Энди

Энди
63 views
12 December 2018 - 6:00

Матназар АБДУЛҲАКИМ

ТАНЛАНГАН АСАРЛАР
1 – жилд

“ҚОР ҚЎШИҒИ” КИТОБИДАН

   

ЭНДИ

Масрур кишнамаслар сени кўрганда,
Сени йўлатмаслар ёнига яқин.
Тулпорлар сендан юз ўгирди буткул,
Тулпорларки — шамол, тулпорлар — чақин.

Улар эъзозларди сени бир вақтлар,
Сени буркар эди учқур бир шонга.
Бир сиғса қўшиққа сиғарди улар,
Бир сиғса сиғарди улар осмонга.

Олов кўзларига кўзбоғич боғлаб,
Оёғин тушовлаб эътиқодларнинг,
Сен бугун бозорга солдинг уларни,
Жойи бозормиди, оҳ, у отларнинг.

Энди довул билан басма-бас
Елган бахтларингдан умидингни уз…
Юз ўтирса майли сулув дилдори,
Йигитдан тулпори ўгирмасин юз.

Тулпорлар осмонга учиб кетдилар
Қуёшга айтай деб ўкинч, розларни…
Улар нафратланар асп жаллоблардан,
Улар севадилар чавандозларни.

* * *

Юрагим симчироқ… симчироқ…
Жонингдан, жоним, жон уланган.
Бу мўъжиза чироқ, бу тилсим чироқ
Кўксимни тўлдирди шуълангга.

Сим-сиёҳ атрофим чарақлаб,
Чекинди оқшомнинг зулмати.
Ёришмади фақат овлоқлар,
Фақатгина зулмат кулмади.

Мангу нурафшон бўл!.. Сенинг-да,
Ҳаётинг ёғдуга қорилсин.
Паймонам тўлса, сен узилма,
Майлига — юрагим ёрилсин.