“Боғлоғлик ит овга ярамайди”…

“Боғлоғлик ит овга ярамайди”…
34 views
24 November 2018 - 11:28

“БОҒЛОҒЛИК ИТ ОВГА ЯРАМАЙДИ”…

Мен ростанам шу ўзимизнинг ўзбекларданам оқил одамлар бормикин-а бу ёруғ оламда деб ўйлаб қоламан гоҳида.
Шунақнаги топиб гапирадики, ростанам айрим сўз ва ибораларнинг ўзга тилларда таржимаси йўғ-а?!
“Боғлоғлик ит овга ярамайди”….
Ва ҳоказо…

Мақол ва ибораларимиз шу қадар пурмаъно ва залворлики…

Ҳа, халқимиз ниҳоятда зеҳниятли, ақилли…..

Аммо мен ҳар гал бир гапни такрорлашни хуш кўраман: шахснинг, инсоннинг кимлиги ундаги ақлнинг миқдори билан ўлчанмайди. Бу менимча. Шахснинг қандай эканлиги, кимлиги, нимага қодирлиги ўша ўзидаги ақл-заковатни қандай мақсадга сарфлаши билан белгиланади.

Инсон ақилли ва ҳатто ўта ақилли бўлиши мумкин. Бироқ киши ўзидаги ўша мисилсиз заковатни эзгуликка эмас, ёвузликка сарфласа, ундан башариятга нима наф?

Ўзингиз ўйлаб қўринг, қай бир ақиллининг ихтиро қилган дориси таракан қиради!

Бошқа бир оқилнинг ихтироси одамнинг уруғига ўт қўяди…

Йў-ўўўқ, бу билан мен халқимиз ўзидаги ақлни, фаҳму фаросатни эзгуликка сарфламаяпти демоқчи эмасман.

Демоқчи бўлганим, халқимизнинг онги ғиж-ғиж ақил.

Бироқ!

Бироқ менга алам қиладигани, нима учун халқимиз ўзидаги ўша ақлу заковатни, фаҳму фаросатни ҲЕЧАМ ИШЛАТМАЯПТИ!

Гуё ишлатса, камайиб қоладигандек, халқимиз ўзидаги ақлни сарфламаяпти-ку!

Инкор қилмоқчи эмасман, халқимизнинг айрим вакиллари ўзидаги салоҳиятни, заковатни жудаа-ааа ишлатгилари келиб қолса, нари борса нуқул макр-ҳийлага, алдам қалдамнинг минг битта йўлини ўйлаб топишга, ихтиро қилишига сарфлайдилар холос…

Балки адашаётгандирман….

Бу менинг фикрим. Эҳтимол, сиз қўшилмассиз…

Аммо хозир гап бу ҳақда эмас…

Гап мақолнинг мазмунида эди: “Боғлоғлик ит овга ярамайди”….

Ҳа, мен ЎзМТРКда “боғлоғлик ит” бўлолмагандим.

Сиробимни тўғрилаб қўйишди…

Ўшандан буён номим “қора рўйхат”ларда…

ЎзМТРКда чиқиш ҳам таъқиқланган шекилли, яқинда биттаси келиб “24-каналданман, интервью беринг” деб қолди.

Мен “Йўқ, интервью бера олмайман” дедим. Аммо сабабини айтмадим.

Журналист йигит “Сиз яхши гапираркансиз, бошқалари гапира олишмаяпти. Келинг, ўзингиз интервью бера қолинг” деди.

Кўп таранг қилиб ўтирмадим…

Мен ўзимни таништирмасданоқ мавжуд муаммо ҳақида куйиб-пишиб кетдим: “Президентимизнинг «2017 — 2021 йилларда кўп хонадонли уй-жой фондини сақлаш ва ундан фойдаланиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори айрим амалдорларга пул ювишда қўл келиб қолди. Президент қарорини дастак қилиб олган айрим масъул мансабдор шахслар орқа-олдига қарамасдан ширкатларга кредит ажратиб, нақдлаштириб, ўмариб кетишмоқда….”

Шунда қорин қўйган мухбир йигит (очиғи, исмини сўраб олгандим, хотирамда сақлаб қола олмадим) мени шартта тўхтатди-да: “Сиз менга қаранг, опа, Президентни қўшмасдан гапиринг!” дея силтаб ташлади.

Мийиғимда жилмайиб қўйдим.

Негаки, бу менга қанчалар таниш манзара!

Мен сал кам 21 йил шу соҳанинг нонини еганман ахир!

У ҳақ эди.

Очиғи, ҳам журналист, ҳам шахс сифатида бўларгаям-бўлмасгаям Президент номини рўкач қилишларини ўзимнинг ҳам жиним суймасди…

Аммо биздаги ҳолат бу – бошқа масала эди.

Ростанам Шавкат Миромонович имзолаган қарорнинг “кредитлаш” қисмидан кейин еб кетди-ичиб кетдилар болалаб кетди. Президент фармонини ҳаётга акс тадбиқ қилиш авжига чиқди.

Шу сабаб мазкур мавзуга алоқадор Президент қарорини қўшмасам, бўлмасди…

Бироқ мен ҳамкасбимга эътироз билдириб ўтирмадим.

“Хўп бўлади” дедиму, итоаткорлик билан 24-канал тележурналистининг амрига бўйсуниб қўя қолдим…

Сўзимни тугатганимдан кейин тележурналист мендан исм-шарифимни сўради.

Мен айтдим: …..

Шундагина тележурналистнинг кўзи “ярқ” этиб очилиб кетди.

Кейин микрафонини йиғиштираркан, секингина деди: “Биздаям худди сизнинг исм-шарифингизга ўхшаган опа бўларди бир пайтлари….”

Мен унинг гапини тугатишини кутиб ўтирмадим. Шартда сўзини бўлдим-да, ўзим давом эттирдим: “Ҳа, адашмадингиз. Мен ўша сиз айтаётган Эшонқуловаман! ЎзМТРКда шов-шув кўтариши ортидан шарманда қилинган ва ишдан ҳайдашган Малоҳатман” дедим….

“Э-эээ, опа, у ҳолда сиздан бекорга интервьтю олибмиз. Сиз эфирга чиқиши таъқиқланганлар рўйхатида эмасмисиз мабодо? Бераолмасак нима бўлади? Майли, келинг, ҳар эҳтимолга қарши бошқа бировданам интервью олиб қўяйлик” деди…

“Қора рўйхатда бўлишим мумкин”, деб кулиб қўйдим.

Яна бошқа 2 кишидан интервью олинди… Ва яна тасвирлар….

Қизиғи шундаки, аза-база 8 уй учун ажратилган кредит маблағларининг ўзлаштириб кетилиши ортидан абгор аҳволга тушиб қолишига оид танқидий лавҳа қилиш иштиёқида келган журналист мана, орадан 2 ой ўтди ҳамки, нафақат мени, балки бутун бир муаммони 24-каналга мутлақо олиб чиқмади.

Ўшандан билдимки, мен “қора рўйхат”да эмас эканман!

Мен “ТИМ ҚОРА рўйхат”да эканман!…

Йўқ, аммо ҳозир гап бу ҳақида ҳам эмас.

Ҳасратим мутлақо бошқа бир мавзуда.

Куни кеча Фейсбокок саҳифасида Анвар Абдулланинг ушбу изоҳини ўқиб қолдим: “Ё Аллох, энди Мамадали Махмудов интервью беряпти! Хозир ақлдан озаман. Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон, Набижон Боқий, Зариф Султани, Санжарали Имомов, Bobomurod Abdulla, Anvar Nazir, Малоҳат Эшанқулова”….

Бу билан Анвар Абдулла нима демоқчи эканлигини у қадар тушуна олмадим: Эндиги навбат Эшонқулова кабиларга демоқчи бўлдиларми, ёки Малоҳатниям эфирга беришди демоқчи бўлдиларми…. Ё бу гапларини бизга етказмоқчи бўлдиларми… хуллас, тушуна олмасам-да, Анвар Абдулланинг ўша сўзлари туртки бўлиб, кеча ўзим гувоҳи бўлган ҳолатимни қаламга олишимга тўғри келди: Мамадали Маҳмудов ТВда бўй кўрсатибди –қувондим, Шукрулло домла ТВда гапирибдилар –севиндим…

Куни кеча, 22 ноябрь куни “Севимли” (Шунақа канал борлигини энди билибман. Негаки, 2013 йилдан буён – яъни суд ижрочилари телевезоримни мусодара қилиб кетганларидан буён ойнаижаҳон кўрмасдим) каналининг “Замон” дастурида мени кўрсатишганда, очиғи ниҳоятда таъбим хира бўлди.

Малохат Эшанкулова paylaştı: 23 Kasım 2018 Cuma

Эҳтимол, тележурналист бўлмаганимда бу ҳолатга у қадар эътибор бермаган бўлардим.

Аммо…

Гоҳида зукколик ҳам кишига зарар…

Касбим сирини билиб қолганим учун қийналдим.

Биласизми, нимадан?

Ўша лавҳани тайёрлаган журналист ва монтаж устаси мени деб овора бўлиб қолганидан ниҳоятда ҳижолат бўлдим…

Ўзим билмаган ҳолда ҳамкасбларимни қийнаб қўйибман.

Бу ҳолат лавҳа кадрларида шундоққина сезилиб қолибди.

21 ноябр куни пойтахтимизнинг нуфузли меҳмонхоналаридан бирида бўлиб ўтган “”Предварительный итоги мониторинга третьей стороной 2018 года” деб номланган Халқаро анжуманга таклиф этилган эдим.

Мен ҳам “тим қора” рўйхатда эканлигимни унутиб, олд қаторлардан бирига ўтириб олибман.

Мени эфирда кўрсатиш таъқиқланган-у!

Қиёфам кўриниб кетса, фалокат рўй беради!

Мен кўриниб қолган кадрларни кўрсатиш мутлақо мумкин эмас!

Бироқ, одатдагидек, тасвирчи танбаллик қилган: ниҳоятда кам кадр –тасвир олган. Телеоператор олган тасвирлар журналистнинг матнини – “озвучка”сини “ёпиш”га етмай қолган.

Чунки бор кадрлар ҳам “фойдаланишга ярамайди” – негаки, олд қаторда мен ўтирибман!

Ахир мени кўрсатишлари мумкинмасу!

Энди нима қилиш керак!

Монтаж устаси ҳалак!

(Тахминимча, раҳбариятнинг “просмотр”идан кейин, ўша лавҳани шўрликлар “перемонтаж” қилишган: мен кўриниб қолган тасвриларни ёпиш учун!)

Натижада нима бўлган?!

Кадр етишмовчилиги ортидан монтаж устаси менинг тик туриб орқа ўгириб, залга қараб гапираётган ҳолатимни бир эмас, икки маротаба қайта эфирга беришга мажбур бўлган!

Нега орқа ўгрилиб турган ҳолатимни?

Негаки, орқа томондан олинган тасвирда кўринган ўша аёлнинг мен эканлигимни – айнан Эшонқулова эканлигини таниб бўлмас эди-да!

Қанчалар маҳорат!

Ва яна бир кадрда кўрсатгич бармоғимни тишлаб турган ҳолатимни қўйишга мажбур бўлишибди!

Бу тасвирда ҳам қўлим билан юзимни ярим тўсиб қолганим уларнинг – монтаж устасининг жонига аро кирибдики, ярим тўсилган юздан Эшонқулова эканлигини англаб бўлмайди.

Қанчалар салоҳият!!!!

Эҳҳ-е, “фалончани тасвирини беркит!” деган бўйруқ бўлган кезларида, бунингдек таъқиқдаги шахсларнинг қанчасини юзини элдан яшириш учун соатлаб монтаж қилиб, эсимиз кетган ахир!

Ооо, тележурналист ҳамкасблар!

Сиз бу лавҳангиз ортидаги сиру синоатни, азобу машаққатни эҳтимол ўзгалардан яширишингиз мумкиндир!

Аммо фақат мендан – мутахассисдан эмас!…

Очиғи, мен у тадбирда тележурналистлар ҳам бўлишини билмагандим….

Эҳ, камкасбларимга монтажда бу қадар азоб беришимни билганимда эди!

Орқада кўзга ташланмай ўтирган бўлардим!

Гоҳида ўзимга ўзим савол бераман: мен хавфли одамманми? Наҳотки мен шунчалар хатарлиман?!

Мен-а? Шу кичиккина жуссали ожиза-я?!

Бутун бир бошли сестема менгинага қарши ишлаётганига ишонгинг келмайди!

Ахир мен душман эмасман-ку!

Шу элнинг боласиман!

Шу заминда менинг ҳам зурриёдларим унмоқда! Отам, онам, аждодларим мана шу юрт тупрогида макон топган…
Наҳотки мен жигарларимга ёмонлик истасам?

Хатар эмаслигимга қандай ишонтиришим мумкин?

Нима дейишга ҳам ҳайронман!

“Боғлоғлик ит” бўлганимда, “овга ярамаганимда” хатарли бўлмасмидим?….

Малоҳат Эшонқулова

facebook.com