Янги “Усмон Ҳақназаров” ҳукуматдагилар жиноятларини “фош” қилмоқдами?

Янги “Усмон Ҳақназаров” ҳукуматдагилар жиноятларини “фош” қилмоқдами?
50 views
20 November 2018 - 14:40

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Facebook’даги “Ўзбекистонда коррупцияга қарши кураш /Борьба с коррупцией в Узбекистане” саҳифасида Президент Шавкат Мирзиёевга яқин мансабдор ва мансабсиз шахсларнинг гўёки жиноий йўллар билан пул ишлаши ва уюшган жиноий гуруҳлар билан яқин алоқалари ҳақида мақолалар бериб борилмоқда.

“Непотизм” сарлавҳаси остида чоп қилинган мақолаларнинг охиргиси, яъни учинчи қисми остида муаллифнинг исми “Якуб Махмуд” дея кўрсатилган. Бу исм ҳақиқийми ёки тахаллус экани Би-би-сига маълум эмас.

Мазкур мақолалар мазмун жиҳатидан марҳум Президент Ислом Каримов даврида Оқсарой ва ҳукумат даҳлизларидаги драма ва қонунбузарликларни гўёки фош қилган “Усмон Ҳақназаров” ҳикояларини эслатади.

Ўтган йили “Усмон Ҳақназаров” тахаллус экани, ҳамда бу тахаллус ортида бир неча муаллифлар, хусусан журналист Бобомурод Абдуллаев тургани аниқ бўлганди.

Тергов чоғи қийноқларга тутилганини айтган ва конституциявий тизимга тажовуз қилишда айбдор деб топилган Абдуллаев ҳозирда журналистика билан шуғулланмаслигини билдирган. Унинг қийноқларга тутилгани борасида очилиши буюрилган ички тергов ҳақида маълумот ошкор қилинмаяпти.

Непотизм

Янги мақолаларнинг муаллифи ким бўлмасин, баъзи кузатувчиларга кўра, унинг Ўзбекистон президенти ва юқори мансабдор шахсларнинг ҳаёти, ҳамда оилавий ришталари ҳақида анча маълумотга эга экандай таасурот қолдиради.

Би-би-си ушбу мақолаларда келтирилган иддаоларни мустақил манбалардан тасдиқлаш имконига ҳозирча эга эмас.

Непотизм – лотинча уруғ сўзидан олинган бўлиб, қариндош-уруғ ва ошна-оғайничилик алоқаларини биринчи ўринга қўйган холда, камчиликлари ва бошқа хислатларига эътибор бермасдан сиёсатда ёки тадбиркорликда уларга махсус шароит яратиб бериш, қўллаб-қувватлаш, касбларида ва ишларида мансаб поғоналаридан кўтарилиши, бойлик орттиришларида ёрдам беришни англатади.

Муаллиф ёзишича, бу постлардан мақсад “давлат миқёсида содир этилаётган жиноятлар ва ҳукуматдаги оилаларнинг бу жиноятлардаги ролини ошкор этишдир.”

“Ҳурматли ўқувчи, биз яна сизнинг эътиборингизни бир фактга қаратмоқчимиз. У ҳам бўлса, Ўзбекистонда криминалитетнинг ҳукумат идоралари билан анчадан бери, ҳали Каримов даврлариданоқ бир-бири билан уланиб кетаётгани. Каримов бошқаруви даврида саҳнада бўлган шахслар бугун ҳам энг асосий ролларни ўйнашмоқда. Лекин, бугун уларнинг ўзгача мавқеи бор”, – дейилади мақолаларнинг сўнггисида.

“Президент Мирзиёевнинг бошига ўз атрофидагилари етади. У улардан ҳеч воз кечишни хоҳламайди, ёки бизга номаълум бўлган сабабларга кўра, воз кеча олмайди. Афсус. Қандай яхши бошлаганди ишни: ислоҳотлар, ўзгаришлар, инновация, инвестициялар, ва албатта, унинг “каламушлар” ва “ватан хоинлари” ҳақидаги машҳур нутқлари…”, – дея огоҳлантиради муаллиф.

Мақолалардаги иддаоларга кўра, мамлакатдан йирик миқдорда пуллар оффшор ҳисобларига олиб чиқилмоқда ва банклар орқали ювилмоқда.

Бу даъволарга эса мақолаларда аниқ, ҳужжатли далил-исбот келтирилмайди.

Президент Каримов даврида ошиғи олчи бўлганларнинг йирик бизнесларига президент доирасидаги шахслар ва уларнинг яқин шериклари рейдерлик ҳужумларини ўтказиб, капитални ўзаро бўлашишмоқда, дея даъво қилади муаллиф.

Мақолаларда мансабдор оилаларнинг Ўзбекистондаги турли лақабли машҳур мафия бошлиқлари билан ҳамкорликлари ҳам иддао қилинади.

Би-би-си билан номи сир қолишини сўраб суҳбатлашган ўзбекистонлик тадбиркорлардан бирига кўра, вилоятлар миқёсида ҳам Каримов даврида бўлгани каби порахўрлик, қариндош-уруғчилик анъаналари давом этмоқда.

“Четдан қарасангиз ҳозир мол-мулклар қайта тақсимланаётгандай”, дейди у.

Ҳукуматга алоқадор оилалар томонидан тортиб олинаётган, бўлишилаётган ёки ташкил қилинаётган бизнеслар дея электрон тўлов системалари, банклар, дўконлар, туризмни ривожлантириш ҳаракатлари доирасида қурилаётган ва аввалдан амал қилиб келаётган меҳмонхоналар, ресторанлар, автостоянкалар, конлар, заводлар, бозорлар, тунги клублар ва бошқалар тилга олинади.

Муаллифнинг турли манбаларга таяниб даъво қилишича, мафия усулида “крыша” билан таъминлаш, “доля” йиғиш ва ҳатто судсиз жазолаш ҳам ҳукуматга яқин шахслар томонидан олиб борилмоқда.

Мақолаларда Президент Каримов бошчилиги даврида йирик пора билан қўлга тушган ёки ўз лавозимини суиистемол қилиши ортидан жиноий жавобгарликка тортилган шахсларнинг бугунда гўё муҳим лавозимларга қайта тикланганликлари ҳам ёзилади.

Шаффофлик

Коррупция бобида мамлакатлар рўйхатини тузувчи Transparency International ташкилотининг охирги ҳисоботи Ўзбекистон яна коррупция авж олган мамлакатлар ичидан ўрин олган. 180 давлат ичидан 157 ўриндаги Ўзбекистонда, ташкилотга кўра, коррупцияга қарши курашиш механизмлари ишламайди.

Ташкилот Ўзбекистонни “бошқарувдаги элита ёки унга яқин шахсларга фойда келтириш учун халқ захиралари суиистемол қилинувчи олигархик-авторитар давлат” дея тасвирлайди.

Ўзбекистонга инвестиция киритаётгани айтилган оффшор компаниялар бўйича тадқиқот олиб борган таҳлилчи Алишер Илҳомовнинг Би-би-сига айтишича, агар шаффофлик қоидаларига риоя қилинмаса, Ўзбекистонда яна Гулнора Каримованикидек коррупция можаролари юз бериши хавфи катта бўлиб қолади.

ЎХҲ ахборот бўлими