Журналист Бобожоновлар иши бўйича суд номаълум кунга қолдирилди

Журналист Бобожоновлар иши бўйича суд номаълум кунга қолдирилди
45 views
23 November 2018 - 15:38

Урганч тумани маъмурий ишлар суди 23 ноябрга белгиланган журналист Бобожоновларнинг давоси бўйича суд мажлисини номаълум муддатга қолдирди.

Бобожоновларнинг адвокати Умид Давлетовга кўра, иш биринчи инстанцияга, уйларни мусодара қилиш ҳақида қарор чиқарган судья У. Машариповнинг ўзига қайтарилиши муносабати билан қолдирилган.

Урганч суди 19 ноябрь куни журналистларнинг уйи мусодара қилингани юзасидан шикоят аризасини кўриб чиқишни 23 ноябрга белгилаган эди.

Бироқ 23 ноябрь эрталаб судга етиб борган Ғайрат Бобожоновга суд котибаси мажлиснинг номаълум муддатга қолдирилганини, ўзлари бу ҳақда билдиришларини айтишган.

«Энди судья Машарипов ишни қабул қилиб олиб, ўрганиб чиқиб, кунини ўзи белгилаши керак. Шундан кейин чақирув қоғози юборади. Унгача суднинг кунини билмаймиз» деди адвокат Давлетов «Элтуз» мухбирига.

Суддан бир кун аввал «Озод Европа – Озодлик радиоси» (RFERL) нинг Вашингтондаги қароргоҳи маъмурияти бу амалнинг журналистлардан ўч олиниши эканини билдириб баëнот чиқарган, унинг нусхаси Ўзбекистон Бош прокуратурасига жўнатилган эди.

Айни баëнотда «Озодлик» мухбирининг журналистик фаолият билан шуғулланадиган икки укаси – Ғайрат ва Қудрат Бобожоновларга тегишли уйларнинг ҳам мусодара қилингани қораланади.

Шунингдек адвокат Давлетовнинг «Элтуз»га билдиришича, процессуал қонунларнинг бузилиши уй эгаларини судда қатнаштирмасдан ва ëлғон гувоҳликлардан фойдаланиб уйларни тортиб олиш тўғрисида судга ариза киритган Урганч туман ҳокими Отабек Бекжоновнинг ҳаракатларида кўзга ташланади.

Уйлари асоссиз тортиб олинаётган Бобожоновларни ҳимоя қилиш юзасидан ҳозирда Тошкентдаги «Симай» адвокатлик идораси ҳуқуқшунослари иш олиб бормоқда.

Манба: Eltuz.com