1 январдан ОВИР стикери бериш тўхтатилади

1 январдан ОВИР стикери бериш тўхтатилади
57 views
30 November 2018 - 19:57

Би-Би-Си радиосининг хабар беришича, Ўзбекистонда 2019 йилнинг 1 январидан хорижга чиқиш ҳуқуқини тақдим этувчи ОВИР стикери бериш тўхтатилади.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бошлиғи Баҳодир Усмонов маълум қилган.

Кун. уз нашрининг ИИВ мулозимидан иқтибос келтиришича, президент фармонига асосан 2019 йил 1 январидан фуқароларга хорижга чиқиш паспорти берила бошланади. “Фуқаролар ўзларининг амалдаги биометрик паспортлари билан 2021 йил 1 январгача ОВИР-стикер талаб қилинмайдиган мамлакатларга чиқа олишади. Илгари расмийлаштирилган стикер муддати ўтмаган бўлса, шу давр ичида ўша паспорт эгаси ОВИР талаб қилинадиган хорижий давлатларга ҳам чиқиши мумкин бўлади”, – дея Баҳодир Усмоновнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда Кун. уз нашри.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини чет элга чиқиш паспортини жорий этиш тўғрисида”ги ПФ-5156-сонли Фармони 2017 йил 16 августида эълон қилинганди.

Орадан бир неча ҳафта ўтиб, Ню-Йоркдаги БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлаган Шавкат Мирзиёев чиқиш визасини “ўтмиш сарқити” деб атаган.

“Хорижга чиқиш визалари сингари умрини мутлақо ўтаб бўлган ўтмиш қолдиқлари бекор қилинди”, деб айтган Президент БМТ минбаридан қилган нутқида.

Инсон ҳақлари ташкилотлари Ўзбекистонда совет давридан буён амал қилиб келган чиқиш визасини фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш ҳуқуқини чекловчи Конституцияга зид акт, дея қоралаб келганлар.

Уларга кўра, ҳукумат чиқиш визасидан ўзгача фикрдаги инсонларнинг ҳаракатланишини чеклашда фойдаланиб келган.

ЎХҲ ахборот бўлими