен нолон,
Сиз ҳам тинглаб бўлмангиз ҳалак.
Шу ўзингиз билган тўполон,
Шу ўзингиз билган чархпалак.

Номард бўлай агар нолисам,
Бошқа тирилмайман, ўлмайман.
Бир қутулсам, бир кетиб олсам,
Дунёга мен бошқа келмайман.

* * *

Шовуллар осмонни елпимоқчидек,
Бир зум ғала-ғовур тинмас қошида.
Тумшуқларин суйкаб, лаҳза турмай тек,
Чумчуқлар чирқиллар унинг бошида.

Гужум мурод қилар: «Турналар қўнса,
Синдирса ҳам майли эди учимни…»
Кўз илғар-илғамас, турналар бўлса,
Юксаклардан ўтар, кўрмай гужумни.