RFE/RL: «Озодлик» мухбири уйининг мусодара қилиниши – сиëсий ўч олишдир!

RFE/RL: «Озодлик» мухбири уйининг мусодара қилиниши – сиëсий ўч олишдир!
57 views
22 November 2018 - 9:25

Шу йилнинг 23 ноябрида маъмурий ишлар бўйича Урганч туман суди журналистлар уйини мусодара қилингани юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқади.

Маҳкама олдидан «Озод Европа ва Озодлик радиоси» (RFERL) нинг Вашингтондаги қароргоҳи баëнот чиқариб, «Озодлик» журналисти Шуҳрат Бобожоновга тегишли Урганч туманидаги ховлининг мусодара қилинишини “Журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқ сиëсий ўч олиш” деб атади. Айни баëнотда «Озодлик» мухбирининг журналистик фаолият билан шуғулланадиган икки укаси, Ғайрат ва Қудрат Бобожоновларга тегишли уйлар ҳам мусодара қилингани қораланади.

Журналистларнинг уйларини мусодара қилиш қарори қабул қилинган 2018 йил февралидаги маҳкама жараëнини ўрганиб чиққан Тошкентдаги “Симай” адвокатлик идораси ҳуқушуносларига кўра, жараëнда суд процессуал нормалари бузилган, уй эгалари судда қатнаштирилмаган ва ëлғон гувоҳликлардан фойдаланилган. Суд қарори эса олти ой ўтиб, шу йилнинг 27 август куни уй эгаларига берилган.

Шуҳрат Бобожоновнинг уйи

Қарор чиқарган ҳоким муовини пора билан ушланган

Уйни мусодара қилиш ташаббуси билан Урганч туман ҳокими Бекзод Абдримов судга мурожат қилган.

Ҳорижда яшаётган журналистларнинг Урганчдаги мулкларини тортиб олиш иддаоларини ўрганаркан, «Элтуз» нашри Урганч туман ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари 29 яшар Бекзод Абдримовнинг шу йилнинг 1 июлида пора устида қўлга олингани ҳақидаги фактларга дуч келди.

Абдримов жорий йилнинг 10 июнида бировнинг уй жойини бошқа бировга б. 5 млн сўм пора эвазига расмийлаштираëтган пайтида ДХХ тарафидан ушланиб, иши судга оширилган. Туман ҳокими эса ишда йўл қўйган камчиликлари учун ишдан олинган эди.

Хоразм вилоят ТВ орқали 6 июлда узатилган кўрсатувда, вилоят Хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси томонидан Бекзод Абдримовнинг 5 миллион сўм пора олган пайтида ушлангани айтилади.

Аниқланишича, туман ҳокими ўринбосари бу пулни Урганч туманида жойлашган 5 сотихли томорқа ерига эгалик ҳуқуқини берувчи туман ҳокимининг қарорини чиқариб бериш учун олган.

Б. Абдримовга нисбатан Жиноят Кодексининг 210 моддасига мувофиқ жиноий иш қўзғатилган.

Бекзод Абдримов Фуқароларнинг мулкка эгалик қилиш масалаларини кўриб чиқиш комиссияси раиси ҳам бўлган.

Ғайрат Бобожонов

«Юртимизни ёмонлаганлар уйини тортиб оламиз!»

Айни масала юзасидан кассация аризаси берганларга маҳаллий ҳокимият тарафидан босим ўтказилган. “Бизга юқоридан топшириқ бор. Юртимизни ëмонлаган журналистларни уйини тортиб оламиз” деб айтишган.

Урганч туман ҳокимлиги давосига кўра, суд Қудрат ва Ғайрат Бобожоновларга тегишли турар жой, ер участкаларини «эгасиз қолдирилган» дея ҳал қилув қарори чиқарган.

«Бу уйда менинг ўғлим оиласи билан туради. Лекин суд қарори чиққанидан олти ой ўтиб бизга ижро варақасини жўнатишаяпти», дейди шу мулк эгаларидан бири, Урганчда яшаётган Ғайрат Бобожонов.

Унга берилган Урганч туман судьяси Ў. Машарипов имзолаган Ижро варақасида «Қоровул қишлоғи, «Шодлик» маҳалласи, «Зиёкор» кўчаси 14-уйда жойлашган турар жой эгасиз деб топилсин ва Урганч туман ҳокимлиги балансига ўтказилсин», деб ёзилган.

Шунга икки томчи сув каби ўхшаш ҳужжат Шуҳрат Бобожонов номига ҳам келган. Унинг ҳам Урганч туманида икки қаватли уйи бор эди. Ҳокимлик қарорида ёзилганидек қаровсиз эмас эди.

МХХнинг сўнгги зарбасими?

«Элтуз» мухбири суҳбатлашган «Арбоблар» МФЙ фаолига кўра, шу йилнинг бошида МХХнинг Хоразм вилояти ходимлари маҳалла раиси Б. Бекбергановга тазйиқ кўрсатиб судда Бобожоновларга қарши ëлғон маълумот беришга мажбурланган.

«Элтуз» нашри журналисти Қудрат Бобожоннинг фикрича, ҳокимиятнинг бу ҳаракатлари унинг, журналист акаси ва укаларининг журналистик фаолияти билан боғлиқ.

Қудрат Бобожон, «Элтуз» нашри журналисти 

«Чунки айнан бизнинг нашримизда, ўтган даврлардан фарқли кейинги бир неча йил ичида кўплаб МХХ зобитларининг кирдикорлари фош этилди. Тўғри, Каримов даврида ҳам бизни газеталарда қоралашган, ҳусусий телевидениямизни ёпиб, сўз эркинлигидан маҳрум қилиш уринишган, номимизни бадном қилишга ҳаракат қилиб келишган, лекин ҳеч бир мулозим уйимизни тортиб олиш даражасигача бормаган эди», дейди Қудрат Бобожонов.

2005 йил Андижон воқеаларини ёритганлиги сабаб таъқибга учраган журналист Қудрат Бобожон мамлакатни тарк этиб Швецияда яшай бошлаган, бугунги кунда унинг фарзандлари ва набиралари Урганчда яшамоқда. Унинг акаси, «Озодлик» радиоси журналисти Шуҳрат Бобожон эса Урганчдаги ҳусусий «Эй Эл Си» телеканали тугатилганидан кейин, 2001 йили мамлакатни тарк этганди.

«Онангиз ўғиллари учун кечирим сўрасин!»

Бобожоновларнинг онаси 75 яшар Шукуржон Мадраҳимова яшайдиган Урганч туманидаги уйга 2017 йилнинг 18 апрелида бир нечта нотаниш аёллар ҳужум уюштиришганди.

Бобожоновларнинг онаси Шукуржон Мадраҳимова

Хонадонга бостириб кирган аёллар унинг ўғилларини “Ватан хоинлари” дея, куракда турмайдиган сўзлар билан хақорат қилишган, яқинларига қўнғироқ қилмоқчи бўлганида телефонини тортиб олиб, ерга улоқтиришганди.

Ғалати томони шундаки, воқеа содир бўлган заҳоти участка милицияси ходими билан яна ўша халқ орасида «Бакварган қассоб» дея танилган Урганч туман арбоблар маҳалласи раиси кириб келган.
Онасига қилинган ҳужумдан милицияга шикоят аризаси ёзмоқчи бўлган бобожоновларнинг синглиси Барнони бу ҳаракатдан тўхтатиб:

«Ундан кўра, онангиз кечирим сўрасин ўғилларининг қилмиши учун!» деган эди у ўшанда.

Милиция Мадраҳимова аризасини қабул қилмагач, уни республика президенти Шавкат Мирзиёевнинг виртуал қабулхонасига йўллашган.

Бобожоновларга тегишли мулкнинг эгасизлиги ҳақидаги суд ҳужжатлари, қарор ва ижро варақаларининг атай, олти ойлик шикоят муддати ўтганидан кейин олти ой ўтиб очиқланиши, бу ҳаракатларда сиёсий мотивдан кўра, кўпроқ шахсий манфаатлар ҳам яширинганлигини кўрсатади.

Сиёсий қарашлари учун шахсларнинг мулкини тортиб олиш холати, ҳатто Ўзбекистон учун ҳам кам учрайдиган ҳодисадир. Ака ука Бобожоновлар, масалани ҳуқуқий тартибда ҳал қилиш учун адвокатга мурожаат этишган эди.

Манба: Eltuz.com