Сирдарёда шифокорлар ҳам қасамёд қилишди

Сирдарёда шифокорлар ҳам қасамёд қилишди
41 views
21 November 2018 - 9:51

Сирдарё вилоятида фермерлар ҳоким ва прокурорлар қаршисида қасамёд қилиши ортидан навбат сирдарёлик шифокорларга келди.

Ижтимоий тармоқда Сирдарёда тиббиёт ходимларининг «қасамёд маросими» тасвирлари тарқалди. Тиббиёт ходимларига «президентга содиқлик ва ножўя ишларни қилмаслик» ҳақидаги қасамёд матни ўқитилган.

«Мен, Ўзбекистон Республикасининг шифокори, Ўзбекистон Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан соғлиқни сақлаш йўналишида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотларни амалиётга татбиқ этиш, аҳолининг тиббий хизмат сифатидан баҳрамандлик даражасини янада ошириш, мавжуд энг замонавий тиббий технологияларни қўллаган ҳолда халқимизга муносиб тиббий хизмат кўрсатишга қасамёд қиламан!», дейилган қасамёд матнида.

Бундан аввалроқ сирдарёлик фермерлар қасамёдидан кейин «Kun.uz»да эълон қилинган «Фермер қасамёд қилиши лозимми?» сарлавҳали мақолада шундай дейилганди: «Шахсни маънан чеклаш, қасамга таяш — маълум ишларга мажбурлаш учун уни маънан тор «хона»га солиб мақсадга эришишга уриниш тоталитар тузумларга хос бўлган одатдир. Қизиғи шундаки, мазкур «чора»лар теппа-тескари натижа беради — чекловлар натижасида ривождан тўхтаган, шахсий сифатларига путур етган кишилардан иборат тизимлар тезда бузилиб, ишламай қолади ва ниҳоят, кенг қамровли бўҳронга юз тутади».

Мазкур ҳолат юзасидан Адлия вазирлиги, Олий мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ва бошқа тегишли идора ва масъул шахслар изоҳини кутиб қоламиз.

Манба: kun.uz