Гулноранинг «чўнтаги» музейлардан ўғирлаб пуллаган санъат асарлари

Гулноранинг «чўнтаги» музейлардан ўғирлаб пуллаган санъат асарлари
21 views
29 November 2018 - 5:00

2009 йилнинг августида дизайнер, шоира, қўшиқчи, дипломат ва “Ўзбекистон маликаси” сифатида довруғ қозонган Гулнора Каримова дунёга машҳур россиялик кутюрьелардан бирини Тошкентда меҳмон қилди.

Икки кун давом этган айш-ишрат ва тўкин-сочин меҳмондорчилик сўнгида Гулнора Каримова юксак мода дизайнерига Туркистон авангард йўналиши асосчиларидан бири Александр Волковнинг нодир асарларидан бирини ҳадя қилди.

Қиймати 1 миллион доллардан ортиқ турадиган бу санъат дурдонасини Гулнора Каримовага унинг “чўнтаги” сифатида танилган Журъат Мелиқулов етказиб берганди.

Гулнора Каримовага яқин бўлган шахснинг “Элтуз”га маълум қилишича, меҳмоннинг ҳайрат билан: “бу шедеврни қаердан олдингиз?” деган саволига “Ўзбекистон маликаси” қисқа қилиб, “ўзбекларда бир мақол бор: мевасини егину боғини суриштирма,” дея жавоб қайтарган.

Юксак мартабали меҳмон бугун ҳам асарнинг Нукусдаги Игорь Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат санъат музейидан ўғирлаб чиқилганини билмаса керак.

Бу сир ўзбек халқи учун ҳозир ҳам ёпиқ қолмоқда.

“Чўнтак”дан Гулнорага

“Элтуз” 16 мартда Ўзбекистон собиқ президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг “чўнтаги” сифатида танилган шахс – Журъат Мелиқулов қамоқдан бутунлай озод этилиш арафасида тургани ҳақида мақола чоп этган эди.

Журъат Мелиқулов ҳақидаги фильмни мана шу ерда томоша қилинг

Мазкур фильм Мелиқулов ва яна беш нафар шахс устидан олиб борилган 1-472/2014 рақамли жиноят иши хулосалари асосида ишланган.

Журъат Мелиқулов 2012-2013 йиллар оралиғида Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидан 100 миллион АҚШ долларидан кўпроқ маблағни ўзлаштиришда айбдор деб топилиб, 2014 йилнинг 20 августида Тошкент шаҳри суди томонидан 15 йилга озодликдан маҳрум этилганди.

Суд хулосасига кўра, Журъат Мелиқулов ФНПЗда масъул вазифаларни бажарган беш киши билан бирга “жиноий тил бириктирган ва ўз вазифаларини суистеъмол қилган ҳолда… ФНПЗ пул маблағларини тизимли тарзда ўмариш, пора олиш, Ўзбекистон иқтисодий манфаатларига зид равишда битимлар тузиш ва йирик миқдордаги солиқлардан бўйин товлаш билан шуғулланган”.

Аммо Журъат Мелиқуловнинг бошқа бир кирдикори – Ўзбекистондаги турли музейларидан ўғирланган картиналар асосан унинг қўлидан ўтгани суд назаридан четда қолганди.

Музейлардан “чўнтак”ка

Гулнора Каримова яқинларидан бирининг эслашича, ФНПЗда масъул вазифасини эгаллашидан олдин Журъат Мелиқулов Ўзбекистондаги антиқа жиҳозлар олиб сотарлари ичида ном чиқаришга улгурганди.

“Журъат икки юз йиллик тақинчоғу Николайнинг сўлкавой тангаларидан тортиб, чинни идишлару гиламларгача сотарди. Айниқса, қимматбаҳо картиналарни музейлардан ўзлаштириш бўйича унга етадигани йўқ эди. Қўқон, Нукус, Тошкент ва Ангрендаги ўнлаб асарларни арзон гаровга сотиб олар, асл расмларни сохталарига алмаштириб, музейга қатарарди ва шу билан жиноятни хаспўшлагандек бўларди,” – дейди у.

Журъат Мелиқуловни яқиндан таниган рассомлардан бирига кўра, ишбилармон давлат музейларидан картиналарни танлаш ва уларни сохталари билан алмаштиришда рассом божасининг хизматларидан фойдаланарди.

“Журъатнинг яхшигина рассом божаси бор. У доимо музейлардаги қиммат картиналарни танлашда Журъатга ёрдам берарди. Журъат арзон гаровга олган картиналарнинг копияларини ҳам шу божаси чизиб берарди,” дейди рассом.

Унинг айтишича, Журъат Мелиқулов нафақат ўзи хизмат қилган Гулнора Каримова ва Рустам Мадумаров, балки Ўзбекистонга келадиган хорижий дипломату ишбилармонларни ҳам картиналар билан таъминлаганини айтади.

“Картиналарни Гулнора Каримова ва унинг эри Рустам Мадумаровга шундай совға қилса, хорижий сайёҳлару дипломатларга мўмай нархда пулларди. Расмлар кўпинча ўн минглаб ва юзлаб минг ва ҳаттоки миллионлаб долларга чиқиб кетарди,”дейди у.

“Чўнтак” ҳимоячиси – МХХ генерали

2015 йилнинг 28 августида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати Қорақалпоқ Давлат санъат музейида мутахасислар текширув ўтказгани ва музейда 581 миллион 625 минг сўмлик 5 картина йўқлиги аниқлангани, бунинг ортидан Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати жиноят иши очгани хабар қилинди.

Мазкур ҳолат мутахасислар текшируви, жумладан, ультрафиолет нурларини қўллаш орқали анализ қилиш востасида аниқланганди.

Мутахасислар музейда сақланаётган 85 минг экспонатдан 800 картинани текшириши натижасида юқорида тилга олинган 5 асарнинг музейда йўқлиги ошкор бўлди.

Бу картиналарнинг умумий қиймати бир миллион доллардан кўпроқни ташқил қилади.

Бундан ташқари Ангрен галереясида Виктор Уфимцев қаламига мансуб кўплаб асарларнинг асл нусхалари йўқлиги маълум қилинди.

Ўзбекистон Давлат санъат музейида эса 278 картинанинг асли эмас, нусхалари сақланаётгани аниқланди.

Бу картиналарнинг умумий қиймати ўнлаб миллион долларни ташкил қилганди.

Ўнлаб картина ўғрилари устидан жиноят иши қўзғатилди.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яккасарой тумани суди Ўзбекистон давлат санъат музейи бош муҳофизи Мирфайз Усмоновни 9 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилди.

Музей бош мухофизи қамалишидан олдин Ўзбекистон Давлат санъат музейи хазинасидан ўнга яқин картина ўғирланиб, ўрнига қалбаки нусхалари қўйилгани суд пайтида ўз исботини топди.

Бош муҳофиз Мирфайз Усмонов музейнинг бошқа ходими – реставратор Абдураҳмон Мурановга картиналарнинг қалбаки нусхасини чиздириб, оригинал нусхани сотиб юборган.

Шу тариқа Александр Николаевнинг “Рисунок мальчика”, “Девушка с фруктами”, Оганес Татевосьяннинг “Чайхана”, “Бухара”, “Море”, Николай Караханнинг “Девушки у хауза”, Рихард-Карл Зоммернинг “Мост через горную реку”, “Шашличная” картиналари пулланган.

Расмий ҳужжатларда, Оганес Татевосьяннинг – “Бухара” (Дорога на Ургут), “На рыбалке” ва Николай Караханнинг “Чойхона” асари, шунингдек, Зоммернинг – “Девушки у хауза”, “Шашлычная” ва “Мост через реку” асари, Рассом Александр Николаевнинг – “Девушка с фруктами” ва бошқа асарлари алмаштириб қўйилгани айтилади.

Аммо жазога тортилганлар орасида, Ўзбекистон халқ рассоми айтмоқчи, “картиналарнинг энг катта ўғриси”, Гулнора Каримованинг “чўнтак”и Журъат Мелиқулов йўқ эди.

Тергов ишида қатнашган МХХ ходимининг “Элтуз”га айтишича, жазодан қутилиб қолишига Ўзбекистондаги ўша даврнинг энг қудратли шахсларидан бири, Ўзбекистон МХХ бошлиғининг ўринбосари, генерал Шуҳрат Ғуломов сабаб бўлганди.

Кейинчалик, орадан уч йил ўтиб, Шуҳрат Ғуломовнинг ўзи ҳам қамоққа олингач, унинг уйидан Ўзбекистон давлат музейидан ғойиб бўлган қимматбаҳо иккита картина топилганди.

“Бу расмларни Шуҳрат Ғуломовга Журъат Мелиқулов жазодан қутилиб қолиш учун ҳадя этилганини ҳозир ҳам жуда кам одам билади,” дейди МХХ ходими.

Рустам Аҳмедов
“Элтуз”нинг Тошкентдаги мухбири