Нодир Тўрақулов “метанқуяр”ни 5 минг сўмга “сотиб” олган

Нодир Тўрақулов “метанқуяр”ни 5 минг сўмга “сотиб” олган
85 views
23 November 2018 - 9:25

Ўзбекистон ҳарбий судида иши кўрилаётган МХХ подполковниги Нодир Тўрақулов Термиздаги бир метанқуяр станциясини атиги 5 минг ўзбек сўмига “сотиб” олгани ошкор этилди, – дея хабар қилади Ўзбекистон Халқ Ҳаракати (ЎХҲ)нинг Тошкентдаги манбалари.

Уларнинг айтишича, ўша метанқуяр мижозларининг ва даромадининг кўплиги сабабли МХХ подполковниги Нодир Тўрақуловнинг (ўша пайтда Сурхондарё вилоят МХХ Бошқармасида тергов бўлими бошлиғининг) кўзига тушиб қолади.

“Метанқуяр эгаси А.Т. исмли шахс илгари Нодир Тўрақуловнинг хизматларини қилиб юрганлиги учунми, Тўрақулов уни қамаб кейин талаш йўлини эмас, “дипломатик” йўлни танлаган. Тўрақулов тадбиркор А.Т.ни ҳузурига чақириб: “Заправканг менга ёқиб қолди. Сотиб олмоқчиман. Қанча берай?” – деб сўраган. Тадбиркор: “Нодир ака, рози бўлиб, қанча берсангиз – бераверинг” – деган. Шунда Нодир Тўрақулов: “Мана заправкангнинг пули” – деб, чўнтагидан беш минг сўм чиқариб берган” – дейди Тошкентдаги манба.

Унинг айтишича, ўртача нарҳи таҳминан 200 минг доллар турадиган метанқуяр эгаси, норози бўлиш бефойдалигини ва хатарлилигини билиб, ўз мулкини Тўрақуловнинг хотини номига расмийлаштириб беришга мажбур бўлган.

Судда иштирок қилган бошқа манбаларнинг айтишича, Нодир Тўрақулов Сурхондарё вилоят МХХ Бошқармасида Тергов бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган пайтда кўзга кўринган тадбиркорларнинг мулкини тадбиркорларни қамаш ва қийнаш йўллари билан ҳам олиб қўйган. “Унинг қароқчилигидан шикоят қилиб, терговга ариза берган кишилар сони 300 кишидан ортади” – ЎХҲ манбаси.

Ўзбекистон ҳарий судида иши кўрилаётган Нодир Тўрақулов шунча жиноятга қўл ўрган бўлишига қарамасдан, прокурор МХХ подполковнигини атиги 16 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган.

Нодир Тўрақулов Ўзбекистон Солиқ қўмитасининг собиқ раҳбари Ботир Парпиевнинг куёвидир.

 ЎХҲ ахборот бўлими