Шайтон оловдан яратилган бўлса дўзаҳда қандай азобланади?

Шайтон оловдан яратилган бўлса дўзаҳда қандай азобланади?
118 views
02 December 2018 - 13:04

ШАЙТОН ОЛОВДАН ЯРАТИЛГАН БЎЛСА ДЎЗАҲДА ҚАНДАЙ АЗОБЛАНАДИ?

Хорижий давлатда узоқ муддат таълим олиб қайтган йигит ўзининг диндор ота-онасидан унинг 3 та саволига жавоб бера оладиган диний олим ёки бирор мутахассис топиб беришларини сўради. Ниҳоят, ота-онаси бир мусулмон олимни топишга муваффақ бўлишди…

Йигит:

– Сиз кимсиз? Менинг саволларимга жавоб бера оласизми?

Олим:

– Мен Аллоҳ Субҳонаҳу ва Таолонинг бандаларидан бириман. Иншоаллоҳ, сенинг саволларингга жавоб беришга қодирман.

Йигит:

– Ростдан-а? Кўпгина профессорлар ва мутахассислар менинг саволларимга жавоб топишдан ожиз қолган эдилар.

Олим:

– Мен Аллоҳнинг тавфиқи ила имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Йигит:

– Менинг учта саволим бор. Булар қуйидагилар:

1. Аллоҳ мавжудми? Шундай бўлса, менга Унинг шаклини кўрсатинг.

2. Тақдир нимадир?

3. Агар шайтон оловдан яратилган бўлса, нима учун охир оқибат у ўзи каби ўтдан иборат бўлган жаҳаннамга улоқтирилади? Шайтон ва жаҳаннам ўтдан яратилгани сабабли шайтон бундан заррача озор топмайди-ку! Шу ҳақда Аллоҳ ўйламаганми?

Саволлар тугар экан, олим киши бирдан рўпарасидаги йигитнинг юзига қаттиқ тарсаки тортиб юборди.

Кутилмаган зарба аламидан йигит ўзини йўқотаёзди.

– Нима учун мендан ғазабланаяпсиз?

– Мен ғазабланаётганим йўқ. Бу тарсаки сенинг уч саволингга бўлган жавобдир.

– Сизни тушунмадим.

– Менинг шапалоғимдан сўнг нимани ҳис этдинг?

– Албатта оғриқни ҳис қилдим.

– Демак, оғриқнинг борлигига ишонасан, шундайми?

– Албатта.

– У ҳолда менга оғриқнинг шаклини кўрсат-чи!

– Қандай қилиб? Бунга қодир эмасман-ку.

Шунда олим йигитчага бундай деди:

– Бу менинг биринчи жавобимдир: биз ҳаммамиз Аллоҳнинг шаклини кўришга қодир бўлолмасак-да, Унинг борлигини ҳис этамиз…

Олим сўзида давом этди:

– Ўтган кеча менинг сенга тарсаки тортишимни хаёлингга келтирганмидинг?

Йигит:

– Йўқ.

Олим:

– Қачондир мен сенга бугун тарсаки тортишим ҳақида ўйлаганмидинг?

Йигит:

– Йўқ.

Олим:

– Мана шу тақдир бўлади!

Яна олим деди:

– Сенга шапалоқ туширган қўлим нимадан яратилган?

Йигит:

– Теридан.

Олим:

– Юзинг-чи? У нимадан яратилган?

Йигит:

– У ҳам теридан яратилган.

Олим:

– Юзингга тарсаки туширганимдан сўнг нимани ҳис этдинг?

Йигит:

Оғриқни.

Шунда олим деди:

– Шайтон ва жаҳаннам ҳам оловдан яратилган бўлса-да, Аллоҳнинг хоҳиши билан жаҳаннам шайтон учун ниҳоятда азобли жой бўлади.

Карим Бахриев

facebook.com