Яшил паспорт

Яшил паспорт
35 views
21 November 2018 - 14:12

ЯШИЛ ПАСПОРТ

Телевидения орқали ва бошқа жойларда «Қулликка рози бўлманг!»каби эълонларни кўрсам жаҳлим чиқади. Отангдан қолган эски аравада такси қилай десанг “фалон ташкилотдан литцензия ол”, сомса-нон ёпиб сотай десанг, “СЕСдан рухсат ол”, бирор кичикроқ бизнесни бошлашга ният, солиқчини оғзини мойлашга ниятдан бошланади. Мардикорчилик қилиш ҳам мана энди ножоиз! Чет элдан харидоргир нимадир олиб келай десанг, ҳамма нарса банд, монополия. Кейин ноилож, билетга қарз-қурс қилиб, чопонни елкага ташлаб ҳорижга кетасан. Қани энди у ерда ҳам осон бўлса.

Туркияга биринчи маротаба борганимда, аеропортда паспортимни қўлимда кўтариб борарканман «polis» чақириб паспортимни қўлимдан тортиб олди. Минглаб одамлар орасида ўнтача, бизни яшил паспортни танлаб олиб сўроқ хонасига икки кишидан киришимизни тайинлади. Навбатим келиб кирдим:

– Исминг нима?
– Абдуқодир. Ёзилганку паспортда.
– Нега келдинг?
– Бизнесга.
– Қачон кетасан?
– Якшанба куни.
– Қанча пулинг бор?
– ….
– Телефонингни бер. Ичида нималар бор. (Телефонимни узатдим)
– Очиб бер кодини.
– Код йўқ, очвур – десам,
телефонимни очмасдан қайтариб берди.

Кейин ёнимдаги болани сўроқга тутди:

– Исминг нима? (Ман билан кирган йигит турк тилини умуман тушунмас экан. Оз-моз қарашиб турдим. (Эслатма!* Бирор мамлакат полицияси сизни ушлаб сўроқ қилса, сиз у давлат тилини билмасангиз таржимон талаб қилишга тўлиқ ҳақлисиз) Бундан полициянинг ғазаби келди)

– Алишер.
– Нега келдинг?
– Айланишга.
– Қанча пулинг бор?
– Пулим йўқ.
– Пулсиз қатти айланасан?
– Танишим бор Станбулда.
– Ким?
– Ўртоғим.
– Нима иш қилади?
– Меҳмонхонада ишлиди.
– Қачон қайтасан?
– Билмадим.
– Ишлагани келдинми?
– Йўқ.
– Депорт!

Бир хонадонга меҳмон бўлиб ёки юмуш билан борсангизда ўша хонадон эгаси эшикни юзингизга зарб билан ёпиб эшик ортидан “қайтиб келма, йўқоол!”, деб бақирса. Роса “ёқимли” бўлади а?!
Бу манзара ватандошларимиз ила ҳар бир давлатда ҳар куни содир бўлади. Қулликка, фоҳишаликка ва иш излаб, одам савдосига илиниб қанча юртдошларимиз ҳорижларда сарсон-саргардон.

Эллик ёшга тўлган эркак ғайридин бўлган бойни боғидаги пиво идишларини супуриб юришга орзуманд деб ўйлисизми?!

Онамиз тенги онахон, ўлимини пойлаб ётган бетарбия кампирни таглигини алмаштириш учун яшадиларми?!

Фарзандларини ўқитиш, едириш, кийдириш учун энг оғир меҳнатларни, энг оғир шароитларда қилиб бод, қанд в.к касаллар билан касалланиб, бегона тупроқлардан қўним топаётганлар-чи?!

Бу инсонларнинг ҳимояси кимнинг зиммасида?

Зангори экранда қайта-қайта таъкидланадиган ва паспортимиз орқасида кўрга ҳассадек қилиб ёзиб қўйилган эслатмалар кимлар учун?! Баъзида ўйлаб қоламан: “манимча амалдорларимиз паспортларининг муқоваси бошқа рангда бўлса керак”, деб.

Шу каби мавзуларда бир ҳангома ёдимга келади:

Хуллас ерни сув босиб, қуруқлик деярли қолмабди. Энг сўнги қуруқликда энг сўнги тайёра ва кўплаб одамлар туришганмиш. Тайёра командири саволларга жавоб беролганларнигина учоқ бортига қабул қилишини айтиб савол беришни бошлабди:

“5×5 нечи бўлади?”. “25” деб жавоб берган биринчи гуруҳ учоқдан жой олибди.
“75×75”, деб иккинчи гуруҳга савол берилибди.
“5625”. Улар ҳам чиқишибди.
Навбат кейинги гуруҳга:
95×83÷56+1281(×16)-1555=?
Учинчи гуруҳ сардори бироз ўйланиб туриб, “Ундан кўра санлага жой йўқ деб қўйларинг”, деган экан.

Охирги борганимда яна ўша «рейд»га кўзим тушди. Дарҳол, кўзга ташланиб турадиган яшил паспортимни яширдим…

Абдуқодир Муҳаммадрасул

facebook.com