Давлатназар ким? Безори пянистами ё фидои журналистми?

Давлатназар ким? Безори пянистами ё фидои журналистми?
31 views
30 November 2018 - 20:54

ДАВЛАТНАЗАР КИМ? БЕЗОРИ ПЯНИСТАМИ Ё ФИДОИ ЖУРНАЛИСТМИ?

Мен Давлатназар Рўзметовни яқиндан билмасдим. Унинг танқидчи журналист экани ҳақида эшитган ва ўзи билан бир марта қўл бериб саломлашган эдим.

Ҳибсга олинган куни унинг яқин дўсти Болтабой Матқурбоновга қўнғироқ қилдим. Болтабой ака воқеа тафсилотларини сўзлар экан, Давлатназарнинг “аттанг, биргина айбим – бир-икки пиёла ичганим” дея афсусланганини ачиниш билан айтди.

Биз вазиятни таҳлил этиб, Давлатназарнинг йиғилишга ичиб борганини қаттиқ қораладик. Бироқ уни туҳмат балосидан асрашга, оғир дамда ёлғиз ташлаб қўймасликка аҳд қилдик.

Кейинги воқеалар ривожини баён қилиб ўтирмайман, қизиққанлар интернетдан билиб олар, мен фақат инсонга хос энг зарур хислат – принцип ҳақида гапирмоқчиман. Давлатназар бошиданоқ дўстига айтган “бир-икки пиёла ичганим рост” деган сўзини расмий-норасмий ҳамма жойда айбини тан олиб айта олди.

Унинг 29 ноябрь кунги аппеляция судидаги сўзларини тинглаб, бор гапни рўй-рост гапираётганига амин бўлдим. Кўрсатмаларида бир-бирига зид жиҳатлар учрамади. Унга қарши тўпланган ҳужжатларда эса гапи бир жойдан чиққан икки кишини топиш қийин. Ўн киши ўн хил кўрсатма беради, бироқ ҳаммаларининг ниятлари бир хил – журналистни қоралаш.

Аммо, улар Давлатназарни “фош” қиламан деб, ўзларининг туҳматчи эканликларини кулгули тарзда фош қилибдилар. Ишонмаганлар ҳужжатлар билан танишишлари мумкин. Мен суд жараёнида қатнашган гувоҳ сифатида шу нарсага амин бўлдимки, Давлатназар ҳокимият, суд, прокуратура, ички ишлар идораларининг ушбу можарога аралашган (бошқалари эмас) вакиллари қаршисида ичган ҳолида ҳам фариштага айланиб қолаверади.

Тўғри, назокат билан гапиришни хуш кўрувчи баъзи аёл журналистларимизнинг кўзига унинг дангаллиги дағаллик бўлиб кўриниши мумкин. Бироқ, куч ишлатар тизими ходимларининг унга қилган қўполлиги олдида унинг тўпорилиги ҳалимлик касб этаверади.

Давлатназарнинг биз билган-билмаган айбу нуқсонлари кўп бўлиши табиий. Менинг фикрим унинг ҳаёти ёки журналистик фаолиятига берилган баҳо эмас, айни мазкур воқеа юзасидан чиқарган хулосам эканлигини эътибордан соқит қилмаслигингизни ўтинаман. Ниятим холислиги сабаб, эт қизувинда тилимга келганини қайтармадим. Кимнингдир кўнглига малол келгулик гап айтган бўлсам, узр. Ичмаган ҳолимда ҳам ичган Давлатназардан гуноҳлари кам бўлмаган бир банда эсам-да, ушбу масалани ойдинлаштириш учун ҳакамлик қилишга мажбур бўлдим.

Ердаги расмий ҳакамлар қандай қарор чиқаришидан қаъий назар, уларга нафратимизни сочмайлик, аксинча қўлини дўстона сиқиб, бор айбини юзига самимий айтайлик. Бордию тан олмасалар улардан хафа бўлиш ўринсиз, чунки тепамизда ҳақиқий Ҳакам ҳаммасини кўриб билиб турибди.

*
Суд тугагандан кейин Давлатназар билан илк бор ва узоқ суҳбатлашдик. Журналист суҳбат давомида Мирзиёев бошлаган ислоҳотларнинг тўхтаб қолмаслиги учун ўзини аямайдиган касбдошлари жуда камлиги, бунинг устига халқимизнинг лоқайдлик ботқоғидан чиқа олмаётганидан куюниб гапирди ва жамиятимиздаги иллатларни фош қилишга қатъий бел боғлаганини, бу йўлдан асло қайтмаяжагини айтди.

Маҳмуд Ражаб.
30 ноябрь 2018 йил.