Бор йўғи 3 дақиқада 30 йиллик азобларим барҳам топди….

Бор йўғи 3 дақиқада 30 йиллик азобларим барҳам топди….
67 views
26 November 2018 - 10:52

БОР ЙЎҒИ 3 ДАҚИҚАДА 30 ЙИЛЛИК АЗОБЛАРИМ БАРҲАМ ТОПДИ….

Дейл Карнегини бундан бир неча йиллар илгари ўқигандим. У “Ҳеч қачон орзуларим ушалмай қолади деган шубҳали ўйга борманг, қўрқувга тушманг” деган ғояни олға суради. “Ҳамиша ўз ўйлаган орзуларингизни “Албатта, ушалади” дея ишонинг ва ўзингизни худди орзуларингиз рўёбини кўргандек ҳис қилинг” дея таъкидлайди…..

Сиз масалан, “Мен машина оламан” дея ҳавас қилиш билан чекланиб қолманг, йўқ, тасаввур қилинг, сиз аллақачонлар машина харид қилгансиз. “Мен машинада ўтирибман, газни босиб қайси манзил томон йўл олсам экан” деб ўйланг дея ўқтиради у.
Карнеги фалсафаларини ўқирканман, ўшандаёқ адибнинг бу гаплар мен учун у қадар янгиликдек туюлмаганди.
Чунки Дейл Карнеги фикрларига ўйғун фалсафа, адашмасам, бизда минг йиллардан бери бор: мана, масалан, ота-боболаримизнинг “Яхши ният – ёрти мол”, “Яхши ниятга ҳам, ёмон ниятга ҳам фаришталар омин дейди”, “Тиласанг, бутун тила” дея мухтасаргина қилиб айтган ўгитларига минг йиллар бўлгандир-ов, адашмасам…. Ва яна ўзбекда “ҳар банданинг ниятига яраша беради” ҳам дейишади….

Демоқчи бўлганим, ҳар қандай ҳолатда ҳам тонгги шабнамдек тоза юрак билан имкон қадар атрофдагиларга яхшилик қилишга уринишингиз ва ўзингиз ҳам ҳамиша яхшилик кутиб яшашингиз, яхшилик эртами-кечки албатта қайтишига умид қилишингиз, ишонишингиз керак экан.

Мен шундай қилдим.
Виждонимга қраши бирорта бир иш қилмадим.
Имкон қадар, қўлимдан келгунча, одамларга эзгулик истадим ва яхшилик қилишга уриндим.

Куни кеча одамларга қилган эзгу истакларим ўзимга яхшилик бўлиб қайтди.

Хабарингиз бор, 2018 йилнинг 8 ноябрь куни мен Тошкент вилоятининг Зангиота туманидан доимий рўйхатдан чиқиб, Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманига доимий рўйхатдан ўтишга боргандим ва масъул мансабдорлар менинг фуқаролик паспортимни қонунга зид равишта олиб қолишган эди.
9 ноябрь куни Самарқанд туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими бошлиғининг ноқонуний ҳаракати тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонасига шикоят қилгандим…

Ой хам охир бўлиб бормоқда.
Энди Самарқандга бораман-да фуқаролик паспортимни доимий рўйхатга қўйдириб, қайтариб олиб келишнинг пайида бўламан деб режа қилиб тургандим…

Кутилмаганда қўнғироқ бўлиб қолди: “Эшонқуловамисиз? Сиз Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилганмидингиз?”
– Ҳа…
– Шу масалада бир келиб-кета оласизми?
– Албатта.
Оёғимни қўлимга олиб етиб бордим.
Бинодаги хоналардан бирига бошлаб киришди… Ҳеч ким йўқ. Кутиб туринг дейшиди. Адашмасам, 15-20 дақиқа кутиб қолдим…
Кутиб ўтирибману, “Энди шу ердан чиқмайман-ов… Эҳ, телефоним кириш эшигида қолиб кетди. Қизимга телефон қилиб қўйсам бўларкан…” деган ваҳимали ўй ўтди кўнглимдан. “Кўнгил душман”да дердилар онам раҳматлик…

Бор йўғи 3 дақиқа!

Атиги 3 дақиқа-я?!

Уч дақиқада 30 йилдан бери мени қайнаб келаётган муаммо бирданига ҳал бўлди-қўйди.

Гапни узоқ чўзиб ўтиришга ҳеч кимнинг ортиқча вақти йўқ.
Юрак ютиб бир нарса дейишга эса менда журъат.

Сўралди:
– Нима бўлди ўзи?
– Буни тарихи жуда узоқ?..
– Паспортингизни олиб қолишаётганларида маълумотнома беришмадими?
– Йўқ.
– Сиздан ИИБ тизими ходимларининг хатоси учун узр сўраймиз. Аслида улар бундай йўл тутмасликлари керак эди. Қаерга доимий рўйхатдан ўтмоқчисиз?
– Самарқанд туманига….
– Нега Тошкент шаҳрига эмас?
– Прописка тўғрисидаги қонун йўл қўймайди бунга… Олдинам мурожаат қилиб “отказ” олганман.
– Қонун йўл қўяди доимий пропискага қўйишингизга. Агар қонун изин берса, рўйхатга қўйишга манзил борми?
-Ҳа, қизим, қуёвим, набирам билан яшайман…
-Бу масала ҳал. Яна нима муаммо?
– Қизимга ҳам 5 йилдирки чиқиш визаси берилмаяпти, судлашиб юрибмиз…
– Қизингиз қайси мамлактада бўлган?
– Ҳеч қаерда?
– Ҳал бўладиган масала у…. Истасангиз ҳозироқ Чилонзор туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига бориб, доимий рўйхатга қўйишингиз мумкин. Агар куёвингиз уйига сизни доимий рўйхатга қўйишни истаса, албатта. Кейин қизингизни виза масаласи қонуний ҳал бўлади…
– Раҳмат.
– Яна нима муаммо?
– Бўлди. Раҳмат, Худога шукур, бошқа муаммом йўқ…
– Сиз шошилманг, ўйлаб кўринг, мавриди келганида муаммоларингиз бўлса, тортинмай айтаверинг….
– Раҳмат… Йўқ…
– Яхши… Яна нима хизмат?
– Раҳмат, бошқа хизмат йўқ….

Бўлди, тамом! Бори шу!

Очиғи, ниҳоятда кў-ўўўп муаммоларни тўкиб солмоқчи эдим… Аммо “узоқ ўйни ўйлаб, тубсиз дарё бўйлашга” тўғри келди… Тил суяксиз, сўйлайверади, сўрайверади киши… Лекин… “Камбағални сийласанг, чориғи билан тўрга чиқади” деган хаёлга боришмасин дея истеъҳола қилдим… Ва яна Пушкиннинг “Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак” асарини эсладим…. Шакарниям ози ширин-да. Ношукурлиги сабаб алал-оқибат “қаршисида тешик тоғора” билан қолган кампирнинг ҳолига тушиб қолмай яна деб қўрқдим… Тилимни тишладим….

Одатдагидек, ҳамма расмий ҳужжатлар ўзим билан эди. Тўғри ОВИРга йўл олдим ва куёвимни паспорти билан чақритирдим….
Бор йўғи 4 ярим минг сўм билан Тошкент шаҳрига доимий рўйхатдан ўтдим.
Ўша куннинг ўзидаёқ қизимнинг ҳорижга чиқишига рухсатнома берилиши масаласи кўриб чиқилди ва ижобий ҳал қилинди.
Паспортимни қўлимга оларканман, кўзим ёшланди. “Шунчалар оддий ва осон экан-ку? Шунинг учун 30 йил обгор юрдимми? Уч дақиқалик иш экан-ку?! Эй, Худо, ўзингга шукур….
Биз 2000 йиллларда 2 та ҳамкасб эдик. Битта 2 хонали уйнинг пулига ҳамкасбим Тошкент шаҳрига доимий рўйхатдан ўтган эди ўшанда. Мен эса, “доимий прописка”га пул сарфлаганим билан 2 та болам билан қаерда яшайман? Менга “прописка” эмас, беминнат бошпана керак” деган ўйда уй олишга қарор қлигандим.
Кейинчалик қонуний йўл билан доимий пропискага эришаман деб ўйлагандим. ЎзМТРК раис ўрнибосари Баҳром Утановдан доимий пропискага қўйиш учун расмий хат олиб, “комиссия”га ҳужжат ҳам тақдим этганман ва олти ой кутганман ҳам. Аммо рад жавобини олгандим…
Бирорта бир яхши амалим Худога ёқди шекилли-да, давлат раҳбарининг эътиборига тушдим….
Бир пайтлар “Худога минг карра шукур!” десак, раҳматлик онам танбеҳ берардилар. “Шукронанинг саноғи бўмласлиги керак, “Яратганга беҳисоб шукур” денглар” дердилар…
Яратганга беҳисоб шукур….
Президентнинг виртуал қабулхонаси ишламайди, мурожаатларни нуқул қуйига, ўз манзилига қайтарарди дердим.

Президентнинг ўзи виртуал қабулхонага йўлланган минглаб мурожаатларни ўқиш учун вақт топишига ишонмасдим….
Айни кунларда мамлакатимизда ҳамма нарса мен ўйлагандек эмаслигига ўзимнинг ҳаётим мисолида гувоҳ бўлдим…

Бир эмас, икки муаммомнинг ижобий ечим топишига Ўзбекистон Республикаси Виртуал қабулхонасига қилган мурожаатим сабаб бўлди…

Бунинг учун мамлакат раҳбарига миннаддорчилик билдирмасам, ношукурлик бўлса керак, кўзимга ҳам зиён қилса керак….

Менингдек муроса нима билмайдиган қишлоқнинг тўпори аёли арзини эшитгани ва мушкулини осон қилиб берганлиги учун Шавкат Миромоновичдан чексиз миннаддорман.

Биламан, мен каби қанчадан-қанча халқимизнинг жабирдийда кишилари мамлакат раҳбаридан марҳамат кутиб интиқ ўтирибди…

Яратганим, бошига ташвиш тушган, иш тушган барча ҳамюртларимизнинг ҳам тез кунларда мушкулларини осон, ҳожатларини равон, муродларини ҳосил қилишингни ёлвориб сўрайман Сендан!

Юртимизда ўзгаришлар шамоли чинданам эсаётгани барчамизга муборак бўлсин!

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналитс ва ҳуқуқбон

facebook.com